ҲОСИЛЛИ БОҒЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Боғларда тупроқнинг унумдорлигини доимо яхшилаб борилиши керак. Дарахтларга тўғри шакл бериш ва қирқиш билан бирга тупроққа етарли даражада органик ва минерал ўғитлар солиб туриш, ерга ўз вақтида ва юқори сифатли ишлов бериш, ўсимлик ва меваларни зараркунандалар ҳамда касалликлардан сақлаш, йилнинг ҳамма фаслида тупроқни етарли намликда бўлишини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор бериш лозим. Ҳосил бераётган боғларда келгуси йил ҳосили пухта замин яратишнинг асосий тартиби – бу ерни баҳорда (ҳеч нарса экмай) яхши ўғитлаб, шудгорлаб қўйишдир. Шу билан бирга органик ўғитларни кўпи билан ҳар 3 йилда бир маротаба чиринди сифатида гектарига 20–25 тоннадан солиш керак. Бундай ўғитлар етишмаса 2–3 йилда бир маротаба қатор ораларига сидерат экинлар экилади. Уларни сентябрь ойи охирида экиб, гуллаш пайтида – май ойининг бошларида ерга ҳайдаб юборилади. Кўк поянинг тупроқ остига яхши тушиши учун экин ер ҳайдалиши олдидан КИР-1,5 ротацион ўриш машинаси билан майдалаб чиқилади.

Ҳар йили кузги шудгор ўрнига ноябрь ойида 15–17 см чуқурликда культивация қилиниши мумкин. Фақат ерга органик ўғит солинсагина у плуг билан 20–22 см чуқурликда ҳайдалади. Эрта баҳорда қатор оралари қайта юмшатилади ҳамда бу иш ёз бўйи ҳар бир суғоришдан кейин такрорланади. Бунда ишлов берувчи МПВ-1 машинаси КЗУ-03 культиватори билан амалга оширилади. Дарахт танасига яқин жойларга (10–12 см. дан чуқур бўлмаган) ишлов бериш учун ФА-76 механик фрезадан фойдаланилади.

Дарахтлар суст ўсаётган бўлса (30–40 см. дан кам) ўғитни 1 м2 жойга 40–60 г ҳисобида бевосита уларнинг танаси атрофига солиш керак. Дарахтлар катталашган сайин уларнинг танаси атрофининг доираси кенгайтириб борилади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!