“Animal Keeping” ветеринария ва зоотехния форум “Фародис хирмони” фермер хўжалигида

“Animal Keeping” ветеринария ва зоотехния профессионал форумнинг амалий тажриба ошириш қисми 13-март куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган “Фародис хирмони” фермер хўжалигида бўлиб ўтди.
Унда ветеринария соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган юртимиз ва Россия олимлари, жумладан, ветеринария фанлари номзоди Владимир Зубарев, ветеринария бўйича бош мутахассис Олга Бондар, Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши мутахассислари, чорвадорлар ҳамда ёшлар қатнашишди.
Амалий тажриба ўтказилган фермер хўжалиги 2016-йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерга Германиядан 160 бош Голштейн зотли чорва моллари келтирилган. Ҳозирда уларнинг сони яна 160 бошга кўпайган. Хўжаликда 15 та иш ўрни яратилиб, уларнинг барчасида ёшлар фаолият юритмоқда.
Фирма раҳбари Нодирбек Жабборовнинг таъкидлашича, ҳар бир сигир кунига ўртача ҳисобда 30-35 мл атрофида сут беради. Бу эса бир кунда 4800-5600 мл.ча сутни ташкил этади. Улар ҳар куни сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи цехларга топширилади. Фермеримиз чорва молларида ҳудуддаги нам иқлим ҳисобига асосан, туёқ касалликлари учраши ва уларни бартараф этиҳ учун қўлланиладиган даво усуллари ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.
Нодирбек Жабборов бундан ташқари дала-ер фермерлигига ҳам қўл уриб, мазкур ҳудудда 200 гектар ернинг 35 гектари пахта , 85 гектари бугъдой етиштириш ва 80 гектарини чорва молларини боқишга ажратган.
Экспертлар бу ердаги чорва молларини тиббий текширувдан ўтказиб, касаллик ташхиси, даволашнинг замонавий методларини ёш ветеринарларга ўргатишди. Тиббий текширув натижасида 8 та чорва молларида гинекологик касалликлар борлиги аниқланди. Фермер хўжалиги ветеринарларига керакли даво-муолажаси амалий тарзда кўрсатиб, тушунтирилди.
Форум сўнггида иштирокчилардан ёш ветеринар Акромжон Собиров амалий тажриба ошириш майдонидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
– Форумнинг бугунги амалий қисмида соҳадаги мавжуд муаммолар юзасидан экспертларнинг таклиф-тавсияларига қулоқ тутдик. Шунингдек, тиббий кўрик мобайнида фермер хўжалигидаги чорва молларига ултратовуш текширувини қўллаш орқали улардаги мавжуд гинекологик касалликлар ташхиси қўйилди. Экспертларнинг тиббий хулосасига кўра, чорва молларида тухумдон кистоси, фолекуляр киста ва эндеметрид каби ички юқумсиз ва онкологик касалликлар мавжуд деб, топилди. Шу билан бирга, Россиядан келган “NITA-FARM” компаниясининг етук мутахассислари билан ҳамкорликда бу касалликларни даволашга оид кўрсатмалар берилди. Юқоридаги кўрсатмалар асосида 10 кунлик даво муолажалари қилиниб, кейинги текширувларда чорва молларининг бу касалликдан фориғ бўлган-бўлмаганлигини билиб оламиз.

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!