Фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг инновацион ёндашуви ёхуд диверсификация

Мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик жадал суръатларда ўсишини таъминлаш иқтисодиётнинг барча етакчи тармоқларини, жумладан, аграр соҳани модернизациялаш, янги техника ва тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркибини тубдан янгилаш, уни ўзгартириш ва диверсификациялашни тақозо этмоқда. Маълумки, фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялаш орқали қишлоқ хўжалигида ер-сув ресурслари чекланганлиги шароитида ишлаб чиқаришнинг доимий ўсиши зарурлигини таъминлашда, аграр соҳа ва иқтисодий ресурслар салоҳиятидан тўла ва самарали фойдаланиш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бошқа саноат ва қайта ишлаш тармоқларини хом ашё билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигида бандликни оптимал тарзда таъминлаш орқали ишчи кучларни бошқа тармоқларга жалб этиш ҳамда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини янада ошириш имкониятлари кенгаяди. Шу жиҳатдан фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялаш, уни ташкил этиш борасида республикамиз минтақаларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда фермерлик фаолиятини ихтисослаштириш борасидаги мавжуд тизимни такомиллаштиришни шарт қилиб қўймоқда.

Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли аграр ислоҳотлар фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш фаолиятини диверсификациялаш, яъни замонавий кўп тармоқли фермер хўжаликларини шакллантириш ва уларни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бунда мазкур соҳага давлат аграр сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда.

Олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ қишлоқ хўжалигида йил сайин ижобий ютуқлар қўлга киритилиб борилмоқда. Бу борада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилаш, ташқи ва ички бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, иқтисодиёт барча тармоқларида ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга дастак бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантиришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди [1].

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда, энг муҳими, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини янада юксалтиришда, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш даражасини янада оширишда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялашни шарт қилиб қўймоқда.

Қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификациялаш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмларини 6,6 фоизга, жумладан, мева-сабзавот – 11,2 фоизга, картошка – 9,7 фоизга, сабзавот маҳсулотлари этиштириш 10,4 фоизга ўсишини таъминлади [2].

Кейинги йилларда фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялаш натижасида фермер хўжаликларида хусусий мулкка бўлган муносабати тубдан ўзгарди ва уларда ишлаб чиқаришни бозор талаблари асосида ташкил этиш ва бошқаришни замонавий менежмент тамойиллари асосида олиб бориш амалиёти ривожланмоқда.

Мақбуллаштириш жараёнида фермер хўжаликлари ўзини зарур техника, айланма маблағлари билан таъминлаш, кредит қобилиятига эга бўлиш, энг асосийси – ўз харажатларини қоплаш ва фойда топиб ишлаш, фермер хўжалиги даромадини оширишни ишончли асосга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фермер хўжаликларининг салоҳиятини оширилиши, молиявий-иқтисодий барқарорлиги таъминланиши натижасида улар томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини, чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва ассортиментини кўпайтириш бўйича имкониятлари янада ошмоқда.

Жумладан, мева-сабзавотчилик ва узумчилик, ҳамда чорвачилик соҳаларида фермер хўжаликлари томонидан интенсив технологияларни жорий этилиши уларни имкониятларини янада кенгайтирмоқда.

Иқтисодий ислоҳотлар ҳамда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг ҳозирги босқичида мамлакатимизда фермер хўжаликларини моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш билан бирга модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда диверсификация атамаси жаҳон амалиётида кенг қўлланилиб у турлича талқин этилмоқда.

Диверсификация сўзи мамлакатимизнинг барча соҳаларини тубдан қайта ислоҳ этиш ҳамда иқтисодиётни модернизация ва диверсификациялаш заруриятидан келиб чиқиб иқтисодий категория сифатида илмий адабиётларга кириб келди. Бу эса ўз навбатида диверсификация сўзининг мазмун-моҳиятини ва унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини чуқурроқ талқин этишни шарт қилиб қўймоқда. Демак, иқтисодий интеграциялашув чуқурлашиб бораётган бир пайтда диверсификация тушунчасининг моҳиятини тўғри тушуниш ҳамда уни қишлоқ хўжалиги амалиётига, жумладан, фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантиришга кенг татбиқ этишни давр талаб қилмоқда.

