ҲОСИЛНИ ЙИҒИШТИРИШ ВА ТАШИШ

23

Узум ҳосилини ўз вақтида ва тўғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Режа ўз ичига олинадиган ҳосил миқдорини олдиндан аниқлаш, мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончалари. Маҳсулотни қишда сақлаш учун омборлар тайёрлаш ва шу каби бир қатор ишлаб чиқариш технологик ишларни олади.

Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш узумнинг қандлилиги ва кислоталилиги бу мақсад учун яроқлилиги билан белгиланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24–25, майизбоп навлар 22–23 фоиздан юқори бўлганда узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17–18%, қизил мусаллас учун 18–20%, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16–17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади.

Ҳосили қуритиш ёки узоқ жойларга юбориш учун мўлжалланган токзорларни суғориш ҳосил йиғиштириб олишдан 2–3 ҳафта олдин тўхтатилиши керак.

Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш керак. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узум бошларигина узилади. Узум бошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади, бунда узум бошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алоҳида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиқими 10–12 кг. ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.

Узумни қаторнинг ўртасидан бошлаб узиш ва қаторнинг икки томонидаги йўлга олиб чиқиш керак.

Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади, яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак, бундай жойларга массаси 150 г. дан кам бўлган узум бошлари жойланади.

Узумни поездларда ёки самолётда жўнатишда яшик қопқоғининг иккита четки тахтачалари қоқилган бўлиши керак. Яшикларни тахлашда бу тахтачалар рейка қистирмалар учун таянч бўлиб хизмат қилади.

Узум қуритиш учун сиғими кўпи билан 20 кг. ли яшикларга йиғилади ва қуритиш пунктига ташилади, у ерда сараланади ва яроқсизга чиқарилади. Эзилган ва яхши пишмаган йирик узум бошлари ғужумларига бўлинади ва кейинги жараёнга узатилади.

Узум ҳосилдорлигини ошириш, сифатини яхшилашда асосий шартлардан бири, илмий асосланган турларни тупроқ-иқлим шароитига жавоб берадиган узум тури ва навларини ҳудудлар бўйича жойлаштиришдир.

Республикамиз бир нечта асосий тупроқ ҳудудларига эга, бу бўз тупроқлар, шўр тупроқлар, шағалли ва қумли ерлар, тоғ ва тоғ олди ерлардаги ҳудудлар.

Узумчиликни ривожлантиришда, тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда узумчилик ҳудудларига қуйидаги узум турларини жойлаштириш тавсия этилади:

Андижон вилоятида: хўраки ҳамда шароббоп навлар;

Бухоро вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар;

Жиззах вилоятида: хўраки ва шароббоп навлар тоғ олди ҳудудида;

Қашқадарё вилоятида: хўраки ва кишмишбоп навлар; тоғли ҳудудларида хўраки ва шароббоп навлар;

Навоий вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар;

Наманган вилоятида: хўраки, кишмишбоп, шароббоп навлар, тоғ олди ҳудудларида хўраки, шароббоп навлар;

Самарқанд вилоятида: хўраки, кишмишбоп, шароббоп навлар; тоғ олди ҳудудларида хўраки, кишмишбоп, шароббоп навлар;

Сирдарё вилоятида: хўраки ва шароббоп навлар;

Тошкент вилоятида: хўраки, шароббоп навлар; тоғли ҳудудларида хўраки, кишмиш ва шароббоп навлар;

Сурхондарё вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар, тоғли ҳудудларда хўраки ва шароббоп навлар;

Фарғона вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар; тоғли ва тоғ олди ҳудудларида – хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар;

Хоразм вилоятида: хўраки ва шароббоп навлар;

Қорақалпоғистон Республикасида хўраки навларни экиш тавсия этилади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!