Иссиқхоналарда чучук қалампир етиштириш

Иссқихоналарда чучук (ширин) қалампирни етиштиришга оид маълумотлар.


Иссиқхоналарга мўлжалланган чучук қалампирни нав ва дурагайлари эртапишар, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, кам ёруғлик шароитида, ҳарорат ва намликни кескин ўзгаришларида ҳам мева ҳосил қилиш қобилиятини сақлаш, шу билан бирга мазали ва хушбуй таъмга эга бўлиши лозим. Уларни мевалари йирик, ташишга чидамли, сақланувчан, туплари ихчам шакл беришни талаб этмайдиган бўлиши керак.

Чучук қалмпир навлари жуда хилма-хиллиги билан бир-биридан ажралиб туради. Кечпишар ва ўртапишар навлар ўзайтирилган мавсумда етиштириладиган иссиқхона экини бўлганлиги туфайли 1,5 м ва ундан баланд поя ҳосил қилади, тез-пишарлари эса – 1,2-1,3 м гача. Кўпчилик навлари штамбли, тепасида кам шохлан-ган паст бўйли (0,3-0,4 м) туплардан иборат. Иссиқхоналарда етиштириладиган навларнинг майсалари униб чиқандан бошлаб ҳосили техник етилгунча давом этадиган давр тезпишарларда 110 кунни, ўртапишарларда 110 дан 140 кунгача, кечпишарларда 140 кундан ортиқ. Ҳосил бериш даврининг давомийлиги кучли ўсадиган навларда етти ойгача, штамбли (паст бўйли) тезпишарларда 20-30 кунни ташкил қилади.

Иссиқхона экини сифатида етиштириш учун одатда секин ўсувчи (паст бўй-ли) навлардан фойдаланилади, кучли ўсувчи (баланд бўйли) ва ўртача ўсувчи (ўрта бўйли) навларни боғлашга тўғри келади. МДҲ давлатларида иссиқхона экинни сифатида Ласточка, Винни Пух, Юбилейный Самко, F1 Аленушка, F1 Медаль, Подарок Молдовы, Здоровье, F1 Руза, F1 Хотабыч нав ва дурагайлари, шу билан бирга россиянинг селекция-уруғчилик фирмаси «Манул» ва «Гавриш» томонидан яратилган янги дурагайлари кенг тарқалган.

Ласточка нави

Нидерландияда кучли ўсувчи (баланд бўйли) йирик мевали дурагайлар етиш-тирилади, уларга икки пояли шакл берилиб ўсув даври узайтирилган экин сифа-тида (ноябр охиридан то келгуси йил ноябр ойини биринчи декадасигача) минерал пахтада ўстирилади.

Етиштириш технологияси. Ўзбекистон шароитида чучук қалампир иссиқ-хоналарда бир неча айланиш даврларида етиштирилади. Баҳорги иситилмайдиган иссиқхоналарда уни баҳорги-ёзги айланишда етиштирадилар, бунда кўчатлар март ўрталарида экиб, экинни июл-августда тугаллайдилар. Бу айланиш даврида энг тезпишар навлар етиштирилади ва 55-60 кунлик кўчатлардан фойдаланилади. Бунда ҳосил май ўрталаридан чиқабошлайди.

Бу айланишда анча эрта ҳосилга кирувчи ва эртаги ҳосилни қийғос (гавжум) етказадиган эртапишар детерминант нав ва дурагайлардан фойдаланиш яхши.

Иситиладиган ойнаванд ва плёнкали иссиқхоналарда чучук қалампирни қишки-баҳорги ва ўтувчан айланиш даврларида етиштирадилар. Қишки-баҳорги айланишда кўчатларни январ ўрталаридан то феврал ўрталаригача ўтказадилар ва экинни етиштириш июл ойи охиригача давом этади. Экиш учун тезпишар навлар-дан фойдаланилади, бунда 55-60 кунлик кўчатлар ўтказилади. Ҳосил март охиридан чиқа-бошлайди.

