Нидерландиядан наслли моллар олиб келинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019-2021 йилларда Оҳангарон туманида 17 та қорамолчилик, 13 та қўй-эчкичилик комплексини барпо этиш кўзда тутилган. Айни дамда мазкур комплексларни қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбиркорлар аллақачон чет элдан зотдор молларни олиб келишни бошлаб юборди. Хусусан, қорамолчиликка ихтисослашган “Қурама қорабайирлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан Нидерландиядан 61 бош «Ангус» зотли наслли қорамол олиб келинди. Шунингдек, август ойининг охирига қадар чет элдан яна 429 бош зотдор мол олинади.
– Лойиҳамизнинг умумий қиймати 41 миллиард 580 миллион сўм бўлиб, қорамолчиликка асосланган, – дейди МЧЖ раҳбари Тошпўлат Маткаримов. – Ҳозир чорвачилик комплексида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу ерда чорва молларини боқиш билан бирга, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам барпо этилади. Йилига 9 минг тонна сут, 86 тонна гўшт етиштиришни мўлжаллаганмиз.
Мазкур комплекс фаолияти учун туман захира ерларидан 320 гектар сувли, 880 гектар яйлов ва 208 гектар лалми майдонлар ажратиб берилди. 6 гектар майдонда эса комплекс объектлари қурилмоқда. Айни пайтда қурилиш ишлари 30 фоизга бажарилган. Ҳозирги кунда 40 га яқин янги иш ўрни яратилган бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, уларнинг сони 80 тадан ортади.
Лойиҳа мутасаддилари наслли қорамоллар сонини йил охирига қадар минг бошга етказишни мақсад қилган.
Манба: А. Мусаев, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!