Мингбулоқ туманида замонавий иссиқхоналар фойдаланишга топширилди

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида Наврўз байрами муносабати билан аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи муносиб туҳфалар ҳозирланди.

Хусусан, Гулбоғ қишлоғи ҳудудида Жанубий Кореянинг “Yeollin Engineering Co., Ltd” компанияси сармояси иштирокида барпо этилган “Green house” хорижий корхонаси замонавий иссиқхонаси фойдаланишга топиширилди. Бу ерга қиймати 1 миллион 114 минг АҚШ долларлик технологиялар инвестиция асосида олиб келиниб, ўрнатилди.

Замонавий иссиқхонанинг умумий ер майдони 2 гектар бўлиб, лойиҳа қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ долларига тенгдир. Замонавий иссиқхона ўз фаолиятини бошлаши натижасида 20 киши иш билан таъминланди.

Тумандаги яна бир шундай иссиқхона эса “Чордана” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Best Lochin agrofirmasi” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилди. 9 миллиард 900 миллион сўм маблағ эвазига қурилган мазкур замонавий иссиқхонада асосан помидор ва бодринг маҳсулотлари етиштирилади. Салкам 5 гектар майдондаги иссиқхонада 25 та янги иш ўрни яратилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Наврўз айёми муносабати билан Наманган вилоятининг ҳар бир шаҳар ва тумани аҳлига, хонадон ва оилаларга хуш кайфият бахш этиш ва аҳолига муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида 47 та объект фойдаланишга топширилди.

Ишга туширилаётган 47 та объект йўналишлар кесимида олганда, уларнинг 15 та саноат, 19 таси хизмат кўрсатиш, учтаси қишлоқ хўжалиги, 10 таси эса ижтимоий соҳа объектлари ҳиссасига тўғри келади. Мазкур бино ва иншоотларни тўлиқ қувватда иш бошлаши билан 2 минг 560 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА