Биологик курашда феромон тутқичларнинг аҳамияти

Қишлоқ хўжалиги экинлар майдонларини кенгайтириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш учун карантиндаги ва бошқа иқтисодий хавфи юқори бўлган зараркунандаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу борада феромониторинг усулининг ўрни катта. Мазкур усул зараркунанданинг табиатда ривожланишини аниқлаш натижасида унга қарши биологик ёки кимёвий усулни ишлатишнинг илмий асосланган муддатини белгилаб бериб, ҳимоя самарадорлигини оширади.

“Феромон” – бу ҳашаротларни ўзаро мулоқоти учун уларнинг махсус безларидан ажратадиган мураккаб молекуляр тузилишга эга бўлган органик кимёвий моддалар аралашмасидан иборатдир. Жинсий феромон тутқичлар экологик тоза биологик ҳимоя воситаси бўлиб, ташқи муҳитга ва ўсимликка зарарсиздир. Жинсий феромон тутқичлар қўлланилиши натижасида зараркунандани пайдо бўлиши, феромонга тушган зараркунанда миқдорига боғлиқ ҳолда, унга қарши кураш муддатлари белгиланади.

Жинсий феромонни асосан урғочи зот ишлаб чиқаради. Жинсий феромон моддаси ҳашаротларнинг махсус эндокрин безлари томонидан ишлаб чиқилиб, ўзга жинсли зотини жалб этиш учун мўлжалланган. Жалб қилинган ҳидлар ушбу турга мансуб бўлган эркак ҳашаротлар асосан тунда учрашиш (урчиш) учун учиб келади.

Ҳозирги вақтда дунёда 600 га яқин ҳашаротларнинг жинсий феромон (ЖФ) таркиби аниқланган бўлиб, булардан 100 тачаси амалда ишлатилади.

Феромон тутқичлар қуйидаги мақсадларда ишлатилади:

  1. Феромон тутқичлар ёрдамида айни ҳашаротнинг баҳорда ривожлана бошлаган муддатини ва зичлигини аниқлаш; мавсумда нечта бўғин берганлигини, уларнинг муддатлари ва фенограммасини тузиш.
  2. Феромон тутқичларга илинган капалаклар зичлигига қараб қайси ҳимоя усулини ва қайси фурсатда ишлатиш кераклигини аниқлаш; трихограммани далага тарқатиш учун энг самарали фурсатни аниқлаш.

Феромон тутқичларни ишлаш жараёни шундан иборатки, бунда сунъий ҳидга жалб этилган эркак капалак тутқич ичига жойлаштирилган елимли қоғозга ёпишиб қолади. Сунъий феромон кучли аттрактант ҳисобланади, яъни у табиий капалакка нисбатан бир неча бор кучли жалб этиш хусусиятига эга. Ҳар бир тур ҳашарот учун маълум структура ва тузилишга эга бўлган ўзининг феромони мавжуд. Амалиётда феромон тутқич ёрдамида айни ҳашарот ривожланишини белгилаб, зарур кураш усули учун тараддуд кўриш имконияти яратилади. Бу эса биринчидан, ўз вақтида кураш олиб бориш ҳисобига зарарнинг олдини олишга, иккинчидан беҳуда ишлов ўтказишга чек қўйиш имконини яратади.

Феромон тутқичлари: тутқич, елимли ёпишгич, темир сим, ёғоч қозиқ ва феромон моддаси сингдирилган резина капсуладан иборат бўлади.

   Тутқич (ловушка). Феромон тутқичларининг кўп турларини учратиш мумкин. Боғдорчиликда учбурчак шаклидаги картондан ясалган тутқич энг қулай бўлса, пахтачиликда тунламларга қарши 2-3 хил, бир-биридан кам фарқ қиладиган тутқичлар тавсия қилинган. Бу шаклдаги тутқич кўп жиҳатлари билан талабга жавоб беради. Бу тутқичлар 2 қисмдан иборат бўлиб, бир-бирига темир сим орқали бирлаштирилади. Тутқичнинг капалак кирадиган тўрт томонидаги оралиқ қушларнинг киришига имкон бермайдиган баландликда бўлади.

