Меваларнинг шоҳи беҳи нега камаймоқда

Жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиат ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли юртимизда энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар етиштирилади, десак, муболаға бўлмайди. Зотан, Ўзбекистон қадимдан ўзининг беқиёс мазаси ва хушбўй ҳиди яққол ажралиб турадиган мева-чевалари билан маълуму машҳур. “Меваларнинг шоҳи” дея эътироф этиладиган беҳи — шулардан бири.
Жаннатмакон юртнинг қайси гўшасига борманг, боғлар, кўчалар, зиёратгоҳлар, ҳовли томорқаларида беҳи дарахтларини учратасиз. Бир нечта Беҳизор номли кўчалар ҳам бор. Хоразм воҳасида олма беҳи, Самарқанду Бухорода ширин беҳи, баҳри беҳи, Фарғонада нон беҳи, Қувада нок беҳилар етиштирилади. Ҳатто, Орол денгизининг соҳилга яқин ҳудудларига беҳи кўчати олиб бориб экишди, фарғоналиклар. Зеро, беҳи дарахти узоқ вақт сувсиз яшай олиши билан бошқа мевалардан ажралиб туради. Лекин беҳининг 80 фоизи Фарғона водийсининг сувга сероб бўлган тоғ ён бағирлари, қир-адирларда етиштирилади.
Фарғонанинг сўлим Шоҳимардон қишлоғида денгиз сатҳидан минг метрлар чамасидаги баландликларда жойлашган Ёрдон қишлоғида тоғлар пойида майда мевали беҳилар пишади. Мезон охирлаб сувлар тиниқ тортган пайтларда Шоҳимардон сойларини ортда қолдириб, ана шу майда беҳилар Водил қишлоғи томон ариқларда оқиб келади.
Қувалик Замира Нуралиева тўқсонинчи йиллар бошида Қалъача қишлоғининг Полвонтош адирларида пахтачилик бригадасини бошқарарди. Адир йўлларининг бошидан охиригача беҳи эктириб парваришларди. Унинг теримчи қизлари этакларига ҳамиша беҳи солиб юришарди. Пахта ва беҳи иси уйқашган ўша лаҳзалар хотираси ўлароқ, бугун Замира опанинг боғида Қува беҳилари ҳосилга кирган.
Аммо кейинги йилларда монилиоз, ун шудринг, шарқ мевахўри зараркунандалари унинг сифатини кескин пасайтирди. Танаси, меваси ва уруғида занг касаллиги пайдо бўлди.
— Мевачиликда даромад манбаи сифатида беҳи гилосдан кейин иккинчи ўринда туради, — дейди Қува туманидаги томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази раҳбари Зафаржон Мамасолиев. — Марказ тасарруфидаги 6 гектар беҳизор ижарачи фермерларга тақсимлаб берилган. Ҳар йили тадбиркорлар томонидан 400-500 тонна беҳи Россия давлатига экспорт қилинади. Ҳисоб-китоб қилинса, битта дарахтида 40-50 килограмм мева бўлади. Бир гектар ердан 200-300 миллион сўм даромад олиш мумкин. Шу йилнинг февраль ойида Туркия давлатида боғдорчилик тажрибасини ўрганиб, у ердан 1250 туп олма беҳи навли кўчат олиб келиб, марказ ерларида 2 гектарлик интенсив боғ ташкил қилдик. Тажриба ўрганиш жараёнида қизиқ бир маълумотга эга бўлдик. Айтайлик, беҳини нок мевасига пайвандлаш учун лаборатория шароитида битта куртакдан бир нечта кўчат яратиш мумкин экан. Бизда эса битта куртакдан бир туп кўчат пайвандланади. Иккинчи жиҳати шундаки, Туркиянинг олма беҳи нави маҳаллий навларимизга нисбатан касалликка кам чалинаркан. Ҳамкорлик натижалари сифатида 2021 йилда марказда жаҳон андозаларига мос лаборатория ва мевани қайта ишлаш цехи барпо этишни режалаштирганмиз.
Олтиндек товланаётган беҳизорлар аро кезган одам бу мумтоз мева дарахтини ундириб ўстирган боғбон меҳнатига тасанно айтади. Бу илмий маскан экинзорларида ўттиз-қирқ йиллардан буён яратиш, яшнатиш ишқи билан меҳнат қилаётган уста миришкорлар бор. Нўъмон ака Жабборов бу боғларни улғайтирган табаррук инсонлардан бири. Ҳар йили эрта баҳордан беҳизорларга шакл бериш, уларни ўғитлаш, суспензиялар ёрдамида дорилаш ишлари боғбоннинг маслаҳат ва кўрсатмалари асосида амалга оширилади. Тўғри, илмий марказда соҳа илмини пухта эгаллаган мутахассислар ҳам бор. Лекин Нўъмон аканинг боғдорчиликдаги тажрибаси мутахассисларнинг назарий билимларига жуда монанд келади.
Эътибор билан кузатган бўлсангиз, йил сайин бозорларда беҳи нархи қимматлашиб бормоқда. Ўтган йилнинг декабрь-январь ойларида беҳи нархи 17-18 минг сўмгача чиқди.
Бундан ўн-ўн беш йиллар муқаддам Фарғона вилоят марказий кўчаларига, шаҳар четидаги йўл бўйларига беҳи кўчатлари ўтқазиш анъана тусини олган. Фарғона — Қўқон йўлининг 5 километргача масофасида йўлнинг икки четида барглари йирик бўлган баҳри беҳи нави баҳордан то кеч кузга қадар манзарали дарахтлар қаторида кўрк сақлаб турарди. Афсуски, айрим мутасадди раҳбарларнинг ўзбилармонлиги оқибатида беҳи галереялари йўқ қилинган. Фикримизча, эндиликда катта йўл ёқалари, маҳалла кўчаларига беҳи кўчатлари экиш, уларни парваришлаш, шу равишда бу мева мақомини тиклаш керак.
Абу Али ибн Сино беҳи мевасидан тайёрланган дамлама дизентерия, ичбуруғ, иситма, ҳафақон, камқонлик касалликларини даволашда, баргидан қанд ва тери хасталикларини бартараф этишда фойдаланган. Айниқса, ўпкани тозалашда беҳи каби беназир мева йўқ. Боболаримиз беҳининг шифобахш хусусиятларини яхши билганлари учун қўрғонларида уни парваришлаб, мевасини куздан то баҳоргача истеъмол қилганлар. Банди билан узиб уйлар, айвонларнинг шифт-пешларига илиб қўйганлар. Табиба момоларимиз унинг ичига асал солиб чўққа кўмиб пишириб, изтиробли йўталларни даволаганлар. Шунингдек, дастурхонларга ҳамиша беҳили ошлар тортилган.
Бугун соҳибкорларимиз дунёдаги жамики тотли меваларни етиштиришнинг ҳадисини олишяпти. Асрлар бўйи эл дастурхонидан аримаган беҳининг серҳосил, эртапишар, маҳаллий шароитларга мос навларини, мазали турларини етиштиришга киришадилар, албатта.

 

М.Сулаймонов, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!