Наманганда қуёнчилик ривожланмоқда

Мамлакатимизда кейинги йилларда қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, соҳа вакилларига қатор қулайликлар яратилмоқда.

– 2017 йилда 10 та қуён билан илк фаолиятимизни бошлаганмиз, – дейди тадбиркор Ҳасан Миржалолов. – Тез орада улар сони 100 дан ошди. 2019 йилда Чустда “Futurelightgroup 2020” қуёнчилик кластерига асос солдик. АТБ “Микрокредитбанк”нинг 2 миллиард сўмлик молиявий кўмаги билан қуёнлар сонини 2500 бошга етказдик. 2020 йилда Хитой ва Россиядан ускуналар келтириб, озуқа ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўйдик. Қуён боқиш учун махсус панжарали уялар ишлаб чиқарувчи корхонамизни ишга туширдик. Айни пайтда қуёнчилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга қуён болалари, улар учун уялар ҳамда озуқа етказиб бериш билан шуғулланяпмиз.

Мутахассислар фикрича, инсон йил давомида истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларининг 5 фоизи, яъни 4,5 килограмми қуён гўштини ташкил этиши керак экан. Шундан келиб чиқиб, юртимиз бозорида йилига 150 минг тонна қуён гўштига талаб бор.

Қуёнчиликни ривожлантиришнинг асосий омили шахсий томорқа хўжаликлари саналади. Қуёнчилик равнақи нафақат бозорда истиқболли талабни шакллантиришдаги имкониятлари, балки унинг биологик хусусиятлари туфайли ҳам юқори салоҳиятга эга. Яъни, уй ҳайвонлари орасида энг тез етиладигани шу жонзот. Мисол учун, бузоқ вазни 47 кунда икки баробар ошса, қуён боласи бундай натижага 6 кунда эришади. Шунингдек, урғочи қуёнларни тўрт ойлигидан бошлаб урчитиш мумкин. Боқиш ва парвариш яхши шароитда тирик вазни 5 килограмм бўлган битта урғочи қуён йилига 7 мартагача болалаши, боқувга 42 тагача қуён боласи бериши мумкин. Бу эса 100 килограммгача гўшт, 42 дона мўйна, деганидир.

Айни пайтда наманганлик тадбиркор Поп туманида янги фермага асос солиш, қуён гўшти ва мўйнасини қайта ишлаш тармоғини йўлга қўйиш лойиҳаси устида ишламоқда.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),  ЎзА