6 сотих жойда 60та новвос боқаётган хонадон

Фарғона водийсида ер танқис, яйлов деярли йўқ. Шундай бўлса-да, хонадонида новвосларни ем бериб боқиб даромад топаётган чорвадорлар бор.

Балиқчи туманининг Тумор қишлоғи хонадонларида 10-20тадан бўрдоқи новвос боқилади. Биз бозорларини гўшт маҳсулотига тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшаётган хонадонларнинг тажрибаси билан танишдик.

Тумордаги Абдусаминжон Хусаинов хонадонида 6 сотих жойда нақ 60та новвос парваришланмоқда.

Абдусаминжон Ҳусаинов ўз қорамоллари боқилаётган шароит билан таништирди. Молхонада дерли бир хил ёшдаги новвослар емлаб боқилмоқда. Абдусаминжоннинг ёш новвосчаларни тез етиштириш бўйича ўзига ҳос технологияси бор.

“Чорвага қизиқиши бўлмаган одам мол боқа олмайди. Ёшлигимдан қорамол боқишга қизиқаман. Шу олти сотихлик участкамизда молхона ташкил қилиб, новвослар сонини олтмиш бошга етказдик.

Новвос боқишимизни сабаби, новвос тез етилади ва тез даромадга киради.

Бошқалар учун билмадим-ку, мен учун новвос боқиш қийин иш эмас. Шароитларни яратиб олиб, икки маҳал ем, ўти, суви бериб турилса бўлди.

Асосан Қирғизистондан зотли икки ёшга етган новвосчаларни олиб келамиз. Қаровини қилиб, дори-дармон вақтида бериб турсак, олти ойда етилиб даромадга киради. Чорвамиз доимий ветеринар назоратида боқилади”, дейди Абдусаминжон Ҳусаинов.

Чорвадор бизга уч ой олдин 9 млн сўмга олинган новвосни кўрсатди. Унинг айтишича, яна уч ойдан сўнг етилган новвоснинг нархи 19 миллионга чиқар экан.

Олти сотих ернинг барчаси ҳам молхона эмас. Майдоннинг бир қисмига куз ойларида силос ўра қилиниб, 150 тонна силос жамлаб қўйилган. Қорамоллар асосан силос ва омухта ем билан боқилади. Кичик навесда кепак, шелуха сақланар экан.

“Оиламизда 8 киши бўлса, барчамизнинг ишимиз мана шу қорамолларга қараш. Уй-жойларимиз, шарт-шароитларимиз етарли. Ўзим ва ўғлимга биттадан автомашина олганмиз. Бир йиллик даромадимиз ўртача 250-300 миллионни ташкил этади. Меҳнат қиляпмиз, шу меҳнатни орқасидан фаровон яшаяпмиз. ”, – дейди чорвадор.

Биз маҳалланинг бошқа хонадонларига ҳам кириб, боқилаётган қорамолларни кўрдик. Шуҳратбек Ғаниев хонадонида 20 та , Ўткирбек Ғаниев хонадонида эса 16 та новвос бўрдоқига боқилмоқда.

Уларнинг нисбатан каммеҳнат ва кам озуқа сарфлаб бўрдоқичилик билан шуғулланиб самарага эришаётган туморликларнинг тажрибасини ўрганиш ва кенг ёйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Манба: kun.uz