   Елимли ёпишгич. Тутқичларнинг остки қисмига капалакларни илинтиришга мўлжалланган махсус елим суртилган қоғоз қўйилади. Капалак кўпайиб кетиши ва сатҳи чанг билан қопланиши оқибатида елим ёпишқоқлигини йўқотади. Шунинг учун уни янгилаб туриш керак. Елим сингиб кета олмайдиган махсус қоғозларга суркалади. Бир ёпишгичга 1-2 мм қалинликда елим суртилиб, иккинчи шундай тоза қоғоз билан ёпиб қўйилади. Дала шароитида ёпишгичлар бир-биридан ажратилиб тутқичларга қўйилади, яъни 2 дона ёпишгич тайёр ҳолатда бўлади. Елимни ёғочдан тайёрланган куракчалар ёрдамида осон суриш мумкин. Ёпишгичларни тутқичларга жойлаштиришни осонлаштириш учун бир томондан марказгача кесиб қўйилади. Ёпишгичларни алмаштиришда қисқичдан (пинцет) фойдаланилади. Елимни бир томони плёнка билан қопланган (ламинация қилинган) картон қоғозларга суртиш лозим. Умуман, бу қоғозлар намни ва елимни ўтказмаслиги керак.

   Елим. Феромон тутқичларида бошқа елимлардан фарқли бўлган, узоқ вақт қуриб қолмайдиган, ёпишқоқлик хусусияти кучли ва яхши сақланадиган энтомологик елим ишлатилади. Бу елим юқори ҳарорат остида ҳам кам таъсирланади.

   Темир сим. 3-5 мм йўғонликдаги темир сим 15-20 см узунликда кесиб олинади ва ёғоч қозиққа каноп ип ёки алюминий сим билан маҳкамланади. Маҳкамлашда ёғоч қозиқнинг устки қисмидан сим 10-12 см кўтарилиб туришини таъминлаш керак. Ана шу қисмига тутқич кийгизилади.

   Ёғоч қозиқ. Феромон тутқичларини ўрнатишда ипак қуртини боқишдан қолган тут дарахти новдаларидан фойдаланиш қулайдир. Тут новдаларининг эгилмаганлари танлаб олиниб, 130-150 см узунликда кесилади. Новданинг йўғон томони ўткирланади ва қозиқ ҳолига келтирилиб, ерга суқишга мосланади. Иккинчи томонига эса темир сим боғланади. Ёғоч қозиқ ер сатҳидан 100-120 см баланд қилиб ўрнатилади, унга ҳеч қандай кўндаланг зиналар қоқиб қўйиш шарт эмас, чунки исботланганки, ер сатҳидан 2 м баландликда капалакларининг учиши (илиниши) бир хил бўлиб, у экинга яқинлигига боғлиқ эмас.

   Феромон моддаси сингдирилган резина капсула. Феромон, юқорида айтиб ўтганимиздек, “жалб қилувчи” ёки “чорловчи” модда бўлиб, унинг жуда кичик миқдори (1-2 мг) кўп эркак капалакларни чақириши мумкин. Феромон моддасини ишлатиш учун уни ҳар хил резина ёки полимер воситаларга шимдирилади. Кейинчалик модда атрофга ҳаво орқали аста-секин тарқала бошлайди. Резина трубка 15-20 мм узунликда қирқилган бўлиб, ҳар бир бўлаги ўз таркибида 2 мг феромон сақлайди (ғўза тунлами учун). Феромон резина трубка бўлагининг ички сатҳига сингдирилган бўлади. Шу сабабли доимо трубканинг ички сатҳи очиқ бўлиши лозим. Трубка тешигидан ҳавонинг ўтиб туриши феромоннинг атрофга тарқалишини таъминлайди. Феромонлар сингдирилган резина трубка 1 мм ли сим ёрдамида тутқичнинг марказий қисмига осиб қўйилади. Бу ўринда скрепкадан (қоғоз қистиргич) фойдаланиш ўринлидир. Феромонлар сингдирилган резина трубкани жойлаштиришда горизонтал ҳолатини таъминлашга ҳаракат қилиш керак.

Феромонлар очиқ ҳавода 10-15 кун давомида ўз кучини йўқотади. Шунинг учун уларни оғзи яхши беркитиладиган идишларга солиб, уй совутгичларида сақлаш лозим. Совутгичларда сақланган феромонлар 1-1,5 йил давомида ўз кучини йўқотмайди.

Мисол учун: Гилос пашшасига қарши “гилос пашшаси” феромон тутқичидан фойдаланиш тавсия этилади. Боғларда гилос пашшаси мавжудлигини аниқлаш учун 1 га майдонга 1-2 дона феромон тутқич, ёппасига тутиш учун 35-40 дона феромон тутқич қўйиш тавсия этилади.  Гилос дарахти шохларига 1,5-2,0 метр баландликда  ўрнатиш ва ҳосил йиғиб олингунга қадар уларнинг назоратини олиб бориш лозим.

Манба: http://karantin.uz/uz/news/biologik-kurashda-feromon-tutichlarning-aamijati