Ғалладан 100, пахтадан 50 центнер ҳосил олаётган фермер

Ёзёвон мамлакатимизда биринчилардан бўлиб фермерлик ҳаракатини тўлиқ йўлга қўйган тумандир. 2002 йилда истиқболсиз, паст рентабелли ширкат хўжаликлари негизида ташкил этилган фермер хўжаликлари ўтган йиллар давомида пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик каби тармоқларда илғор тажрибаларга эга бўлди.

Ерга бўлган муносабат тубдан ўзгарди, асосийси, одамлар боқимандалик кайфиятидан буткул халос бўлди. Айни кунларда икки юздан ортиқ фермер хўжаликлари самарали фаолият кўрсатаётган бўлиб, нафақат туманда, балки Фарғона вилоятида ҳам соҳада мактаб ярата олганлар кўпчиликни ташкил этади.

Кеча кичик хўжалик эгаси бўлган фермер бугун йирик ва сертармоқ хўжалик соҳиби сифатида намоён бўлмоқда. “Фарзулфиқор” фермер хўжалиги ҳам замон билан ҳамнафас фаолият юритиб, бугун ҳавас қилгудек ютуқларга эришмоқда.

–Хўжалигимизнинг асосий майдони марказий Фарғона ерларида жойлашган, – дейди фермер Мақсуджон Ёқубов. – У пайтларда фермерлик ҳақида яхши тушунчага ҳам эга бўлмаганмиз. Отамиз шу ерда бригадир бўлган. У кишининг маслаҳатлари билан деҳқончилик қилишни бошлаганмиз. Аввало, ерни алдамаслик керак. Дастлабки йилда унумдорлик ниҳоятда паст бўлган. Оиламиз билан ерга меҳримизни бердик. Мана, меҳнат ҳам шунга яраша бўлмоқда. Туманимизда пахта ва ғаллачилик бўйича кластерларнинг ташкил этилгани бизга янада катта мадад бўлди. Сарсон-оворагарчиликдан қутулдик. Асосий эътиборимизни мўл ҳосил олишга қаратяпмиз.

Мазкур фермер хўжалиги пахтачилик ва ғаллачиликнинг ҳақиқий миришкори ҳисобланади. Ўтган уч йилдан буён ғалладан 100 центнер, пахтадан эса 50 центнер ҳосил олаётгани ҳам бундан яққол далолат. Жорий йилда 58 гектар буғдойдан кўзланганидан ортиқ ҳосил олинди. 63 гектар майдонда эса ғўзанинг “С-6570” нави агротехник тадбирлар асосида парваришланмоқда. 2,5 гектар майдондаги боғда ўрик, шафтоли, олма етиштириляпти.

Ўтган давр мобайнида хўжалик яхшигина даромад кўрди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 400 миллион сўм соф фойда олди. Замонавий техникалар харид қилинди. Парранда, балиқ боқиш йўлга қўйилди.

Меҳнат инсонни улуғлайди, деган гап бежиз эмас. Мақсуджон Ёқубов сингари фермерлар бугун қишлоқда етакчи кучга айланиб, ҳурмат-эътибор қозонгани ҳам фидоийлиги, ҳалол меҳнатининг самарасидир.

М. Сулаймонов,  

ЎзА