ЛОВИЯ – дуккаклилар оиласига мансуб бир йиллик ва кўп йиллик дуккакли дон экини. Илдизи ўқ илдиз, яхши ривожланади, тупроққа 1,5–2 м чуқурликкача кириб боради. Илдизида туганаклар ривожланади. Пояси ўтсимон шохланади, айрим турлари чирмашиб, 3–4 м. гача етади. Меваси дуккак, ранги оч пушти ёки тўқ жигарранг, қора. Дуккагида 6–12 та уруғ бўлади. Уруғи буйраксимон, ранги оқ, сариқ, пушти. 1000 донаси 50–370 г. Ловия иссиқсевар ўсимлик, уруғи 8–10 °С да униб чиқади. Майсаси 0,5–1 °С совуқда нобуд бўлади. Ловия намсевар, унумдор тупроқ шароитларига талабчан. Ўсув даври 75–120 кун. Ёрмаси оқсилга бой, юқори калорияга эга. Дони таркибида 20–31% оқсил, 0,7–3,6% мой, 50% крахмал, 2,3–7,1% клетчатка мавжуд. Пояси чорва моллари учун яхши озуқа ҳисобланади. Ҳосилдорлиги 25–40 ц/га. Ловия зараркунандалари: ловия ва нўхат донхўрлари; касалликлардан энг кўп зарарлайдигани антракноз ва бактериоз.
Экиш учун тавсия этилган навлар: маҳаллий навлар экилади.
Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Бир хил ўлчамли, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар экилади.
Ерни экишга тайёрлаш. Фасол кузги дон экинларидан ва чопиқ қилинадиган экинлардан кейин экилади. Бир экилган жойга 2–3 йилдан кейин қайта экилади. Дала ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланиб, ер 25–27 см чуқурликда юмшатилади ва текисланади.
Экиш муддати ва усули. Фасол уруғи июнь–июль ойларида қатор ораси 60–70 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 4–6 см. 10 сотих майдонга 6–8 кг уруғ сарфланади.
Парваришлаш. Ягана қилинмайди. Суғориладиган шароитда шоналашгача 1–2 марта, шоналаш-гуллаш даврида 2 марта суғорилади.
Ўғитлаш. Ўтмишдош экинга гўнг солинади. Талаб қилинса 10 сотих майдонга соф мода ҳисобида 3–5 кг азот, 2–3 кг фосфор, 3–3,5 кг калий сепилади. Фосфор ва калий ерни тайёрлаш вақтида солинади. Азотли ўғит амал даврида сепилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Дон олиш учун дуккакнинг 70–75 фоизи етилганда ҳосил йиғилади. Пояси чорва моллари учун озуқа бўлади.
Манба: mehnat.uz
















