Ҳосилдорликни оширади, харажатларни тежайди

Бу йил Фарғона вилоятида 44 минг 582 гектар экин майдони тежамкор технологиялар ёрдамида суғорилади.

Мамлакатимизда сув етишмовчилиги билан боғлиқ вазият йилдан йилга мураккаб тус оляпти. Буни юртимизда охирги ўн йилда сув ресурслари ҳажми 12 фоиз, 2020 йилда аввалги йилдагига нисбатан 15 фоиз камайгани ҳам тасдиқлайди. Жорий йил суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Шундай бир шароитда сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий заруратга айланади.

Президентимиз раислигида шу йил 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий мавсумда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш тармоқда энг асосий масала бўлиши зарурлиги белгилаб берилди.

Фарғона вилоятида суғориладиган экин майдонлари қўшни давлатлардан оқиб келувчи Норин, Исфайрамсой, Шоҳимардонсой, Сўх ва Исфара дарёларига боғлиқлиги сабабли уларни сув билан таъминлаш муҳим масалалардан бири бўлиб, уни тежаш, ҳар томчисидан оқилона фойдаланиш янада долзарблик касб этади. Шу боис, Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

— Экин агротехникаси пайтида сувга бўлган талаб ортади, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. — Бу вазифани ҳал этиш учун, албатта, янги технологияларни қўллаш талаб этилади. Жорий йилда  вилоятимиздаги 44,5 минг гектардан ортиқ экин майдонда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Самарали  усулда пахта ва ғалла етиштирган фермер хўжаликлари томчилатиб ва  ёмғирлатиб суғоришнинг ўзига хос афзалликларини амалда кўришяпти. Бу борада инновацион лойиҳаларни қўллаш, аввало, сув танқислигининг олдини олса, иккинчидан, қиммат бўлган минерал ўғит, механизация хизматлари, ёқилғи харажатларини камайтириш имкониятини беради.

Инновацион лойиҳаларни жорий этиш кенгаймоқда

Фарғона туманидаги “Чимён шуҳрати” фермер хўжалиги бу йўналишда ўзига хос тажриба тўплаган. Хўжаликда 2019 йилда 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Бир гектар майдонга 16 миллион сўм харажат қилинган бўлса, унинг 8 миллион сўми давлат субсидияси орқали қоплаб берилди. Банкдан олинган 320 миллион сўм кредитнинг 10 фоизи эса Хўжаликда 2019 йилда 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Бир гектар майдонга 16 миллион сўм харажат қилинган бўлса, унинг 8 миллион сўми давлат субсидияси орқали қоплаб берилди. Банкдан олинган 320 миллион сўм кредитнинг 10 фоизи эса Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланди. Шунингдек, фермер хўжалиги 5 йил муддатга ер солиғидан озод қилинди.

— Сувни тежовчи технологиялар кутилганига нисбатан анча юқори ҳосил олиш имкониятини берди, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Шуҳратжон Қаюмов. — Авваллари экинларни суғоришга 35-40 кун сарфланган бўлса, томчилатиб суғориш йўлга қўйилганидан сўнг 4-5 кун кифоя бўлмоқда. Энг асосийси, вақт, маблағ, ишчи кучи тежалади, даромад миқдори сезиларли даражада ошади. Бу йил 22 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияларидан фойдаланамиз.

Муҳими, фермерлар ва ердан фойдаланувчилар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида инновацион лойиҳаларга қизиқувчи хўжаликлар сони ортиб бормоқда.

— Корхонамиз сув тежовчи технологиялар олиб келиш ва ўрнатиш билан шуғулланади, — дейди “Белконтитоур” МЧЖ раҳбари Носиржон Раҳматуллаев. — Шу кунга қадар Риштон, Ёзёвон, Қува туманларида пахтачилик ва боғдорчилик хўжаликларида 300 гектардан ортиқ ерда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш жиҳозлари ўрнатилди. Бу йил эса сув етиб бориши қийин бўлган 1500 гектар экин майдонида қулай ва тежамкор қурилмаларни ишга туширамиз. Истиқболли лойиҳалар йиллар давомида сувсизликдан қуриб, қақшаб ётган дашт ерларга янги ҳаёт нафасини олиб киради, сўлим боғ-роғлар бўй кўрсатишга имконият беради.

Сув сарфини тежаш, юқори ҳосилдорликка эришишда ернинг текислиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир ҳудудда лазерли ускуна ёрдамида экин майдонларини текислаш ҳисобига сув сарфини камайтириш бўйича биттадан намунавий лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

— Замонавий технологияларнинг бир неча тури бор, — дейди “Сирдарё-Сўх” ирригациялар тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Фозилжон Расулов. — Ана шулардан бири дискретли–пульсар суғориш технологияси. У қудуқлар орқали ер остидан тортиб олинаётган сувни ва электр энергиясини тежаш имкониятини беради. Бу жараёнда қудуқдан чиқаётган сув ариққа туширилмасдан полиэтилен қувурлар орқали тўғридан-тўғри экин майдонига олиб борилади. Қолаверса, муайян ҳудудда экинларни ер остидан суғориш усули ҳам синаб кўриляпти. Экинларга томирдан керакли миқдорда намлик бериш ҳам замонавий технологиялар сирасига киради.

Қўштепа туманидаги “Fergana Global Textile” кластери Марказий Фарғона чўл ҳудудидаги унумдорлиги паст ерларни танлаб олиб, Исроилнинг “Нетафин” корхонаси билан томчилатиб суғориш тизимини жорий этди. Айни кунда 213 гектар майдонда ана шундай инновацион лойиҳа қўлланилмоқда. Асосий мақсад – шу кунга қадар 20 центнергача ҳосил олинган майдонлардаги ҳосилдорликни 50 центнерга етказиш. Аҳамиятли яна бир жиҳати, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтларини битириб келган йигит-қизларга бу борада амалий тажрибага эга мутахассислар бириктириб қўйилди.

Бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилади

Фарғона шаҳридаги “Palma invest” масъулияти чекланган жамияти бу борада янги  лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Ишлаб чиқариш тармоғида бир кунда 16 дан 400 мм диаметргача бўлган 4 тоннадан ортиқ полиэтилен қувурлар, елим тасмалар тайёрланади.

— Маҳсулотларимизга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда, — дейди иш бошқарувчи Нодирбек Нишонов. — Ҳар бир фермер, деҳқон хўжалиги талаб ва истакларини ҳисобга олиб маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Технологияларни экин майдонларига жойлаштиришга ёрдам берамиз.

Шу кунга қадар томчилатиб суғориш жиҳозлари учун керакли бўлган бутловчи қисмларнинг асосий қисми четдан олиб келинган. Бу кўп вақт ва маблағ талаб этади. Янги ишлаб чиқариш тармоғи оворагарчиликларга барҳам берди, маҳсулот таннархини 15 фоизгача арзонлаштирди.

Сирасини айтганда, тежамкор технологиялар воситасида суғориш орқали сув, минерал ўғит, иш ҳақи, агротехник хизматлар учун харажатлар сезиларли даражада қисқаради. Бу фермер хўжаликларининг иқтисодий жиҳатдан барқарорлигини яхшилаш, даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

Расулжон КАМОЛОВ, журналист

Шерзод Қорабоев олган суратлар.

Манба: https://yuz.uz/news/hosildorlikni-oshiradi-xarajatlarni-tejaydi