Ҳиндистонга чигирткалар галаси ёпирилди

Ҳиндистон кейинги 30 йил ичида чигиртка галасининг энг ҳалокатли босқинига дуч келди, деб хабар беради Deutsche Welle газетаси. Зараркунандалар шу вақтгача 50 000 гектарлик экин майдонларини тозалаб бўлди. Коронавирус пандемияси, Амфан довули ва чигирткалар ҳужуми оқибатлари мамлакатда озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни тобора қийинлаштирмоқда.
Ҳар бирининг катталиги бир квадрат километр келадиган чигирткаларнинг ўнга яқин галаси Ражастон ва Мадхья-Прадеш штатларига ёпирилган. Ҳозирга келиб, офат галаси Ҳиндистоннинг бошқа штатларига, жумладан, Махараштра ва Уттар-Прадешга ҳам бостириб кирмоқда.
Чигирткалар душанба куни Ражастон штатининг Жайпур шаҳрини эгаллаб бўлган. Экспертларнинг таъкидлашича, зараркунандалар Покистондан кириб келган бўлиб, агар шамолнинг тезлиги ва йўналиши барқарор бўлса, улар тез орада мамлакат пойтахтига етиб келиши мумкин.
Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти маълумотларига кўра, 40 миллионта чигиртка 35 минг киши истеъмол қиладиган озиқ-овқатни паққос тушириши мумкин.
Экспертларнинг таъкидлашича, Ҳинд океанидаги довул ва давомли кучли ёмғирлар чигирткалар кўпайишига яхши шароит яратмоқда. Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти мутахассисларининг огоҳлантиришича, чигирткалар босқини кейинги ойда яна кучайиши мумкин, чунки бу вақтга келиб Шарқий Африкада пайдо бўлган чигирткалар Ҳиндистонга кўчади.
Бу йил чигирткалар босқинидан зиён кўраётган мамлакат фақат Ҳиндистон эмас. Покистон, Шарқий Африка мамлакатлари ҳамда Яман ҳам қанотли офат билан юзма-юз келди. Февраль ойида Покистоннинг шарқий ўлкаларига чигирткалар бостириб киргани боис мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Зараркунандалар ҳамма жойда пахта, ғалла, маккажўхори ва бошқа экин турларини еб битирмоқда.
Манба: uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!