Герефорд қорамолларини сақлаш шарт шароитлари

Герефорд зотини сақлаш кўп эътиборни талаб қилмайди. Уларни ичимлик суви билан таъминлаш, тагини қуруқ ва тоза сақлаш зарур. Бу зот қорамолларни катта яйловларга эга бўлган фермерларга етиштириш тавсия этилади.

Герефорд қорамолини сақлашнинг энг яхши усули – бу табиий яйлов. Шундай қилиб қорамолларнинг маҳсулдорлиги кўрсаткичлари, гўшт сифати ва етиштириш харажатлари ўртасида мақбул балансга эришилади.

Ўзбекистон шароитида комбинацияланган (бирлаштирилган) усулда қорамолларни сақлашни кенг қўллаш мумкин. Ёзда қорамоларни табиий ва экилган яйловларда яшил масса билан боқилади, қишқи рацион силос, пичан ва концетрацияланган озуқадан иборат бўлади. Ёзда яйловда озиқлантириш туфайли гўшт ишлаб чиқариш харажатларини деярли ярмига камайтириш мумкин. Ҳайвонларнинг эркин ҳаракатланиши билан метаболизм (моддалар алмашинуви) яхшиланади, танада ёғ йиғилмаган ҳолда мушаклар массаси интенсив равишда кўпаяди, ва оғир вазн олади. Фаол моцион (харакат) қилинганда скелет тўғри шаклланади ва ҳайвонлар иммунитети бардошлиги кучаяди.

Герефорд қорамоллари совуққа чидамли. Тўлақонли рационда озуқа билан боқилганда       – 30С изғирин совуқларни чидаб ўткарадилар ва қишда чодир тагида ётиб қишлай оладилар. Қишда озуқа миқдори камайтириб берилганда тирик вазни ўсиши 1 кг дан 0.5 кг гача тушади, қорамоллар бундай камайтирилган ем озуқа билан боқилганда қишда совуқдан азият чекадилар.

Герефорд қорамоллари жуда сезгир, шароит ва озуқа таркиби ўзгарганда тез таъсирланадилар. Куз яқинлашганда қиш мавсумига тайёрланиб ёғ қатламини йиға бошлайдилар. Қиш давомида тери остидаги ёғларни сарф қиладилар. Куз бошланиши билан Герефорд сигирларида қалин ва узун жун қатламини ўстирадилар. Баҳорда сигирлар жуни тўкилади.

Герефорд зотига жой қурилганда, жойни қуруқлигига эътибор бериш керак. Сигирлар, буқалар ва бузоқлар ҳатто Сибирнинг совуғида ҳам чидайдилар, аммо елвизак шамоли ва намликда қийналадилар. Шунинг учун молхонани хар томонлама шамолдан ёпиш керак. Сигир ва бузоқлар учун алоҳида молхона қурилади. Сув ичиладиган коса молхонани ўртасида ўрнатилади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!