Ўтувчан айланиш даврида 35-40 кунлик кўчатларни октябр охири – ноябр бошларида ўтказадилар. Экинни июл ойигача давом эттирадилар, бунда ўрта-пишар навлардан фойдаланилади. Ҳосил январ охири феврал бошидан чиқабош-лайди.

Қалампир кўчатларини етиштириш технологияси, кўп жиҳатидан ушбу айланишда помидор кўчатлари етиштириш технологиясига ўхшаш бўлади. Қалампир кўчатларини шунингдек, ойнаванд ёки плёнкали иссиқхоналарда етиштирадилар. Бироқ, қалампирда уруғларни экишга тайёрлашга катта аҳамият берилади. Экиш учун янги, 1 йилдан ортиқ сақланмаган уруғлар ишлатилади. Уруғларни зичлиги бўйича 3% ли ош тузи эритмаси солиб фақат чўккан уруғлар сараланиб олинади. Сўнг уруғлар яхшилаб ювилиб, кейин 1% ли марганцовка эритмасида 30 дақиқа давомида зарарсизлантирилади, сўнг оқадиган сувда ювилади. Уруғлар экишдан олдин 25-30ºС ли сувда икки сутка давомида ивитилади. Қишки-баҳорги айланиш учун кўчатларни тайёрлашда уруғлар кўчатни экишдан 70 кун олдин, баҳорги-ёзгида – 60 кун ва ўтувчан айланиш учун тайёрлашдан – 40-45 кун олдин сепилади.

Майса олиш учун 1 м2 майсазорга 8-10 г уруғ сепилади. Сепилган уруғларни устини 0,6 см қалинликда тупроқ ёки чиринди билан қоплаб, яхши пуркагич билан суғоришдан олдин аста текисланади. Суғорилгандан кейин юзи полиэтилен плёнка, ойна ёки қоғоз билан унаётган майсалар намликни ўзлаштиргунча ёпиб қўйилади.

Қалампирда помидорга қараганда ҳароратга бўлган талаб юқорироқ, ҳароратни таъсир доираси 21-28ºС. Майсалар 28ºС да 21ºС га нисбатан бир ҳафта олдин кўринади. Кўпгина ҳолатларда майсалар кўрингунча кундузги ва тунги ҳарорат 24ºС яқин бўлиши тўғридир. Уруғлар тўлиқ униб чиқгандан сўнг ҳароратни ёруғлик шароитларига кўра 18-23ºС гача бироз камайтирилиши мумкин, бунда кундузи ҳарорат қуёшли кунда 25ºС га кўтарилади.

Ўзбекистон шароитида қалампир кўчатларини 666 см ли торф-чириндили кубикларда ёки кичик тувакчаларда ва кассеталарда етиштира-дилар. Озиқали тувакчаларни тайёрлаш тувакча ва кассеталарни тўлдириш учун тупроқ аралашманинг таркиби помидорникига ўхшаш бўлади.

Чет элда қалампир кўчаталарини помидорга нисбатан каттароқ озиқланиш майдонида етиштирадилар. Пластмас тувакчаларни ўлчамлари 10-12 см атрофида олинади, шу билан бирга блоклар бу ҳажмига мос бўлган келиши керак. Одатда тувакчалар керакли миқдорда озиқа элементлари бўлган чиринди (компост) билан тўлдирилади ва доимий озиқлантириш бошлангунча ўсимликларни сақлаб туриш учун қўшиб борилади.

Тувакчаларни жойлаштиришда уларни орасида кичик бўшлиқ қолдирилади. Кейин барглари бир-бирини тўсмаслиги учун орасидаги масофани секин-аста кўпайтириб борадилар. Охирги озиқлантириш майдони 20×20 см бўлиб, бунда 1 м2 га 25 дона ўсимлик жойлаштирилади.

Қалампир ўсимлигини ўсиши ҳароратга боғлиқ бўлиб, уни кучли ўсишини фақат етарли юқори ҳароратлар таъминланганда эришилади. Ўсимликларни стелажларда (сўкчаларда) жойлаштириш тупроқларда жойлаштиришга қараганда ўта муҳимроқдир.

