Кластерга Венгриядан наслли қорамоллар олиб келинади

Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида бўлиб ўтган икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси ҳамда бизнес форуми томонлар учун бирдек манфаатли келишувларга бой бўлди.

Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кластери ва Венгриянинг “Agrota” компанияси ўртасида чорвачилик йўналишида дастлабки келишувга эришилди. Унга кўра, чет эллик ҳамкорлар тез орада 200 бош наслли қорамол етказиб беришади.

Чорвачилик “TCT Cluster” кластери фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳудудда кластер усулида чорвачиликни ривожлантириш вазифаси белгилаб берилган. Шундан келиб чиқиб, “TCT Cluster” кластери томонидан бўрдоқичилик фермасини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган.

Кластер таъсисчиси, сенатор Муртазо Раҳматовнинг айтишича, 2500 бош қорамол парваришлашга мўлжалланган мазкур чорвачилик мажмуаси шу йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топширилади. Айни дамда “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мажмуа бино-иншоотларини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Чорвачилик мажмуасининг биринчи босқичида 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Иш кластер усулида олиб борилиб, чиқитсиз технология жорий қилиниши эвазига иш ўрни ҳам, маҳсулотлар тури ҳам кўпайиб бораверади. Чунки нафақат гўшт ва консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, балки чорва териси, ҳатто суяк, шох ва туёқлари ҳам чуқур қайта ишланиб, ички ва ташқи бозорга тайёр саноат маҳсулотлари етказиб берилади.

“TCT Cluster” кластерининг маркетинг бўйича директори Тўлқин Хайруллаевнинг маълум қилишича, венгриялик ҳамкорлардан икки йўналишда чорва моллари келтирилади. Яъни юқори сифатли гўшт етиштириш ва наслчиликни ривожлантириш учун наслли қорамоллар олиб келинади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “TCT Cluster” кластери Венгрия ишбилармонлари билан балиқчилик ва ғаллачилик йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бошланган. Тез орада бу борада ҳам амалий келишувларга эришилиши кутилмоқда.