Иш билганга минг танга…

9

Хатирчи туманидаги «Назарбобо» кўп тармоқли фермер хўжалигининг умумий ер майдони 84 гектарни ташкил этади. Жорий йилда 26 гектар майдондаги ғалладан 187, шунча гектар ерда етиштирилган пахта ҳосилидан эса 237 миллион сўм даромад олинди. Шунингдек, 2 гектар ерда интенсив боғ яратилган. Қолган майдонда сабзавот ва полиз экинлари етиштирилиб ҳам ички, ҳам ташқи бозорга чиқарилмоқда.

— Ўтган йил Россия дав­ла­тига 3 минг тонна сарим­соқпиёз экспорт қилдик, — дей­ди хўжалик раҳбари М. Назарова. — Даромад ҳисобидан балиқ­чиликни йўлга қўйдик. Жорий йил­­нинг март ойида сув ҳав­за­сига ташланган 200 кило­грамм балиқ чавоғи парва­риш қилинди ва сотувга чи­қарилди. Натижада 42 мил­лион сўм даромад олинди. Шундан соф фойда 23 мил­лион сўмни ташкил этади.

Хўжаликда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Гўшт етиштириш мақсадида кў­пайтирилаётган йирик шох­ли моллар сони 104 бошга етди. Бироқ фермер булар билан чекланиб қолмади. Сутни қайта ишлаш цехини ташкил этиш таклифи би­лан туман ҳокимлигига му­рожаат қилди. Унинг та­шаб­буси билан туман инвести­ция дастурига киритилган лойиҳа учун «Асака» акция­дорлик тижорат бан­ки ту­ман филиалидан 600 мил­лион сўм имтиёзли кре­дит ажратилди.

— Сутни етти йўналишда қайта ишлайдиган замона­вий Хитой технологияла­ри­га буюртма бердик, — дей­ди фермер. — Шунингдек, Эстониядан 30 бош зотдор қорамол харид қилдик. На­воий шаҳрининг «Ишчилар» қўрғонидан ажратилган ерда цех биноси қурилиши якунланиб, ускуналар ўрна­тишга ҳозирлаб қўйилди. 2018 йил бошидан янги ти­зим ишга тушириб, 15 та қў­шимча иш ўрни яратмоқчи­миз.

Қишлоқ хўжалигидаги ис­лоҳотлар ишбилармон фер­мерларга катта имконият­лар эшигини очди. Бундан унумли фойдаланаётганлар ҳам ўзи, ҳам халқ манфаати учун хизмат қилмоқда.

Ҳилола ИСМАТОВА,

«Дўстлик байроғи» мухбири.

Дўстларингизга ҳам улашинг!