Дарахтлар барвақт куртакламаслиги учун нима қилиш керак?

Республикамизда жорий йил қиш нисбатан илиқ ва қуруқ келмоқда. Боғ-токзорларда тупроқда намлик етарли даражада бўлмаслиги дарахтларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, жанубий вилоятлардаги боғларда данакли мевазорларда дарахтларнинг куртаклари эрта ҳаракатга келишининг олдини олиш учун боғ-токзорларга февраль ойи мобайнида бир-икки марта яхоб суви бериш зарур.

Бунда ҳар бир гектар боғга 1500–2000 м3, токзорларда 1200–1500 м3 миқдорида сув сарфланиб, 4–5 давомида суғориш керак. Яхоб суви билан берилган боғ ва токзорларда дарахт ва токларнинг асосий илдизлари жойлашган қисмлари 2 м чуқурликкача тўлиқ намланади ҳамда дарахтларда куртакларнинг қўзғалиши бироз кечикади.

Ҳосилли боғлардан ҳар йили муттасил мўл ҳосил олишга қаратилган агротехник тадбирлардан бири – бу дарахтларга тўғри шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишларидир. Ушбу тадбирлар ҳаво ҳарорати +5 оС дан юқори бўлганда бажарилади.

Олма, нок, беҳи, ўрик, гилос, олхўри, йирик мевали олча дарахтларига шакл беришда асосан сийраклашган ярусли, шафтоли ҳамда ўрта ўсувчи пайвандтагга уланган гилос навларига косасимон шакл берилади. Олдин шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишлари уруғ мевали боғларидан (олма, нок, беҳи) бошланиб, улардан сўнг данак мевали боғларда давом эттирилади.

Олмазорларда ҳосилга кира бошлаган дарахтларни 6–15 ёшгача шох-шаббаси сийраклаштирилади. Бир-бирига ҳалақит берадиган, шох-шаббани қоронғилаштирадиган барча новдалар олиб ташланади.

Дарахт тўлиқ мевага кирган даврда навларга қараб, 8–15 ёшгача дарахтларда ўтказиладиган буташлар уларнинг бўйи ва ҳосилдорлигини сақлаб қолишга қаратилади. Бу вақтда дарахтлар ёш давридагига нисбатан камроқ буталади, фақат шох-шаббани қоронғилаштирувчи шохлар ва бачки новдалар май ойида олиб ташланади, алоҳида ўсган ва янги ташкил топган узун шохлар қисқартирилиб, мева шохларига айлантирилади.

Нок дарахтлари ҳам олма дарахти сингари буталади. Кам шаклланадиган, аммо бир йиллик новдалари кучли ўсган ва ҳалқасимон шохлари кўп бўлган новдаларда, уларнинг қисқа-узунлигига қараб, ярмига ёки бир қисмига қисқартирилади. Кучли шохланадиган новдаларда ва мева берадиган дарахтларда асосан шох-шабба буталиб сийраклаштирилади.

Беҳи ҳам олма дарахти каби сийраклаштирилган ярусли система бўйича шакллантирилади. Асосий шохларни шакллантиришда уларнинг бир-бирига ўзаро боғлиқлигига қатъий риоя қилиш, ўсиб чиқиш бурчагининг кенгроқ бўлишига эришиш зарур. Асосий шохларнинг рақиблари, шох-шабба ичига кириб қолган, ўткир бурчак остида ўсган ва асосий шохни шакллантириш учун керак бўлмаган шохлар олиб ташланади.

Уруғ мевали боғларида шакл бериш, сийраклаштириш ва буташ ишлари тугаллангандан сўнг данак мевалиларга ўтилади. Бунда аввал ўрик, олхўри, гилос, олча ва шафтоли дарахтлари буталади.

Ўрик дарахтлари дастлабки йилларда кучли ўсиши боис олти-етти ёшгача бўйига ўсган шохларида ҳосил куртаклари бўлади. Бу даврда уларда ён шохчалари суст ўсади. Бундай шохларни уларда ён шохчалари яхшироқ ўсиб чиқиши учун учдан бир қисми ёки ярмига қисқартирилади. Кейинги буташлар навбатдаги тартибда ўсган ортиқча шохларни олиб ташлаш ва шохларни бироз қисқартиришдан иборат бўлади.

Олхўрининг кўпчилик навларида мева тугиш органлари қисқа бўлиб, улар икки ва кўп йиллик шохларда жойлашган бўлади. Баъзи бир навларда бир йиллик шохчаларда ҳосил бўлиши кузатилади. Ёш олхўри дарахтининг шох-шаббаси шакл беришда шохларнинг пастки қисми ялонғочланиб қолмаслиги учун шохлар сийраклаштирилади ва қисқартирилади.

