Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ҳукумат таъминлайди

8

«Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.

Маълумот учун: қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши Президентнинг 16.01.2018 йилдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5303-сон Фармони билан назарда тутилган.

Тақдим этилган қонун лойиҳасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ушбу соҳада қандай ваколатлар ва жавобгарликка эгалиги кўрсатиб ўтилади.

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси фуқароларнинг озиқ-овқат билан тўлақонли таъминланиш ҳуқуқларини кафолатлайди ва давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини, шу жумладан:

•  мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг зарур даражада ишлаб чиқарилишини;
•  ички ва ташқи салбий омиллар таъсиридан қатъи назар, давлат озиқ-овқат захираси мавжуд бўлиши, янгиланиши ва тўлдирилишини;
•  давлатда ишлаб чиқариладиган ва фуқароларга сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг давлат стандартлари тизими талабларига мувофиқлигини таъминлайди.

Иккинчидан, лойиҳа билан республиканинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш учун жавобгарлик Ҳукумат зиммасига юклатилган. Бир йилда мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажми овқатланишнинг физиологик меъёрларига мувофиқ аҳоли йиллик эҳтиёжининг камида 80%ини ташкил этганда, у таъминланган деб ҳисобланади. Яъни таркиби ва ҳажмлари бўйича аҳоли озиқ-овқат рационининг асосини ташкил этувчи озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг улуши 20%дан ошмаслиги керак.

Учинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат бозори устидан давлат назорати соҳасидаги тегишли назорат функциялари ҳам назарда тутилмоқда.

Бунда умуман мамлакат бўйича ва минтақалар кесимида озиқ-овқатнинг зарурий ва ҳақиқатда ишлаб чиқариш даражалари мувозанатига асосланиб, озиқ-овқат бозори устидан давлат назорати амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси уни ҳам ҳар йили тузади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам улашинг!