Фарғоналик тадбиркор Қирғизистонда картошкачилик кластери ташкил этади

Шу йилнинг 16-19 март кунлари Қирғизистоннинг Норин вилояти делегациясини Фарғона вилоятига ташрифи доирасида “Grand Fergana” меҳмонхонасида икки вилоят тадбиркорлари иштирокида Бизнес форум бўлиб ўтди.

Бизнес форум иштирокчиларини Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Норин вилояти губернатори Собирқул Ашимбаев қутлаб, истиқболли тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишдан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлигини таъкидладилар.

Тадбирда Норин вилоятининг иқтисодий-инвестициявий имкониятлари, табиий қазилма бойликлари, чорвачилик, йўл-транспорт коммуникация тармоқлари, туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. «Норин» эркин иқтисодий зонасида яратилган қулай инвестиция муҳити, чет эллик сармоядорлар учун бериладиган имтиёзлар хусусида маълумот берилди.

Бизнес форумда Норин ва Марғилон шаҳри, Норин ва Қува тумани, Кочкор ва Олтиариқ тумани, Жумгал ва Тошлоқ тумани, Ак-талаа тумани ва Қувасой шаҳри раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Фарғона ва Атбаши туманлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига бироз олдинроқ асос солинган бўлиб, бу икки туман ўртасидаги кенг қамровли дўстона муносабатлар жадал ривожланмоқда. Бизнес форумда Атбаши тумани администрацияси раҳбари Нурбек Сатаров туманга инвестиция киритиш бўйича фарғоналик бир неча тадбиркорлар билан музокаралар олиб борди.

— Бугун Атбаши туманида картошкачилик кластери ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишувига эришилди, — дейди фарғоналик машҳур тадбиркор Мўминжон Йўлдошев. — Боиси туманнинг табиий-иқлим шароити экспортбоп сифатли сифатли картошка етиштириш имконини беради. Бу лойиҳа Фарғона водийсининг картошкага бўлган эҳтиёжини қондириш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Шунингдек, бугун 10 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплекси қуриш, текстиль ва тўқимачилик корхоналари барпо этиш сингари лойиҳаларни амалга ошириш борасида шартномалар имзоладик. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончли ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилиши фарғоналик тадбиркорларга ўз бизнесини халқаро миқёсда кенгайтириш имконини бераётгани эътиборга сазовордир.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»