КУЧСИЗ АСАЛАРИ ОИЛАСИГА КЎМАК ЗАРУР

Ноябрь ойи кузги кўрик вақти ҳамдир. Бунда оиланинг кучи баҳоланади ва уялар қишга тайёрланади. Сентябрь ва октябрь ойларида асаларилар қиёмни шифобахш асалга айлантириб бўлишади ва бу уларга қишки озуқа бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир оилага бундай асалдан 11 килограммдан кам қолмаслиги, ҳар бир рамканинг оғирлиги эса 3-4 килограмм-дан оз бўлмаслиги керак. Шунингдек, ҳар бир уяда асалли рамкаларнинг ташқи четидан камида иккита гул чангли рамка қолиши керак. Оила қишни яхши ўтказиши учун унда камида тўртта асаларили рамка бўлиши керак.

Асаларилар сони камроқ бўлса, оила кучсиз ҳисобланади. Бундай оилага ёрдам бериш учун унга бошқа ана шундай оиладан асалариларни қўшиш керак ва бунда она асаларилардан биттаси ўлдирилади. Энди она асаларисиз қолган оиладан барча ортиқча бўш рамкалар олиб қўйилади ва битта асалли рамка қўшилади. 10-20 сантиметр масофада олдиндан иккита тўсиқ қўйилган ҳолда иккинчи уядан олинган рамкалар қўйилади. Она асалариси йўқ оила аста­секин бошқа томонга ўтиб олади ва икки кундан сўнг тўсиқларни олиб ташлаб, рамкаларни бирлаштириш мумкин. Шуни ёдда тутиш зарурки, захлик асаларилар учун ҳатто совуқ ҳароратлардан ҳам хавфлидир. Декабрь ойида. Совуқ тушиши билан асаларилар ўзларига мақбул ҳароратни сақлаш бўйича қишки клуб ташкил этади. Тез­тез кўрик ўтказиш орқали асалариларни ташвишлантирмаслик керак. Бунинг ўрнига уя кўзига шланг тиқиш орқали ёки уянинг деворига чертиб, тинглаб кўринг. Баланд ғовур­ғувур эшитилиб, дарҳол тинса, демак ҳаммаси жойида. Агарда қуруқ, чирсиллайдиган овоз эшитилса, демак, уяда озуқа етишмайди. Озуқа етишмаганда асалариларга илиқ асал ёки қиём бериш керак, шуни ёдда тутингки, буни заруратсиз ва жуда совуқ ҳавода қилиш керак эмас.

Агарда декабрнинг ўрталарида ҳаво ҳарорати минус 15°С дан ошса, кўрик ўтказиш мумкин. Шу билан бирга оилага варроатозга қарши дорилар, масалан, «бипин» билан ишлов бериш мумкин. Кўрик пайтида мумкатакдаги асалга алоҳида эътибор қаратиш керак. Унинг криссталланишига йўл қўймаслик керак, чунки бунда асаларилар овқатланишга қийналади. Агарда асал криссталланган бўлса, асалариларга қўшимча озуқа бериш шарт. Одатда, январь йилнинг дастлабки ва энг совуқ ойи ҳисобланади. Бу пайтда асаларилар мудроқ ҳолатда бўлади. Шуни билиш зарурки, бу ҳолатда ҳар бир асалари уянинг тубига тушиб қолса, юқорига чиқа олмайди ва совуқдан нобуд бўлади.

Заруратга кўра уянинг томидаги қорни сидириб туринг, ёстиқ ва холст уядан чиқиб қолмаслигини кузатинг, акс ҳолда улар нам тортиши мумкин ва намдан асаларилар ўлади. Қорни тозалашда уяни қимирлатмасликка ҳаракат қилинг, токи асаларилар пастга тушиб қолмасин. Уянинг кўзи олдида ўлик асалариларни кўрсангиз, уларни йиғиб олинг ва албатта кўмиб ташланг, чунки улар инфекциядан ўлган бўлиши ва уя олдида қолдирилса, касаллик тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Февраль ойида ҳаво ўзгарувчан бўлади. Агарда ҳаво илиқ бўлса, бу пайтда биринчи баҳор экинлари гуллай бошлайди ва асаларилар гул шираси ва чангини йиғишга киришади. Илиқ ҳавода асалариларни кўрикдан ўтказишни бошлаш мумкин, аммо ҳаво совуқ бўлса, фақат эшитиш билан чегараланинг. Заруратга кўра, асаларилар озуқаси камайса ёки асал қотиб қолса, уларга қўшимча озуқа беринг.

