Жўхорини асосий экин сифатида етиштириш

Экиш учун тавсия этилган навлар: Қорабош, Оранжевое–160, Даулет, Ўзбекистон–18 ва ҳ.к.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиладиган жўхори уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, синмаган, тўқ, текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 10–12 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалаш билан бошланади. 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) чириган гўнг солиниб, камида 18–20 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Жўхорини жанубий вилоятларда март ойининг III, апрель ойининг I ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган ва Фарғона водийси вилоятларида апрелнинг I–II ўн кунлиги, шимолий минтақаларда апрелнинг II ва май ойининг I ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Уруғлик учун 60х17х1 (60 см – қатор орасининг кенглиги, 17 см – уялар ораси, 1 дона – уядаги уруғ сони), 70х14х1, 90х11х1, кўк масса учун 60х11х1, 70х9х1, 90х7х1 схемаларда ҳар сотихга 100–120 г (10 сотихга 1–1,2 кг) жўхори уруғи сарфлаб экилади. Униб чиққандан сўнг қуюқ жойлар ягана қилинади.

Парваришлаш. Жўхори ўсимликлари дон учун биринчи марта биринчи ўғитдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитдан сўнг ва учинчи марта эса сут-мум пишиш даврида, кўк масса учун биринчи ўғитдан сўнг, иккинчи марта кўк поя ўрилиб, қўшимча ўғитлангандан сўнг суғорилади. Агар ер қумлоқ бўлса тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади.

Қатор ораларини юмшатиш. Ўсимликлар униб чиқиб, 5–6 чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6–8 см чуқурликда чопилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8–10 та барг чиқарганда 8–10 см чуқурликда ўтказилади.

Ўғитлаш. Кузда чопиқ олдидан фосфорли минерал ўғит сотихига 0,9 кг, калийли ўғит 0,6 кг меъёрида солинади. Ўсимлик 5–6 та чинбарг чиқарганда 2,2 кг, 10–12 та чинбарг чиқарганда ҳам 2,2 кг азотли ўғит билан озиқлантирилади.

Бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда чопиқ ишлари амалга оширилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қорабош навининг поялари рўваклаш даврида кўк масса учун ер устидан 5–10 см қолдириб, ўрилади. Силос учун Даулет, Оранжевое–160, Ўзбекистон–18 навлари мум пишиш даврида қўл кучи ёрдамида ўриб олинади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!