Кластер қишлоқ хўжалигини ҳам, саноатни ҳам ривожлантиради

Жамиятимиз ҳаётида ўзига ҳос воқеълик ҳисобланган Мурожаатномада кутганимиздек бир йил ичида юртимизда амалга оширилган ишлар билан бирга янги йилнинг устувор вазифалари белгилаб берилди.
“Art soft Holding” масъулияти чекланган жамияти яқин вақтгача момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган корхонамиз негизида ташкил қилинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг махсус қарори билан холдинг компанияга айлантирилгач, агросаноат кластери сифатида фаолият кўрсата бошлади. Унинг зиммасига 2019-2022 йилларда 19 та ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Бугунги кунда МЧЖ таркибида 9 та корхона фаолият юритмоқда. Ҳозирга қадар 3 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди. Белгиланган уч йил давомида кластер тизимига тўлиқ ўтиш билан бирга, омухта ем, ёғ ишлаб чиқариш, пахта тозалаш заводлари, чигитни чуқур қайта ишлаш ва сифатли уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш каби яна 10 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар ижроси билан 12 мингдан ортик иш ўрни яратилади.
Агросаноат кластерининг жорий этилиши ўтган қисқа вақт ичида ўз натижаларини бера бошлади. Энг аввало, пахта етиштирувчи фермер хўжаликларида пировард натижадан манфаатдорлик ортиб, ҳосил салмоғи сезиларли даражада кўпайгани кузатилди. Ҳусусан, ҳосилдорлик анча пасайиб кетган Мингбулоқ туманининг бултурги кўрсаткичлари бунга мисол бўла олади. Деҳқончилик мавсумида тумандаги 239 та фермер хўжалиги билан иш олиб борилиб, меҳнатга хақ тўлаш, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ва ўсимлик зараркунандаларига қарши биологик кураш воситалари етказиб бериш билан боғлиқ шартномалар тўла-тўкис бажарилди. Натижа кутилганидек бўлди. Туман илк бор вилоятда биринчи ўринда пахта тайёрлаш йиллик шартномавий режасини бажарди. Мутахассислар буни ҳудудда кластер усулининг муваффақиятли жорий этилиши билан боғламоқда.
Поп туманида эришилган ўсиш сураътлари ҳам кишини қувонтиради. Янгилик жорий этилиши билан Мингбулоқ ва Поп туманларида ерни ҳайдашдан тортиб ғўза парвариши, ҳосилни йиғиштириб олиш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш, ҳатто сотувигича кластер бошқаруви асосида амалга оширилиши мақсад қилинган.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш тўғрисида гапирар экан, соҳада кластерни жорий қилиш давом эттирилишини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида ҳарид қилишга босқичма-босқич ўтиш масаласи ўртага ташланди. Деҳқончиликда сув тежайдиган технологияларнинг жорий этилиши, сув назорати тизимини автоматлаштирилиши, “Кооперация ва кластер тўғрисида”ги қонуннинг ишлаб чиқилиши ва бошқа вазифалар ижроси ҳам айтиш мумкинки, мамлакат аграр саноати фаолиятини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишнинг янги имкониятларини вужудга келтиради.
Олимхон БОБОХОНОВ,
“Art soft Holding” масъулияти чекланган жамияти
бошқаруви раиси
Манба: uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!