Нав яхши танланиб, қаров яхши бўлса ҳосилдорлик мўл бўлади

Айни кунларда Фарғона вилояти ғалла майдонларида буғдойга ўроқ тушиб, уни йиғиш ишлари авж палласига кирган.
Жорий йил вилоятда 104 минг 700 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Ўрим-йиғимда 336 та комбайн, 1700 дан зиёд ташув техникаси ҳамда бошқа транспорт воситаларидан самарали фойдаланиб, уларнинг бир маромда ишлаши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мавсумни қисқа фурсатларда, сифатли ўтказиш учун отрядлар тузилиб, ҳар бир гуруҳга тегишли соҳалар мутахассислари жалб этилган. Шунингдек, ишчи-механизаторларнинг вақтида дам олиши ва овқатланишлари учун барча шароитлар яратилган.
Деҳқон ва мутахассисларнинг фикрича, бу йилги ғалланинг чўғи ҳар йилгидан яхши. Вилоятнинг барча фермер хўжаликларида куздан бошлаб қилинган машаққатли меҳнатнинг ҳосилидан баракали хирмон кўтарилмоқда. Бугунги кунда Қувасой шаҳри, Фурқат, Бешариқ, Учкўприк, Бувайда туманлари ўримда пешқадамлик қилмоқда.
Тошлоқ туманида ҳам ғалла ўрими уюшқоқлик билан давом этмоқда. Туманда ғалла майдони 5 минг 355 гектар бўлиб, ўрим-йиғим ишларига 17 та замонавий комбайн жалб этилган. Кунига 1000 тоннадан дон йиғиб олинмоқда. Айни кунларда илғор хўжаликлар режани ортиғи билан уддалади. Жорий йилда илк бор «Соҳибжон замини» ва «Сарварбек сурури» фермер хўжаликлари томонидан ғаллачалик кластери ташкил этилди. Мазкур кластерларга бириктирилган фермер хўжаликларида ҳам юқори ҳосилдорликка эришиляпти.
photo_2020-06-19_10-56-59.jpg
Тумандаги «Ханифахон ЖБИ» фермер хўжалигининг 45,7 гектарлик ғалла даласидан сара дон йиғиб олиниб, ҳар бир гектаридан ҳосилдорлик 80 центнерни ташкил қилди.
– Ғалла етиштириш борасида яхши тажриба орттирдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Баҳодиржон Жўраев. – Илгарилари шу ерлардан 30 центнердан ҳосил олардик холос. Агротехник тадбирларга эътибор қаратиб, навни яхши танлаганимиз ўзининг амалий самарасини кўрсатди. Ҳали ўрилмаган ғалла майдонимиз ҳам бор, ортиқча донни 15 нафар ишчимизга бўлиб беришни мўлжаллаб турибмиз. Мўл ҳосил етиштиришда уларнинг меҳнати катта бўлди. Хирмон донга тўлиб, юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз.
Жорий йилдан бошлаб, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор қилинганлиги тарихий воқеа бўлди. Асосийси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бу каби ислоҳотлар натижасида янгича қараш шаклланмоқда. Кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари манфаатдор бўлиб, соҳага инновацион технологияларни олиб киришни бошлади. Буларнинг барчаси халқимиз дастурхонининг тўкин бўлиши ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!