Кўчат етиштириш даврида пикировкадан сўнг 3-4 ҳафта давомида ёруғликни 5000 лк атрофида бўлиши тавсия этилади. Суткадаги куннинг узунлиги қўшимча ёритилганлик ҳисобига 16 соатни ташкил этади.

Кўчат ўтказиш учун тупроқни асосий тайёрлаш ишлари бошқа сабзавот экинларникига ўхшаш. Тупроқ зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтлардан холос бўлиши керак, бунинг учун буғлантиш ёки кимёвий зарарсизлантириш зарур. Тупроқнинг шўрланиш даражаси йўл қўйиладиган ортиқ бўлса, тупроқни дастлаб ювиш керак бўлади. Ювишга зарур бўлган сув миқдори тупроқ турига ва шўрланиш даржасига қараб 1 м2 га 40 дан 120 л гачани ташкил қилади. Экишгача тупроқдаги сувни миқдорини белгиланган керакли намликгача келтириш зарур.

Экиш олди тайёргарликларга тупроқга барча зарур бўлган органик ва ноорганик ўғитларни бериш, йўлкаларни белгилаш ва ўтказиш, суғориш эгатлари ёки томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш киради.

Иссиқхоналарда қалампир етиштиришда кўчат қалинлиги энг муҳим технологик элементлардандир. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, иссиқхоналарда қалампир маҳсулотини олишда кўчат қалинлиги шартли майдондаги поялар сонига қараб аниқланар экан. Бу 1 м2 га 5 тадан 8 тагача, кўп холларда 6 тадан7 тагача апояни ташкил этади.

Баҳорги-ёзги айланишда иситилмайдиган плёнкали иссиқхоналарга кўчатлар қаторлаб, эгатлар орасини 60-70 см энида, қатордаги ўсимликлар орасидаги масо-фани 20-25 см қилиб экилади, бунда 1 м2 майдонга 6-8 та ўсимлик жойлаштир-илади. Иккита ўсимликли катта ўлчамдаги кубиклардан фойдаланилганда қатордаги уялар орасидаги масофани 30-35 см га узайтирадилар. 1 м2 га 9-11 та ўсимлик ўтказилади.

Қишки-баҳорги ва ўтувчан айланиш даврларида кўчатлар 7025-30 см ёки 60×30-35 см озиқланиш майдонида ўтказилиб 1 м2 5-6 дона ўсимлик жойлаштир-илади. Шунингдек, 100+60 см шаклда қўшқаторли лентасимон усул ҳам қўлланилади. Бунда қаторлардаги ўсимликлар орасидаги масофа 20-25 см. Иссиқхоналардаги доимий жойга кўчатларни ўтказиш помидорникига ўхшаш.

Чучук қалампир минерал озиқа элементлар билан етарли миқдорда таъминланишга мухтож. Ўзбекистонда қалампирни етиштиришда помидорга ўхшаш, ўғитлаш тизими ва қўшимча озиқлантириш қўлланилади. Қалампир жадал ҳосилга кирган даврда азотли ўғитларни миқдори бироз оширилади. Қўшимча озиқлантириш бир неча марта, ҳар 10-15 кундан кейин берилади. Ҳар бир озиқлантиришда 1 м2 майдонга 20 г аммиакли селитра, 30 г аммофос ва 15 г хлорли калий солинади. Умуман қишки-баҳорги айланишда 1 гектарга: аммиакли селитра – 1800-2000 кг, калий сулфати – 1600-1700 кг, қўш суперфосфат – 500-600 кг, магний сулфат – 150-200 кг солинади.

