Ғалла ўрими: пухта тайёргарлик мўл ҳосил гарови

Тошкент вилояти Пискент туманида ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Туман дон қабул қилиш шохобчасида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов, туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев қатнашди.

Сектор раҳбарлари, вилоят ва туман деҳқон, фермерлар ва томорқа ер эгалари кенгашлари мутасаддилари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, фавқулодда вазиятлар бўлими, машина-трактор парклари ҳамда фермерларга хизмат кўрсатувчи бир қатор қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари вакиллари, отряд раҳбарлари, комбайн операторлари иштирок этди.

– Жорий йил туманда 8 минг 655 гектар майдонда буғдой етиштирилмоқда, – дейди Пискент туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев. – Қулай об-ҳаво шароити, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва белгиланган меъёрларга мувофиқ ўтказилиши натижасида мўл ҳосил яратилди.

Гектаридан камида 75 центнердан ошириб ҳосил олишни режалаштирганмиз. 63 тонна ғалла хирмони уйиш мўлжалланмоқда. «Санта Гроуп Агро» агрокластери билан 31 минг 151 тонна буғдой сотишга шартнома қилинган.

Семинарда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бўйича кўрилган тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди. Ўрим мавсумини уюшқоқлик билан ташкил қилиш учун туманда 10 отряд шакллантирилган. Юқори унумли 18 та «Джондер», «Claas», «Кейс» комбайни сафарбар этилган. Уларнинг ҳар бирига ғалла ташиш учун 5 тадан юк ташувчи машина, жами 92 та юк машинаси бириктирилган.

Семинар давомида техникаларнинг мавсум олдидан техник кўрикдан ўтказилгани, ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозлангани, отряд аъзоларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, хавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари кўрикдан ўтказилди.

Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ва комбайн операторлари иштирокида иш жараёнида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.

Кўргазмали тарзда ўтган семинарда ўрим мавсумида вақт йўқотмаслик ва отрядларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган кўчма ётоқхоналар, комбайн операторлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, ўрим мавсумига тайёргарлик бўйича мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга отрядларни шакллантириш, вазифалар тақсимоти, комбайн операторлари ва ҳайдовчиларга иш ҳақи ажратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

А.Мусаев, ЎзА

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.