Картошка

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига 63 та нави киритилган. Эртапишар навлардан Латона, Фреско, Ред Скарлет, ўртаги-эртаги Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Диёра, ўртапишар Тўйимли, Умид, Кўк сарой, Серҳосил, Аладин, Аринда, Арнова, ўртаги–кечки Ақроб, Мондиал, Диамант, Пикассо ва бошқалар шулар жумласидандир.

Уруғ танлаш. Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилдорликни 12–15% ошириб, 10–15 кун эрта пишишига имкон беради. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20–25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22 оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40–60,    60–80, 80–100 г) саралаб ундириш хонасининг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2–3 қатламдан оширмай ёки 12–20–25 кг. ли яшикларга қўйиш лозим. Туганакларнинг нишлаганлари кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса, уларни 3–4 см. гача ўстириш мумкин. Оғирлиги 100 г. дан катта туганакларни экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади.

Ер тайёрлаш. 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) тоза, чириган гўнг солинади. Тупроқ белкуракда 18–20 см чуқурликда юмшатилади ёки кетмон билан чопилади. Катта кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Баҳорги муддатда жанубий вилоятларда 15 февраль–1 март, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25 февраль–10 март, шимолий минтақаларда 10–20 март. Ёзги муддатда жанубий вилоятларда тезпишар навлар – 10–20 июль; ўртапишар навлар – 5–20 июль; кечпишар навлар 20–30 июнь; марказий минтақада жойлашган вилоятларда тезпишар навлар – 10–20 июль, ўртапишар навлар – 10–30 июнь, кечпишар навлар 10–20 июньда экилади. Шимолий ҳудудларда тезпишар навлар – 20–30 июньь, ўртапишар навлар – 15–25 июнь, кечпишар навлар – 5–10 июньда экилади. Картошка туганаклари (уруғлиги) 5–8 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих 30–35 кг уруғлиги сарфланади.

Картошка олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга қўлда кетмон билан 70х30 ёки 90х25 см схемада экилади.

Парваришлаш. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4–6 кун ўтгач, қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига қўлда кетмон билан ялписига ишлов бериш лозим. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 20–25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда, ўсимликдан 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади. Шундан сўнг майдондаги ўсимликларни биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов биринчи ишловдан 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади. Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5–6 кунда 1 сотих 4–4,5 м3 меъёрда суғоришни талаб қилади. Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2–3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Ўғитлаш. Картошка асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Шу боис бу экин етиштирилганда 1 сотихга соф ҳолда 2,2 кг азот, 1,7 кг фосфор, 1,1 кг калий бериш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Картошка ҳосилини оширишда экиладиган туганакларни йириклиги, шакли ва бошқа белгилари билан танлаб олиш муҳим тадбир ҳисобланади. Картошка ўсимлигида колорадо қўнғизи пайдо бўла бошлаганда қўнғизни қўлда териб чиқиш тавсия этилади. Қўнғизлар кўпайиб тухум қўя бошлагандан кейин кимёвий препаратлар қўлланилади. Бунда 10 сотих майдонга Каратэ 5% к.э. (10 мл), Моспилан 20% н.к. (20–25 мл), Суми-альфа 5% к.э. (50 мл) препаратлари 60–70 литр сувда яхшилаб аралаштирилиб пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Картошка туганаклари 25–30 см чуқурликда шаклланади, шунинг учун кетмон ёрдамида чуқурроқ ковлаб олинади. Ковлаш даврда тупроқ нам бўлиши лозим. Шунда картошкаларни бешикаст йиғиштиришга эришилади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!