Кўчат усулида шоли етиштириш бўйича тавсиялар

5

Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида шолидан икки маротаба чунончи, кузги ғалладан кейин шолини кўчат усулида такрорий экин сифатида экиш, мўл ва юқори сифатли ҳосил етиштириш имкониятлари мавжуд.

Экиш учун кўчат тайёрлаш. Кўчатлар махсус далаларда етиштирилади. Дала эса кузда 25 см чуқурликда шудгор қилинган, яхшилаб текисланган ва гектарига 30–40 т чиритилган гўнг солинган, етарли даражада аммофос билан ўғитланган соз тупроқли унумдор ер бўлиши, сув сатҳини бир меъёрда ушлаб туришга мос ҳамда керак пайтда оқизиб юбориш учун бошқа майдонларга нисбатан баландроқ жой танланиши лозим.

Ер уруғ сепишга тайёр ҳолга келтирилгач гектарига 40–50 кг соф азот, 40–50 кг фосфор ва 50 кг калий берилиб аралаштирилади.

Ўзбекистонда экишга тавсия этилган барча шоли навлари кўчат усулида экишга яроқли бўлиб, асосий экин сифатида экиш учун кечпишар (УзРОС–7/13, Лазурний, Мустақиллик), ўртапишар (Истиқбол, Истиқлол, Илғор, Искандар), такрорий экин сифатида экиш учун ўртапишар ва эртапишар (Нукус–2, Нукус–70, Гулжаҳон, маҳаллий арпа шоли турига мансуб навлар) шоли навларини экиш мумкин.

Шолини асосий экин сифатида экиш учун апрель ойининг биринчи ўн кунлигида, такрорий экин сифатида эса май ойининг иккинчи ярмида кўчат тайёрлашга киришилади. Бунда 1 гектар майдонга 650–700 кг уруғ 1–2 кун сувда ивитилиб сепилади. Бу майдондаги кўчатлар 10 гектар асосий майдонга кўчириб ўтказишга етарлидир.

Кўчат ёши, яъни кўчириб асосий далага ўтказиладиган шоли майсаларининг кўчатзорда туриш даври эртапишар навларда 25–30 кун, ўртапишар навларда 35 кунгача, кечпишар навларда 40 кунгача бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Кўчатларни кўчириб олинишидан 4–5 кун олдин гектарига 50 кг соф ҳолда азот билан озиқлантирилса, улар бақувват бўлиб янги ерга тезроқ ўрнашиб кетади.

Механизмлар билан экиш учун кўчат тайёрлаш. Шоли кўчатларини механизмлар билан экиш учун улар махсус кассеталарга экадиган линиялар (HS–5M) билан ёки бундай экиш линиялар бўлмаган тақдирда қўлда сепиб экишга тайёрланади. Кассеталар учун махсус майда тешикли ғалвирдан ўтказилиб унган қум, органик ва минерал ўғитлар аралаштирилади. Бунда органик ўғит (чиритилган гўнг) билан 1:3 нисбатан, яъни 1 қисм гўнг, 3 қисм тупроқ бўлиши лозим, қум эса умумий аралашманинг 10 фоизини ташкил этиши керак.

Кассеталарда майсалар тўлиқ ҳосил бўлгандан сўнг уларнинг талабига қараб, азотли ўғит билан озиқлантиришнинг умумий меъёрининг 15–20% нитрат ҳолида берилади.

Кассеталарга HS-5M линияси тупроқ сув уруғларни белгиланган меъёрларда жойлаб сифатли экади. Линия йўқ бўлган шароитда кассеталарга 2,5 см қалинликда тупроқ аралашмаси, 250–300 г шоли уруғи бир текис солиниб, усти 0,5 см тупроқ аралашмаси билан ёпилади ва доимий 100 фоиз намликда ҳамда 1–2 см қалинликдаги сув сатҳида парваришланади.

Хўжаликда линия ҳам, кассета ҳам бўлмаса текис ерга оддий тешикли плёнка тўшалиб унга 2,5–3 см қалинликда тупроқ-гўнг ўғитлар аралашмаси солиниб ёғоч рейкалар билан 30 см энликда бўлиб чиқилади ва уруғ сепилиб парваришланади.

Кўчатлар экишга тайёр ҳолга келганда 60 см узунликда қирқиб олиниб, экиш машинасига жойлаштирилади.

Республикамизда шолини механизация ёрдамида кўчат қилиб экишда бир иш кунида 1–3 гектар майдонга сифатли қилиб кўчат экиш мумкин.

Асосий экин экиш учун ерни тайёрлаш. Ерни тайёрлаш кузги шудгорлашдан бошланади. Шудгорланган дала баҳорда мола-борона билан ишлов берилиб, узун базали текислагичлар билан даланинг диагонали бўйлаб қирқиб текисланади.

Осма чизеллар билан тупроқ юмшатилиб шолипояларга сув бостирилади ва сувда текисланади. Кўчат экишдан олдин сув бостирилганда далаларга фрезалар ёрдамида ишлов берилади.

Кўчатлар қўлда экиш шароитида шолипояларда 5–7 см, машиналар ёрдамида экилганда 1–4 см қатламда сув бўлиши тавсия қилинади. Қўл билан экилганда кечпишар навлар учун 20х15, ўртапишар навлар учун 15х15 см, ҳар бир уяга 1–2 дона, машиналар билан экилганда мос равишда 30х16, 30х14 см, ҳар уяга 3–5 дона кўчат экилади.

Такрорий экин экиш учун ерни тайёрлаш. Бошоқли дон экинларидан бўшатилган майдонлар ғалла қолдиқларидан тозаланиб, 15–20 см чуқурликда шудгор қилинади. Шудгор мола-борона қилиниб, далаларнинг табиий текислигига мос равишда поллар олинади. Сўнгра сув бостирилиб, сувда фреза билан ишлов берилади.

Кейинги босқичда бажариладиган агротехник тадбирлар шолини асосий экин сифатида экишдаги сингари бўлиб, фақат экиш тасвирида ўзгаришлар мавжуд, яъни қўлда экилганда ўртапишар навлар учун 15х15 см, эртапишар навлар учун 15х10 см, машиналар билан экилганда мос равишда 30х14, 30х10 қилиб экилади.

Ҳар иккала усулда ҳам сув қатламини 2–3 кундан сўнг 8–10 см қалинликка кўтарилади. 5–6 кундан сўнг эса йиллик азотли ўғит меъёрининг учдан бир қисми берилади. Бегона ўтларга қарши кураш чора-тадбирлари зарурат туғилган шароитларда амалга оширилади. Кейинги бажариладиган агротехнологиялар мавжуд шоли етиштириш тавсияномалари асосида олиб борилади.

   А.Абдуллаев, М.Сатторов, И.Халимов     agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!