Гўшт нархини арзонлаштириш тартиби маълум қилинди

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида озиқ-овқат товарлари нархлари ўртача 10 фоизга қимматлашиб, умумий инфляция даражасига нисбатан юқори бўлди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳри (13,2 фоиз) ва Жиззах вилоятида (11 фоиз) озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши юртимиз бўйича умумий кўрсаткичдан юқорироқ бўлди. Сурхондарё вилояти (7,7 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикаси (7,8 фоиз) бўлиб нисбатан пастроқ даражани қайд этди

Ушбу даврда озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари, гуруч, шакар, тухум, сабзавотлар, хусусан, картошка ҳамда сабзи нархи сезиларли даражада қимматлашди.

Гўшт маҳсулотларига тўхталадиган бўлсак, дастлабки 10 ойда унинг нархи ўртача 15 фоизга, шундан, мол гўшти 18,2 ва қўй гўшти 22,1 фоизга қимматлашди. Бунда эса август ойининг иккинчи ярмидан карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида кечиккан талабнинг юзага чиқиши сабаб бўлди. Яъни умумий овқатланиш соҳаси фаолиятининг тикланиши, аҳоли орасида тўй ва бошқа маросимлар ўтказилишига рухсат берилиши ҳамда чорва озуқасининг қимматлашиши ушбу маҳсулотлар нархларига оширувчи босимни юзага келтирди.

Қайд этиш керакки, жорий йил октябрь ойида биржа савдоларига қўйилган шелуха йил бошига нисбатан 36,5 фоизга яъни 1минг 612 сўмдан 2 минг 200 сўмгача ошган. Шунга мос равишда пахта шроти нархи эса 16,4 фоизга яъни 2 минг 750 сўмдан З минг 200 сўмгача қимматлашди.

Гўшт маҳсулотлари нархларини барқарорлаштиришда асосий эътибор гўшт таклифини ошириш, хусусан, йирик чорвачилик фермаларини ташкил этиш, чорва озуқасини арзонлаштириш ҳамда гўшт маҳсулотлари импортида рақобат шароитларини яхшилаш ва харажатларни камайтиришга қаратилиши лозим.