Чет элда қалампир экинини тупроқда ўстиришда кўчатларни экишдан олдин тупроқни агрокимёвий таҳлили ўтказилиб ундаги озиқа элементлари заҳирасини қуйидаги кўрсаткичларгача етказилади (мг/л): нитарли азот – 100-120 гача, фосфор – 15-20, калий – 100-120, магний – 40, кальций – 100-200 гача. Кўчатлар экилиб илдиз отгандан сўнг тупроқ ва кичик ҳажмли экинлардаги ўсимликлар қуйидаги тартибдаги ўғитлар эритмаси билан суғорилади:

Кичик ҳажмли субстратларда ва тупроқда, дренажда озиқа элементлар даражаси жадал ҳосилга кириш даврида қуйидагича бўлиши керак: EC – 3 мСм/см, pH – 5,5-6, NO3 – 235 мг/л, NH4 – 7, P – 22 мг/л, K – 273-300 мг/л, Ca – 280 мг/л, Mg – 80 мг/л, SO2 – 200 мг/л, Fe – 1,5 мг/л, Mn – 0,4 мг/л. Чучук қалампир СO2 билан озиқлантиришга жуда сезгир.

Иссиқхоналарда чучук қалампир етиштиришда баъзан ўсимликларни тик бағазларга боғлаш ва шакл бериш қўлланилади. Қишки-баҳорги айланишда секин ўсувчи (паст бўйли) навларни боғламасдан, ўртача ўсувчи (ўрта бўйли) навларни, айниқса, ўтувчан айланишда пастга тик осилиб турган канопга боғлаб ўстирадилар.

Баҳор-ёзги ва қишки-баҳорги айланишларда секин ўсувчи навларга шакл берилмайди. Ўртача ўсувчи навларга икки-уч пояли қилиб шакл берилади, бунда ҳар бир поя алоҳида канопга олиниб боғланади. Ўсимликларни парваришлашда ҳосил бермаётган шохлар, нимжон, ривожланмай қолган тугунчалар олиб ташла-нади, бу анча йирикроқ меваларни олиш имконини беради. Қалампирни поялари жуда мўрт, шунинг учун улар билан эҳтиёт муомалада бўлиш керак. Боғланган ўсимликлар гулга кирганда мева ҳосил бўлишини яхшилаш мақсадида бағазларни ёғоч билан енгил силкитиб туриш мақсадга мувофиқ.

Кўчатлар доимий жойга ўтказилгандан 3-4 ҳафта кеин биринчи тугунчалар шаклланади. Кўчат экилаётганида қайси бўғимда биринчи мевалар шаклланишини аниқлаш қийин бўлади. Ҳар қайси поянинг биринчи икки бўғимидаги мевалар олиб ташланиб, айрилиш жойдаги мевалар қолдирилади.

Чет элда чучук қалампир ўсимлигини 2-3 пояли шакл бериб ўстирилади. Ён шохларнинг ҳаммаси биринчи ва иккинчи баргидан кейин чилпиб ташланади. 1 м2 майдонда 5-7 та поялар қолдирилади. Йирик ҳажмли яхши ёритилган иссиқхоналарда 7 та гача, ёруғлик етарли бўлмаган иншоотларда камроқ поя қолдирилади. Иккита асосий пояда шакллантирилган туплар устунликка эга бўлади. Бир пояда 3 тадан кўп мева қолдирилмайди.

Ўсимлкларни парваришлаш тадбирларига ҳаво ҳарорати ва намлиги тарти-ботларини тегишли меъёрда сақлаш, тупроқни юмшатиш, озиқаларни бериш ҳам-да касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш киради.

Ҳаво ҳарорати ялпи ҳосилга киргунча очиқ кунда – 23-26°С, булутли кунда – 21-24°С ва кечаси – 17-19°С, ҳосилни асосий қисми чиққандан кейин юқоридагига мувофиқ – 21-24°С, 20-22°С ва 15-16°С таъминланади. Тупроқни энг яхши ҳарорати – 24-26°С.

Иситилмайдиган иншоотларга барвақт кўчат экилганда совуқ бўлиши ҳавфи туғиладиган бўлса, ўсимликлар қўшимча плёнка билан ёпилади. Исиб кетишдан ўсимликларни сақлаш учун иншоотлар ўз вақтида шамоллатилади. Майни ўрталарида плёнкали иссиқхоналардан плёнка тўлиқ йиғиштириб олинади.

