Ғўза қатор ораларида соя экилди

Президент ташрифидан сўнг
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Олтинкўл туманидаги «Кўҳна водий баҳори» фермер хўжалиги фаолияти билан танишиб, ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш таклифини берган эди.
Андижонда ғўза қатор ораларида соя етиштириш бўйича олиб борилаётган ишлар самарали натижалар бермоқда, муайян тажрибалар шаклланди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга йўл очиб берди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўза ва сояни бирданига экиш тупроқ унумдорлигини ошириш, қўшимча дон, тоза ўсимлик мойи олиш, шу билан бирга ғўзанинг маъданли ўғитларга бўлган талабини камайтириш, тупроқда экологик тоза муҳит яратиш ва органик маҳсулотни юзага келтириш имконини беради.
– Тумандаги бир қанча фермер хўжаликлари далаларида ғўза қатор ораларига соя экилиб, парваришланмоқда, – дейди туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов. – Бу ердан унумли фойдаланиш, пахта ҳосилдорлигини, қолаверса, халқ хўжалиги учун ўта фойдали бўлган соя етиштириш ҳажмини ҳамда хўжаликлар даромадини янада ошириш имконини беради.
photo_2020-06-30_16-18-11.jpg
Соя, айниқса, уни ғўза қатор ораларида етиштириш ишларини илм-фан ютуқлари, илғор технологиялар асосида ташкил этиш муҳимдир. Ана шундан келиб чиқиб, бу борада андижонлик деҳқонлар кўп йиллардан буён соя етиштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган, тажрибали олима, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Дилором Ёрматова билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, тажрибаларини бойитмоқда.
Яқинда олима Андижон туманида бўлиб, туманнинг Патидинов массивидаги «Янгиобод ҳосили», «Патидинов сарвари», «Кўркам сарой равнақи» фермер хўжаликларида ғўза қатор ораларига экилган сояни парваришлаш бўйича амалга оширилаётган агротехник тадбирлар, шунингдек, Чўлпон массивидаги «Кўҳинур саховати» ва «Жаҳонгирмирзо саховати» фермер хўжаликларида буғдойдан бўшаган ерларга соя экиш ишлари билан танишди. Олима хўжаликларда соя етиштириш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаб, фермер хўжалиги раҳбарларига зарур тавсия, маслаҳат ва кўрсатмалар берди.
Вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар ғўза қатор ораларида соя етиштириш ҳажмини йилдан-йилга ошириб бориш, бу борадаги тажрибаларни оммалаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида изчил олиб борилмоқда.
photo_2020-06-30_16-18-12.jpg
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!