Мошни такрорий экин сифатида етиштириш

42

МОШ – дуккакдошлар оиласига мансуб бир йиллик дуккакли экин. Ўқ илдизи тупроққа 1,5 метргача кириб бориб, азот тўплайдиган туганаклар ҳосил қилади. Сершох пояси 20–100 см ёйилиб, тик ёки чирмашган ҳолда ўсади, барглари кенг, йирик. Меваси дуккак, ингичка, цилиндрсимон, узунлиги 6–18 см, ичида 6–15 та уруғ бўлади. Уруғи сариқ, яшил ва қора, 1000 дона уруғи вазни 40–80 г. Мош иссиқсевар, уруғи 12–15° ҳароратда 5–7 кунда униб чиқади. Майсалари 1–2 °С совуқда нобуд бўлади. Мош намсевар ўсимлик. Уруғининг кўкариб чиқиши учун вазни баробарида сув бериш керак. Айниқса, шоналаш даврида сувни кўп талаб қилади. Соя жойларда яхши ривожланмайди. Унумдор ўтлоқи тупроқда яхши ўсади. Ўзидан чангланади.

Юртимиз шароитида дони баҳорда экилгани 85–95, ёз охирида экилгани 60–65 кунда етилади. Дони таркибида 24–28% оқсил, 46–50% крахмал, 2–4% мой ва витаминлар бор. Мош озиқ-овқатда қўлланилади, осон ҳазм бўлади, унидан макарон тайёрлашда фойдаланилади. Кўк масса учун  чорвачиликда тўйимли озуқа, поясидан силос бостириш мумкин. Касалликлари: фузариоз, бактериоз, аскохитоз, сариқ мозаика; зараркунандалари: чертмакчи қўнғизлар, яланғоч шиллиқ қурт, дала қандаласи.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Победа–104, Радость, Наврўз, Қахрабо ва ҳ.к.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун йирик, тўқ ва шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Мошни кузги дон экинларидан, картошка, сабзавот, маккажўхори, шоли ва бошқа экинлардан бўшаган ерларга экиш мақсадга мувофиқ. Баҳорда экиш учун ер кузда чопилади, эрта баҳорда тирмаланади. Экишгача бегона ўтлар кўпайиб тупроқ қотиб қолган бўлса қайта чопиқ қилинади. Анғизга экилса олдинги экиннинг ҳосили йиғилиб, ер суғорилади. Ер етилганда 22–25 см чуқурликда юмшатилади.

Экиш муддати ва схемаси. Мош апрель ойининг охирида ёки май ойида ва такрорий экин сифатида июнь ойининг охирида кенг қаторлаб экилади. Қатор ораси 60 см, экиш тизими 60х20, 60х15 бўлади. Экиш меъёри 10 сотихга 25000–40000 дона.

Парваришлаш. Ўсув даврида 3–5 марта суғорилади, ўтоқ қилинади, қатор оралари чопиқ қилинади. Гуллаш ва дон тугиш даврида кўпроқ суғорилади.

Ўғитлаш. Чопиқдан олдин 10 сотихга соф модда ҳисобида 4–6 кг фосфор ва 2–4 кг калий солинади. Шоналаш ва гуллаш даврида 2–3 кг фосфор ва 1–2 кг калий солинади. Тупроқда чиринди ва азот миқдори кам бўлса азотли ўғитлар қўлланилади. Азотли ўғитларни экишдан олдин ва ўсув даврида солиш мумкин, меъёри – 2–3 кг. Агар азотли ўғитнинг нормаси ошиб кетса, биологик азот ўзлаштирилмайди. Бегона ўтларга қарши дуккакли-дон экинларда қўлланадиган гербицидлар ловияда ҳам ишлатилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Дуккакларнинг 75–80 фоизи пишганда ҳосил йиғилади. Пишганда дон навига хос тусга киради. Ҳосилни эрталаб ёки кечқурун дуккаги кам чатнайдиган вақтда йиғиш лозим. Экин ўрилади, хирмонда қуритилади. Дон янчиб олинади. Кўк масса учун  ва пояси молларга берилади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!