Фермер субсидия олган наслли қўйларнинг катта қисмини сотиб юборганлиги аниқланди

Мамлакатимизда чорвачилик, хусусан, наслли моллар зотини кўпайтириш орқали чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда бир қатор имтиёз ҳамда рағбат чоралари жорий этилган. Жумладан, хориждан наслли молларни импорт қилиш ва уни юртимиз иқлим шароитига мослаб парваришлаш, кўпайтириш учун давлат томонидан субсидия маблағлари ажратилиши соҳа равнақи йўлида тарихий қадамдир. Ўз навбатида ажратилган субсидиядан белгиланган талабларга қатъиян риоя этган ҳолда фойдаланиш тартиблари ҳам жорий қилинган.

Чунончи, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги «Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори 1-иловасида 2020 — 2022 йилларда хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни сотиб олган хўжаликларга ҳамда республикада наслдор қорамолларни етиштирадиган наслчилик хўжаликларига субсидия бериш тартиби ва қоидалари белгиланиб, назорати «Ўзагроинспекция»га юклатилган. Шу асосида «Ўзагроинспекция»нинг Навоий вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан наслчилик хўжаликларига субсидия ажратилганидан сўнг четдан олиб келинган чорвани талабларга мос парваришланиши юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

— Ўтган йилда вилоятнинг бир қатор хўжаликларига хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни сотиб олганликлари учун жами 1 миллиард 148 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилди, — дейди»Ўзагроинспекция»нинг Навоий вилоят бошқармаси матбуот котиби Зулфия Бобоева. – Ушбу молларнинг парваришланиши ва кўпайтирилиши ўрганилганида белгиланган тартиблар бузилиши ҳолатлари кузатилди.

Хусусан, Хатирчидаги «Ангидон бодомлари» фермер хўжалигига 2020 йил 3 август куни Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикасидан 300 бош «Романов» зотли наслли қўйлар олиб келиниб, юқоридаги қарорга кўра хўжаликка жами 120 миллион сўм субсидия маблағи ажратиб берилган эди. Афсуски фермер Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Низомнинг 13-бандига кўра, субсидия олувчилар наслдор қорамол, қўй ва эчкилардан камида 2 авлод олгунгача сақлаши зарурлигига риоя этмаганлиги аниқланди. Яъни, ўтказилган назорат тадбирида «Ангидон бодомлари» фермер хўжалигида жорий йилнинг январь ойи ҳолатида хўжаликда 300 бош наслли қўйдан фақат 130 таси парвариш қилинаётганлиги, 170 бош қўй турли сабабларга кўра сотиб юборилганлиги аниқланди.

Мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун вилоят прокуратурасига юборилди.

Темур ЭШБОЕВ,
Халқ сўзи»).