Jizzax Organic кластери қишлоқ хўжалигида биринчилардан бўлиб дронлардан фойдаланишни бошлайди

Учувчисиз бошқариладиган қурилмалардан дала харитасини тузиш, экинлар ўсишини кузатиш, улардаги касалликларни аниқлаш ва ташхис қўйиш, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашишда фойдаланилади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоанжуманда Ўзбекистонда ерларни назорат қилиш ва экинларни кузатиб туриш учун учувчисиз бошқариладиган қурилмаларидн фойдаланишни бошлаш ҳақида эълон қилинган эди.

2021 йилнинг 2 февралида Jizzax Organic Ўзбекистон Республикаси Фуқаро авиацияси агентлигидан учувчисиз бошқариладиган қурилмалардан фойдаланиш учун рухсат олди. Жиззахнинг ушбу кластери қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланадиган биринчи корхона бўлади. Дронлар қуйидаги вазифаларни бажаради:

  • ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишидаги аномалияларни аниқлаш;
  • алоҳида жойларни ўғитлаш
  • суғоришнинг бир текислигини кузатиш.

«Учувчисиз бошқариладиган қурилмалар Jizzax Organic мутахассисларини экинларнинг сифати, уларнинг зарарланиши ёки нобуд бўлиши тўғрисидаги долзарб ва тўлиқ маълумотлар билан таъминлайди. Агрономлар томонидан назорат қилиш узоқ вақт олади ва ҳар бир метр ерни қамраб олиш имконини бермайди. Агар кўчатларнинг зарарланиши майдоннинг ичкарисида содир бўлган бўлса, уни ўз вақтида пайқамаслик хавфи мавжуд. Учувчисиз бошқариладиган қурилмалар ёрдамида касалликларга ташхис қўйиш, бегона ўтларга дори пуркаш, зараркунандаларга қарши курашиш, экин униб чиқмаган майдонларда қайта экиш орқали муаммоларни дастлабки босқичларда аниқлаймиз ва бартараф этамиз», — деди Jizzax Organic директори Ҳикматилла Каримов.

Тажриба намунаси Ўзбекистонга 2020 йил ноябрида келтирилган. Бу Хитой компаниясининг FOXTECH номли Great Shark 330VTOL моделидир. У осма қурилма билан жиҳозланган бўлиб, 30 марта яқинлаштириш ва тунги суратга олиш имконига эга, учиш максимал вазни 21 кг, парвоз вақти 2,5 соатгача ва тезлиги 80 км/соат гачадир.

«Биз келтирилган дрондан картография ва ўсимликлар вегетациясини кузатиш учун фойдаланамиз. Бу йил ҳам Jizzax Organic ўғит сочиш мақсадида оғир юк кўтариш қобилиятига эга дрон сотиб олади. Синовлар натижасига кўра экин экилган майдонларни тўлиқ қамраб олишимиз учун қанча дрон кераклиги аниқ бўлди. 2021 йилда ем-хашак экинлари ва ўтлар 10 минг гектарни эгаллайди», — дея ўртоқлашди, Jizzax Organic директори Ҳикматилла Каримов.

Жиззах миллий кластери керакли радиочастотани қўлга киритди ва экин экиш мавсуми бошлангач ундан фойдаланишга киришади.