Гладиолус ўстириш

Экиш учун тавсия этилган навлар: Блиццард, Гоудвилл, Мария, Горетти, Оскар ва ҳ.к.

Кўчат тайёрлаш. Гладиолус гули асосан пиёздан кўпаяди. Пиёз гулнинг болалаш даври ўтгандан кейин ковлаб олинади. Бу пайт август ойининг охири сентябр ойининг бошларига тўғри келади. Ковлаб олинган пиёз қуритилиб, йирик ва соғлом пиёзлар ажратилиб олинади.

Кейин тўрхалтага солиб, осиб қўйилади. Қуриган пиёз кўкламда, апрель ойларида очиқ ерга қадаб чиқилади. Қадаб чиқилган пиёз 10–15 кунда униб чиқади ва июн ойларига бориб гуллай бошлайди. Август ойининг охирида гладиолус пиёзлари яна ковлаб олинади.

Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Гладиолуслар ўғитланган қумоқ тупроқли, серқуёш, шамоллардан ҳимоя қилинган ерда яхши ўсади. Ўсимликни ўтқазиш учун сув тўхтамайдиган, қумоқ ва қумлоқ тупроқли ер танланади. Майдон кузда 25–30 см чуқурликда ҳайдалади. Кўкламда ерни хаскашда текислаб, қатқалоғи йўқотилади.

Гладиолус картошкапиёзлари экилиши олдидан унинг қуруқ пўсти олиб ташланади, сўнгра формалин (1:800) эритмаси билан юқумсизлантирилади. Шундан кейин уни совуқ сувда ювиб, қуритилади.

Бу пиёз-картошка куракчада очилган уячаларга ёки эгатчага экилади. Бунинг учун уячаларга энг аввало озроқ қум солинади. Уяга ва эгатларга қўйилган пиёз-картошкачалар серозиқ тупроқ билан кўмилади.

Экиш. Гладиолус пиёзининг катталигига қараб гулзорга 25×25 ёки 30×30 см оралиқ билан, 1 м2 га йирик пиёздан 25–30 та, майдасидан 60 тагача, нуш (болача) ларидан 120 тагача экилади.

Катта майдонларга экишда қатор ораси 50–70 см, туп ораси 25–30 см этиб танланади. Гулнинг пиёзи, аввал ариғи очилиб, пушта қисмига, яъни устига қадаб чиқилади. Қадаб чиқиш оралиғи 5 см. дан 10 см. гача бўлади. Пиёз 10–12 см чуқурликда кўмилади.

Парваришлаш. Ёзда камида беш-олти марта ўтоқ қилинади ва тупроқ юмшатилади. Гладиолусларнинг яхши ўсиши учун тупроқ ҳамиша нам сақланади.

Пиёз қадалгандан сўнг захлагунча суғрилади. Навбатдаги суғоришлар тагидан нам қочишига қараб ўтказилади. Ёз кунларида 15–20 кунда бир маротаба сув қуйилади. Пиёзни ковлаб олишга 20–25 кун қолганда сув тўхтатилади.

Ўсимликларни гўнг шарбати (шалтоқ) ва минерал ўғит эритмаси билан озиқлантириш айниқса фойдалидир. Шалтоқни тайёрлаш учун бир челак гўнг ва тўрт челак сув бочкага солиниб яхшилаб аралаштирилади. 6–8 кундан кейин шалтоқ билан ўсимликни суғориш мумкин. Суғориш олдидан ҳар челак суюлтирилган шалтоқда яна 4–5 челак сув қўшилади. Суюқ шалтоқ ўсимликларга кечқурун, ҳул ерга солинади.

Июнь-июлда ўсимликлар, юқорида кўрсатилгандек, азотли ўғит ёки гўнг шалтоғи билан ёки бўлмаса 10 л сувга 15–20 г ҳисобидан селитра ёки сульфат аммоний қўшиб тайёрланган эритма билан суғорилади. Ёзнинг ўртасидан бошлаб ўсимликлар суперфосфат эритмаси билан суғорилади. Бу эритма бир челак сувга 30–40 г суперфосфат қўшиб тайёрланади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Гладиолус асосан кул ранг чириш, қуруқ чириш, фузариоз ёки бактериоз касалликларига чалиниши мумкин.

Бу касалликларга қарши уларнинг олдини олиш чоралари қўрилади. Ўтқазиш олдидан пиёзлар формалин билан дориланади. Бунинг учун 1 л сувга 3–4 г 40 фоизли формалин солинади.

Эритма ёғоч бочкада тайёрланади. Пиёзлар саватга солиниб, 15 минут эритмага ботириб олинади. Сўнгра бир жойга тўплаб усти шолча ёки брезент билан ёпилади, икки соатдан сўнг олиниб дарҳол экилади. Касал теккан пиёзлар экилмайди. Гладиолус гулини биринчи навбатда ҳашаротлар ва занг касаллигидан ҳимоя қилиш керак.

А.Убайдуллаев    agro.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!