Маккажўхорини асосий экин сифатида етиштириш

Экиш учун тавсия этиладиган маккажўхори дурагайлари: ўртапишар Ўзбекистон–420 ВЛ, Ўзбекистон–601 ЕСВ, эрта-ўртапишар Қорасув–350 АМВ, Ўзбекистон–300 МВ ва ҳ.к.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиладиган маккажўхори уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, синмаган, тўқ, текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 10–12 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалаш билан бошланади. 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) чириган гўнг солинади ва камида 18–20 см чуқурликда юмшатилиб, йирик кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Маккажўхори уруғи жанубий вилоятларда март ойининг III, апрель ойининг I ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган ва Фарғона водийси вилоятларида апрель ойининг I–II ўн кунлиги, шимолий минтақаларда апрелнинг III ва май ойининг I ўн кунлиги мақбул муддат ҳисобланади.

Экиш схемаси ва меъёри. Уруғ 60х24х1 (60 см – қатор орасининг кенглиги, 24 см – уялар ораси, 1 дона – уядаги уруғ сони), 70х20х1, 90х16х1 схемаларда унувчанлиги ва уруғ тозалигига қараб сотихига 220–250 грамм (10 сотихга 2,2–2,5 кг) меъёрда экилади.

 

“Сада эксанг, сояси бор, макка эксанг – пояси”.

 

Халқ мақоли.

 

 

 

 

 

 

Парваришлаш. Маккажўхори ўсимликлари биринчи марта биринчи ўғитлашдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитлашдан сўнг, учинчи марта султонлар чиқариб, гуллаш даври бошланганда, тўртинчи марта эса доннинг сут-мум пишиш даврида суғорилади. Агар ер қумлоқ бўлса, тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади.

Экиш тугалланганидан сўнг уруғлар униб чиққунча қатқалоқ ҳосил бўлганда тупроқ кетмон билан 3–4 см чуқурликда чопилади. Ўсимликлар униб чиқиб, 5–6 та чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6–8 см чуқурликда юмшатилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8–10 барг ҳосил қилганда 8–10 см чуқурликда ўтказилади.

Ўғитлаш. Кузда чопиқ олдидан 1 сотихга фосфорли минерал ўғит 0,9 кг, калийли ўғит 0,6 кг меъёрида солинади. Ўсимлик 5–6 та чинбарг чиқарганда ва 10–12 та чинбарг чиқарганда ҳам 2,2 кг. дан азотли ўғит билан озиқлантирилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Зарур бўлганда маккажўхорининг асосий зараркунандаларига қарши курашда бракон ва трихограммалар қўлланилади. Сўта донлари сут-мум пишишга кирганда, кўсак қуртига қарши трихограмма ва бракон капалакларидан фойдаланилади. Ўсимликда 6–8 барг ҳосил бўлганда тушадиган кўсак қуртига қарши кимёвий курашда Каратэ эритмаси ишлатилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда чопиқ ишлари амалга оширилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Маккажўхори сўталари дон учун тўлиқ пишиш даврида, силос учун эса поялар сут-мум пишиш даврида қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олинади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!