Шох-шаббаси тик ўсган, кучли шохланадиган навларда биринчи тартибда асосий шохлар қисқартирилиб, иккинчи тартибдаги ён шохлар баландлигида кесилади. Бу шох-шаббанинг ёйилиб ўсишига имкон беради. Шох-шаббаси ёйиқ дарахтлар агар шохлари суст ўсса, сийраклаштирилади. Шохлар фақат уларнинг ўсишини тартибга солиб туриш учун қисқартирилади.

Дарахтлар мева бера бошлагандан кейин шохлар фақат шох-шаббага ёруғлик яхшироқ бўлиши учун бутаб турилади. Барча ҳолларда биринчи навбатда касалланмаган, қуриб қолган ва бир-бирига тегиб шикастланадиган шохлар олиб ташланади.

Гилос дарахти кучли ўсиши ва кам шохланиши билан фарқ қилади. Кучли ўсган шохларнинг пастки қисмида куртаклар кам ривожланади. Куртаклар уйғониши ва асосий шохларда ёш шохчаларнинг ўсиб чиқишини кучайтириш мақсадида асосий шохлар қисқартирилади. Бундай буташ ўсувчи дарахтлар ёш чоғида ва ҳосилга кира бошлаганда шох-шаббага шакл бериш учун қўлланилади.

Ёш дарахтлардаги узунлиги 40–45 см. ли новдаларини чилпиш ҳам яхши натижа беради ёки узун новдаларни эгиб, ярус ҳосил қилинса, ундан куртаклар чиқа бошлайди. Шохларни қисқартириш ва чилпиш шох-шаббани ихчам қилади, шохларда ўсув новдаларини кўпайиши ва даста шохларнинг ўсишига ёрдам беради.

Олча дарахти бошқа турдаги дарахтларга нисбатан кам буталади. Фақат зарур бўлганда қалинлашиб кетган шох-шаббалар, синган, қуриган ва қарий бошлаган шохлари олиб ташланади.

Олча қариб, ўсиши сусайган (10 см) ёки ҳосили камайиб кетган даврда дарахт ҳолатига қараб, уч-беш йиллик шохига кесиб, ёшартирилади. Тик ўсадиган навлар кўпроқ шохлари ёйилиб, косасимон ўсганлари камроқ кесилади.

Шафтоли дарахти экилган йили уч-бешта она шохдан шох-шабба ҳосил қилиб, косасимон шакл берилади. Шафтолининг кучли, баланд ўсадиган навларининг шох-шаббаси тўрт-олти она шохдан иборат ўзгарган лидерли система бўйича ҳам шакл бериш мумкин.

Биринчи шох 35–40 см баландликда, қолганлари бир-биридан 15–20 см масофада бўлиши керак. Тўртинчи йили етакчи новда (лидер) кесиб ташланади. Шафтоли дастлабки йиллари тез ўсади, кўп шох чиқаради ва тез мева бера бошлайди. Шунинг учун дастлабки бир-икки йил давомида бир йиллик новдалар қисқартирилиб турилади ва шох-шабба сийраклаштирилади. Асосий шохларнинг учидан ўсиб чиққан узунлиги 50–60 см ва ундан узун новдалар учдан бир қисмига ёки ярмига, калтароқлари эса чорак қисмига қисқартирилади. Ҳосилга киргандан сўнг шох-шаббаси сийраклаштириб турилади.

Февраль ойининг охири март ойининг бошида боғларда мевали дарахтлар танаси оқланади. Бунда 10 л сувга 2 кг оҳак ва 1,5 кг тупроқ аралаштириб, дарахтларнинг танаси ва она шохларини оқлаш зарур.

Дарахтлар буталаб, шакл берилгандан сўнг ҳаво ҳарорати +5 оС дан юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин уруғ мевали дарахтлар парша (қўтир), монилиоз куйиш касаллигига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли ООҚ билан жиққа ҳўллаб ювилади. 10–12 кундан кейин пуркаш ишлари такрорланади.

Данакли мева боғларида (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) монилиоз, клястероспориоз, гоммоз ва барг бужмалоқлигига қарши 5 фоизли ООҚ ёки 3 фоиз Бордо ёки 1 фоизли мис купороси ёки 2–3 фоизли темир купороси билан эрта баҳорда куртаклар бўртиши арафасида ишлов берилади.

Янги боғ ва токзорлар ташкил қилиш учун танлаб олинган ерларни экишга тайёрлаш ва режалаш ишлари олиб борилади.

Хатоси бор боғларнинг ораларини кўчатлар билан тўлдириш, токзорларда таъмирлаш, темир-бетон устунларни тўғрилаб қўйиш, симларни тортиш ишлари олиб борилади.

Боғ ва токзорларда суғориш иншоотларини тозалаш, минерал ўғитлар ва кимёвий препаратларни жамғариш, боғлар ва токзорларда ишлатиладиган техника ва механизмларни таъмирлаш ишларини якунлаш керак.

Ушбу тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши боғ-токзорлардан мўл ҳосил олишга пухта замин бўлади.

    Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева  agro.uz