Қўшимча озуқанинг яна бир тури — асалли шакарли хамир. Уни тайёрлаш учун бир қисм суюқ асал ва тўрт қисм шакар кукунини олинг. Асални 40 даражагача иситинг ва кукун билан аралаштиринг. Ҳосил бўлган хамирдан кулча ясанг ва уяларга рамкаларнинг устидан қўйинг. Март ойида. Ҳудудга боғлиқ равишда февраль­март ойларида асаларилар қиш уйқусидан уйғона бошлайди.

Яхши об­ҳавода улар уядан учиб чиқиб, гул шираси ва чангини йиғишга киришади. Аммо ҳали об-ҳаво барқарор эмас, табиатдан олинган озуқа асалариларга етишмаслиги мумкин. Шу сабабли уларга қўшимча озуқа бериш керак. Ҳаво илий бошласа ва ҳаво 15°С дан пасаймаса, асосий баҳорги тафтишни ўтказинг. Дастлаб асаларилар қишдан қандай чиққанлигини, оилалар кучини ва оилада она асалари борлигини текширинг.

Асалари уясига «ўғри» тушса… ҳар гал асалари уясини кўздан кечирар экансиз, сиз уларни хавотирга соласиз ва вақтинчалик оиланинг нормал ҳолатини бузасиз. Уядаги ним қороғуликка ўрганган асаларилар, сиз қопқоқни очганингизда бутун уяга тўғри қуёш нурлари тушиб, уни ёритади.

Бундай кескин аралашувдан асаларилар асабийлашади ва улар ўз вазифаларини бажармай қўяди: она асалари тухум қўйишни тўхтатади ва уя ичига кириб кетади, энага асаларилар ғумбакларига қарамай қўяди, кириш-чиқиш йўлини қўриқлаш сусаяди. Энг ёмони, ўша пайтда ён­атрофга асал ҳиди таралиб кетади. Агар бу пайтда атрофда ширали гуллар кўп бўлмаса, ушбу ҳолатнинг ёнидан учиб ўтаётган арилар дарҳол очиқ уя томон йўналади

. Оила тартибсиз аҳволга тушиб қолгани сабабли «ўғри» асаларилар бирон­бир тўсиқсиз асалдан тўйиб олади ва ўз уяси томонга учади. Бир неча дақиқадан сўнг улар яна бошқа ариларни эргаштириб, қайтиб келади. Бу ҳол такрор ва такрор содир бўлади ва тобора кўпроқ асаларилар уяга кириб, асал ўғирлашга ҳаракат қилади.

Соқчи асаларилар уяни ўзгалар ҳужумидан ҳимоялай олмаса, ҳужумкор асаларилар уя ичига кириши ва ҳатто она асаларини ўлдириши мумкин. Бу ҳолда шу уяда яшаётган оила ҳалокатга учрайди. Ҳимояланаётган уя арилари чекинади, асалдан олиб, ўғри асаларилар уяси томон учиб кетади. Ҳужумга учраган уя талон-тарож қилинади ва оила барбод бўлади. Бу ҳужум деб аталади. Бошланган ўғриликни деярли тўхтатиб бўлмайди ва бу ҳақиқатдан ҳам жиддий йўқотишга олиб келиши мумкин.

Шу сабабли ўғриликнинг олдини олишга ёрдам берувчи оддий қоидаларга амал қилиш зарур. Бунинг учун аввало асал олишда унинг бир томчисини ҳам ерга томизмаслик зарур. Асалли мумкатакларни асаларилар кира олмайдиган жойга қўйиш мақсадга мувофиқ. Агарда оила унчалик мустаҳкам бўлмаса, уя кўзини тўлиқ очиб қўйманг. Яна бир эслатма: асалариларга фақат тунда ёки улар уча олмайдиган об­ҳаволи кунларда қўшимча овқат бериш керак. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юртимизда асал ва асал маҳсулотлари етиштириш учун барча шароит ҳамда имкониятлар яратилган.

Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ушбу соҳанинг ҳам янада тараққий этишига хизмат қилмоқда. Асаларичилик хўжаликлари сони йилдан-йилга ортиб бораётгани эса сўзимизнинг исботидир.

Бу ривожланиш экотизим билан ҳам чамбарчас боғлиқ эканини ҳис этиш, тушуниш, асаларичиликнинг қай даражада муҳим касб эканлигини ҳам кўрсатиб беради. Бу борадаги тажрибаларни ҳар қанча ўргансак, келгусида ўз самарасини беришини унутмаслигимиз зарур.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!