Маржумакни такрорий экин сифатида етиштириш

МАРЖУМАК (гречиха) – ўтсимон дон экини. Маржумакнинг бўйи 50–150 см. га етади. Пояси шохланади, яланғоч, қиррали, қизғиш-яшил. Меваси 3 қиррали, қўнғир, қора ёки кулранг. Дони таркибида 12-18% оқсил, 59-62% азотсиз экстрактив моддалар, 2,5–2,7% мой бор, фосфор, органик кислоталарга бой. Донидан турли ёрмалар ва ун тайёрланади. Чиқиндилари чорва учун озуқа. Маржумак намсевар, иссиқсевар экин. Ниҳоллари -2 °С совуқда зарарланади. Вегетация даври   70–90 кун. Асаларилар ёрдамида чангланади. Тупроқ унумдорлигига қараб ҳосилдорлиги 30–44 ц/га. Зараркунандалари: симқурт, битлар; касалликлари: кулрангчириш, занг, қоракуя.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Агидель, Илишевская, Инзерская, Чисменская ва ҳ.к.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун рўвакнинг энг юқори қисмидаги серҳосил уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Маржумак кузги донли экинлар, картошка маккажўхори, қанд лавлаги, маккажўхори, дон-дуккакли экинлардан кейин экилади. Ерни экишга тайёрлаш ўтмишдош экинларнинг қолдиқларидан тозаланади ва 20–22 см чуқурликда юмшатилади, текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Маржумак уруғи июлнинг охири ва 10 августгача ёппасига қаторлаб экилади. Қатор ораси 15 см бўлганда, 10 сотих майдонга 5–6 кг уруғ сарфланади. Экиш чуқурлиги 4–5 см.

Парваришлаш. Ўсимликлар ягана қилинмайди. Экин вегетация мобайнида 2–4 марта суғорилиб, ўтоқ қилинади. Суғоришлардан кейин ер юмшатилади, биринчиси 4–5 см, иккинчиси 6–8 см чуқурликда.

Ўғитлаш. Маҳаллий гўнг ерни экишга тайёрлаш пайтида солинади (10 сотихга 2 т ҳисобида). Зарур ҳоларда (гўнг етмаганда) 10 сотихга 4 кг азот, 2 кг фосфор, 4 кг калий берилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Маржумак донлари тўла етилганда ўриб олинади. Пояси чорва моллари учун озуқа бўлади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!