Диверсификация сўзи лотинча “диверсификацион” сўзидан олинган бўлиб, ўзгартириш, хилма-хил тараққиёт деган маънони беради, унинг луғавий маъноси истилоҳий маъносидан айро бўлмаган ҳолда, ишлаб чиқарилган маҳсулот ассортименти, яъни турини кўпайтириш, янги истеъмол бозорларини излаб топиш, ишлаб чиқаришнинг янги кўринишларини ўзлаштиришдир [3]. Бундан кўзланган асосий мақсад эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, иқтисодий фойда кўриш, рискни камайтириш ва инқироз хавфини олдини олиш ҳисобланади. Мавжуд адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, диверсификация сўзининг моҳияти кўпгина муаллифлар томонидан турлича талқин қилинади.

Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бугунги кунда бевосита фермер хўжаликларини диверсификациялаш билан боғлиқдир. Негаки диверсификациянинг мақсади фермерларнинг бозор конъюнктураси ўзгаришини ўз вақтида илғай олиш ва хўжаликнинг иқтисодий фаолиятини барқарорлаштиришдан иборат.

Фермер хўжаликларида аввало рискни камайтириш мақсадида инвестиция ёки бошқа маблағларни бир неча соҳалар бўйича йўналтириш ва шу орқали маҳсулотлар ишлаб чиқариш турларини кўпайтиришга эришиш ҳамда уларнинг манфаатдорликларини таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.

Фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялаш учун олиб бориладиган муҳим вазифалар сифатида қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур:

– фермер хўжаликларида моддий-техника базасини янги техника ва технологиялар киритиш асосида яхшилаш ва янгилаш;

– ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштиришда тор ихтисослаштиришга ўтиш;

– хўжаликдаги ҳар бир жараённи илмий асосланган ҳолда рахбарлик қобилиятига эга шахс томонидан бошқарилиши ва кадрларни тўғри танлай билиш;

– турли агроинновацияларни хўжаликка жалб этиш ва уни татбиқ қилиш;

– бозор конъюнктураси, талаб ва таклифнинг эластиклигини ҳисобга олган ҳолда кучли рақобатга дош бера олиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш;

– ҳар бир хўжалик юритувчи субъект ўз имкониятларидан келиб чиқиб истиқболли диверсификация стратегиясини ишлаб чиқиши лозим.

Фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялаш натижасида уларнинг иқтисодий имкониятлари, ҳуқуқ ва ваколатлари кенгаяди, бунда уларни ташкил қилиш афзалликлари қуйидагилардан иборат бўлади:

– аввало, оралиқ ва такрорий экинларни тўғри танлаш, алмашлаб экишни йўлга қўйилиши натижасида ернинг структураси ва ҳосилдорлик юқори бўлади;

– табиий шароит ноқулай келиши сабабли ҳосилдорлик пасайиши натижасида олинадиган фойда камайиб кетган ҳолларда бошқа тармоқдан уларни қоплаш имкони туғилади;

– аҳоли ўртасида, айниқса, қишлоқ жойларда йил давомида доимо иш билан бандлиги таъминланади;

– хўжаликнинг молиявий барқарорлиги таъминланади, яъни фақат бир тармоқдан келадиган даромадга қараб қолмаслик имконининг мавжуд бўлиши;

– хўжаликда етиштирилган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қайта ишлашнинг мавжудлиги таннархнинг арзонлашуви ва юқори иқтисодий самарадорликга олиб келади;

– текин маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланиб, тупроқ унумдорлигини оширишга ва ҳосилдорликни кўпайтиришга эришилади;

– аҳолини озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи маълум даражада қондирилади, айниқса, чорва маҳсулотларидан гўшт, сут, тухумга бўлган эҳтиёжларини қондиришга маълум даражада хизмат қилади.

Зоҳид СИДДИҚОВ,

ТошДАУ “Қишлоқ хўжалигида менежмент”

кафедраси доценти, и.ф.н.

Аннотация

Мазкур мақолада Ўзбекистон аграр соҳани ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш истиқболлари таҳлил қилинган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини диверсификациялашнинг илмий-назарий ва амалий асослари кўриб чиқилган.

Калит сўзлар: модернизация, диверсификация, глобаллашув, интеграция, инновация, инвестиция.

В статье анализируется перспективы совершенствование механизмы развитие аграрного сектор республики Узбекистан. А также, рассматриваются научно-теоритические и практические основы диверсификация сельского хозяйства.

The article analyzes prospect of improvement and development of agriculture in Uzbekistan. It covers scientific-theoretic and practical basics of diversification in agriculture.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли фармонига 1-илова. www.lex.uz

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан. 2017 йил 14 январь. www.kun.uz

3. М.Қ.Пардаев, Т.Х.Мамасоатов. “Модернизация, диверсификация ва инновация – иқтисодий ўсишнинг муҳим омиллари”. Т – 2014, 27-33-бетлар.