Ерёнғоқ етиштириш

Ерёнғоқ уруғлари таркибида 20-36% оқсил ва 40-57% қуримайдиган мой мавжуд. Унинг мойи озиқ–овқат саноатида консервалар ва упа-эликлар ҳамда сифатли маргаринлар ва турли ширинликлар тайёрлашда фойдаланилади. Ерёнғоқ уруғининг
мағзидан ҳолва, конфет, торт ва бошқа қандолатлар тайёрланади, бундан ташқари қовуриб истеъмол қилинади. Меваси дуккак, дуккаклари 1-2 уруғли, 2-3 уруғли ва 4-7 уруғли бўлади. 1000 дона дуккагининг оғирлиги 500 г дан 1900 г гача. 1000 дона уруғининг массаси 200 г дан 1200 г гача бўлади. Ерёнғоқ ўстирилган ерда унинг
илдизидаги тугунак бактериялари ёрдамида 1 мавсумда 50 кг соф азот тўпланади.

Навлари. Бошоқли дон экинларидан кейин такрорий экиш учун “Саломат” нави тавсия этилади. Бу нав эртапишар. Ўсув даври 110-115 кун. Республикамиз бўйича суғориладиган ерларда экишга тавсия этилган. Бу нав ўртача баландликда. Биринчи шохда ўртача 8-9 та новда бор. Барги кенг, эллипсимон шаклда. Гули оч сариқ рангли.
Дуккаклари ихчам жойлашган. Ўртача битта ўсимликда 45 та дуккак бўлади. Дуккакларининг ранги оч сариқ кулранг. Уруғи қизил овалсимон, 1000 та донининг массаси ўртача 600 г. Ўртача ҳосилдорлиги гектаридан 22 ц/га ни ташкил этади. Ҳосилини комбайнда йиғиштиришга яроқли. Нав касалликлар ва ҳашаротларига
бардошли. Донда ёғ миқдори 48,5 %, оқсил миқдори 21,0 % ни ташкил этади.
Алмашлаб экишдаги ўрни. Ерёнғоқ ўтмишдош ўсимликларга талабчан. Такрорий экин сифатида экиладиган ерёнғоқ учун бошоқли дон экинлари, эртаги картошка ва сабзавот экинлари энг яхши ўтмишдош бўла олади.
Тупроқни ишлаш. Ер бошоқли дон экинлари сомонидан тозаланади. Гектарига 10-15 тонна чириган гўнг солинади ва ер 22-25 см чуқурликда ишланади. Текислаш учун мола тортилади. Лозим бўлса эгат тортилиб суғорилади. Сўнг чизелланиб изидан мола
босилади. Ерни экишга тайёрлаш билан бир қаторда бир йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши Трефлан, 48% (2,0-2,5 кг/га) ва Трифлюрекс 24% (4,0-10 кг/га) сепилиб тупроққа аралаштирилади.
Ўғитлаш: Минерал ўғитлар меъёри: соф ҳолда азот 90 кг/га, фосфор 50 кг/га, калий 50 кг/га. Экиш олдидан ёки экиш билан бирга азот 40 кг, фосфор 30 кг, калий 50 кг қўлланилади. Гуллаш фазаси бошланишида қатор ораларини ишлаш билан бир вақтда азот 40 кг ва фосфор 20 кг меъёрда озиқлантирилади.
Уруққа ишлов бериш. Маҳалллий шароитимизда уруғ дуккаклардан ажратилиб экилади. Такрорий экин сифатида дуккакдан ажратилиб экилган уруғларнинг (тупроқ ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлгани учун) униши 3-4 кунга тезлашади. Республикамиз шароитида уруғларни шу тариқа ёки битта битта экиш мақсадга мувофиқ.
Ерёнғоқ уруғлари бактериал ўғит (Нитрагин) билан ишлов берилиб кейин экилса, ҳосилдорлик гектарига 6-7 центнер ошади, бундан ташқари атмосферадан соф азотни тўплашда ерёнғоқнинг илдизидаги туганак бактерияларнинг фаоллиги ошади. Унинг таъсирида ерёнғоқ ўстирилган 1 гектар ерда 50 кг гача соф азот тўпланади.
Экиш муддати. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида май ойининг 3 ўн кунлигидан, июн ойининг 1-ўн кунлигигача экиш тавсия этилади. Бошқа барча вилоятларида 15 май – 15 июн муддатига экиш мумкин.

