Мош

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Маржон, Дурдона, Зилола, Наврўз ва Радость.

Уруғ танлаш. Уруғлик учун йирик ва тўқ уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалашдан бошланади. Ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, текисланади ва 70 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Республикамизда мош асосан июнь ойининг охири ва июльнинг бошларида экилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Мош қўш қаторлаб экилганда (қатор ораси 60 см) уруғ сарфи 10 сотихга 4–4,5 кг, қаторлаб (қатор ораси 60 см) экилганда эса 2,5–3 килограммни ташкил этади.

Парваришлаш. Мошнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун экин қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш зарур.

Суғориш. Мошдан юқори ҳосил етиштириш учун ер ости суви чуқур жойлашган ҳудудларда уруғ сувидан ташқари яна икки марта суғориш тавсия этилади. Ер ости суви 1 метргача бўлган ерларда фақат уруғ суви берилади. Акс ҳолда ўсув даври узайиб, ҳосил пишиб етилмайди.

Ўғитлаш. Мош органик моддаларга бой тупроқларда яхши ўсиб-ривожланади. Экишдан олдин ерга аммофос берилиши ўсимликларни бақувват бўлиб ўсишини таъминлайди ва ҳосилдорликни оширади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Юртимиз шароитида мошнинг касалликларидан антракноз ва аскохитоз (ўсимликни барг, поя ва дуккакларини зарарлайди), зараркунандалардан брухус қўнғизи кўп учрайди. Антракноз ва аскохитоз касалликларини олдини олиш учун уруғликни соғлом ўсимликлардан олиш, уруғларни яхшилаб тозалаш  тавсия этилади.

Брухус қўнғизига қарши қўнғизининг оммавий уруғ қўйиш даври, яъни ўсимликларнинг тўла гуллаш даврида  Атилла  5% эм.к. (10 л сувга-20 мл) билан кимёвий ишлов берилади. Ишлов бериш жараёнини сифатли амалга ошириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Мош дуккакларининг 75 фоизи етилганда пояси билан йиғиб олинади ва усти ёпиқ, шабадали айвонларда қуритилади. Қуритилган дуккаклар янчиб тозаланади.

Мош поялари жодида майдаланади, илмилиқ сувда ивитилади ва кепакка аралаштирилиб молларга берилади. Поялардан силос тайёрлаш ҳам мумкин.

Манба: mehnat.uz