Кундузги ҳавонинг юқори ҳарорати гуллаш ва тугунчаларни ҳосил бўлишига салбий таъсир кўрсатади, бунда “думлар” пайдо бўлади, бунинг натижасида гулнинг оналиги бутун бўйича бир вақтда нобуд бўлмайди. Думчаларни иложи борича эртароқ, кўк меваларни теришга 2 ҳафта қолмасдан йўқотадилар.

Помидорга қараганда қалампир анча тез-тез суғоришни талаб этади, у тупроқни хатто қисқа вақт қуруқ бўлишини кўтара олмайди. У тупроқни ўта намланиб кетишини ҳам ёқтирмайди, шу боисдан уни кам меъёрда суғорадилар. Экишдан сўнг биринчи 2-4 ҳафтда тупроқ намлиги – 65-70% ЭПН (энг паст намлик),биринчи мева шакллангунча – 75%, ҳосил чиқиш даврида – 80-90% ЭПН да ушлаб турилади. Қалампир етиштиришда ўсимликлар қаторни тўла қоплаб олмагунча 3-4 марта юза юмшатилади.

Энг қулай ҳавони нисбий намлиги – 70-75%. Уни 60% дан камайтириш ёки 80% дан ошириш керак эмас. Қатордаги тупроқни туплар туташиб кетмасдан суғорилгандан сўнг, ленталар орасини эса, мевалар терилгандан сўнг ва навбатдаги суғориш олдидан юмшатиб турилади.

Ўсимликларни парваришлаш тадбирларига яна ўсимликни пастки баргларини доимий олиб туриш, чангланишни яхшилаш учун ўсимликларни силкитиш ёки ер ариларни ишлатиш, охирги теримдан 40 кун олдин учини чилпиш ҳамда зараркунанда ва касалликларга қарши ўз вақтида курашиш муҳим ҳисобланади.

Иссиқхоналарда чучук қалампирни етиштиришда зараркунандалардан – оқ қанот, трипс, ўргимчак кана, касалликлардан – юқори чириш, чилпорланиш, сўлиш, илдиз чириш энг зарарли ҳсобланади. Уларга қарши курашиш помидорда қандай бўлса, худди шундай.

Мевалар техник ёки биологик етилганда йиғиштирилади. Биологик етилтир-илганда ҳосилдорлик сезиларли пасаяди. Биринчи терим ва қиш вақтидаги терим-ларни хафтада 1-2 марта олиб борилади. Қуёшли кунлар бошланиши билан баҳор-даги теримлар кўпроқ, хафтасига 2-3 марта ўтказилади. Ҳосилни йиғиштириш вақтида меваларни пичоқ ёки иссиқхона қайчиси билан кесиб олинади. Меваларни техник пишган вақтда, яъни тўқ-яшил ёки оч-сариқ рангда бўлганда кесиб олиш яхшироқ.

Терилган мевалар сараланади ва 5-10 кг ли яшикларга жойланади. Қисқа вақт сақлаш ва узоқ масофага ташишда қалампир мевалари 12°С ҳароратда сақланади. Баҳорги-ёзги айланишда қалампир меваларини ҳосилдорлиги 1 м2 майдондан 5-7 кг, қиш-ки-баҳоргида эса 8-10 кг ва ўтувчанда 12-15 кг ни ташкил қилади.

Баъзи иссиқхоначилар иссиқхоналарда аччиқ қалампирни ҳам етиштирадилар. Бунинг учун Жанубий Корея навларидан фойдаланилади. Бу навлар анча паст бўйли ва улар кичикроқ озиқланиш майдонида 6015-20 см етиштирилади.

“Ҳимояланган жой сабзавотчилиги” китобидан. Муаллифлар: Зуев В.И., Атаходжаев А.А., Асатов Ш.И., Акрамов У.И. agromart.uz