Экиш меъёри. Экиш меъёри экин навига, уруғининг йириклигига боғлиқ ҳолда 60-80 кг/га. Сабзавот, ғўза, маккажўхори ва лавлаги сеялкалари билан экилади.
Экиш усули, чуқурлиги, кўчат қалинлиги. Кенг қаторлаб (қатор ораси 60, 70, 90 см) экилади. Навларга ва қатор орасининг кенглигига боғлиқ ҳолда, бир чизиқли метрда 6, 7, 9 дона уруғ экилади. Кўчат қалинлиги гектарига 100-120 минг туп бўлиши мақсадга мувофиқ. Экиш чуқурлиги 5-6 см, тупроқ қуруқ бўлса 7-8 см.
Парваришлаш. Майсалар униб чиққанидан сўнг қатор оралари 1 марта 6-8 см, 2 марта 8-10 см ва 3 марта 10-12 см чуқурликда ишланади. Гуллаш фазасида 3 – култивация ўтказиш билан бирга азот 40 кг ва фосфор 20 кг меъёрда озиқлантирилади. Гуллаш фазаси бошланганидан сўнг, ўсимлик туплари тагига тупроқ яхшилаб тортилади. Ерёнғоқ гинофорлари тупроққа кириб мева ҳосил қилиш учун ер ғовак, юмшоқ, нам бўлиши лозим. Ўсув даврида ерёнғоқ майдонлари яхшилаб намланиб суғорилади. Дуккакли экинлар орасида ерёнғоқ намга ўта талабчан. Ўсимлик 2 ривожланиш даврини: 1) туплар шаклланиши ва 2) ҳосил тўплаш даврларини ўз
ичига олади. Такрорий экилган ерёнғоқнинг биринчи даври табиий-иқлим шароитларига қараб 55-60 кун, ҳосил тўплаш даври эса 60-55 кунга чўзилади. Ривожланишнинг иккинчи даврида тупроқ намлиги 75 % дан кам бўлмаслиги керак. Ҳосил йиғиштирилишини кечиктирмаслик лозим, Ҳосил йиғиштирилиш кечикса, тупроқдаги гинофорлар чириб, узилиб кетади. Дуккаклари яхши тўлишган даврда
йиғила бошланади. Ўсимлик туплари ерёнғоқ йиғадиган 2 қаторли “АП–70” машина билан ковлаб олинади. У ерёнғоқ илдизларини кесиб, тупроқдан олиб, бир жойдан тўплайди. Улар шундан сўнг хирмонга келтирилиб 3-4 кун қуритилади, кейин махсус “МА-1,5”мосламаси билан Кейс комбайнида янчилади.
Суғориш. Ерёнғоқ намликка талабчан бўлиб, гуллаш давригача сувсизликка бардош бера олади. Оммавий гуллаш даврида эса тупроқни 20 см чуқурликкача, тупроқ намлигини 70% атрофида ушлаб туриш талаб этилади. Биринчи суғориш гуллаш даврида кейинги 15-20 кун оралиғида амалга оширилади. Ўсув даврида 5-6
марта суғорилади, ҳар галги суғориш меъёри 700-900 м3/га.Дуккаклар пишиши кузатилиш билан суғориш тўхтатилади.
Ерёнғоқ ўргимчаккана, кана, баргхўрлар, ўтлоқ парвонаси ва шира каби зараркунандалар билан зарарланиши кузатилган.

Ҳосилни йиғиштириш. Дуккаклари илдизидан енгил ажралиши ҳамда уруғлари дуккак қобиғидан ажралиши пишиб етилганидан далолат беради. Дуккаклардаги намлиги 8-9% бўлиши керак.