Оҳангаронда 30 та йирик чорвачилик мажмуаси қурилади

Жорий йилнинг 14 апрелида давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирларга ҳам алоҳида урғу берилди.

Оҳангарон республикамизнинг чорвачиликка ихтисослашган туманларидан биридир. Бунга ҳудуднинг қулай табиий-географик жойлашуви, иқлим шароити ва бошқа омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Қолаверса, оҳангаронликлар қадимдан чорвачилик ва деҳқончилик борасида бой тажрибага эга. Айнан мана шу жиҳатлар мамлакатимизда соҳани янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида туманга алоҳида эътибор қаратилишига замин яратмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарорида ҳам мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳисобига чорвачиликни янада ривожлантириш, замонавий технологиялар асосида чорвачилик комплексларини ташкил этиш ҳамда аҳоли истеъмоли учун сифатли соҳа маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш кўзда тутилган. Унга кўра, 2019 — 2021 йилларда қорамолчилик ва қўй-эчкичиликни ривожлантириш мақсадида, туманда умумий қиймати 746 млрд. 598 млн. сўмга тенг бўлган (шундан 53 млн. 210 минг доллари хорижий инвестиция) 30 та чорвачилик комплекси (17 та қорамолчилик, 13 та қўй-эчкичилик) ташкил этилиши режалаштирилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, айни пайтда мазкур лойиҳалар учун 20 124 гектар суғориладиган ер, 50 033 гектар яйлов-пичанзорлар, қурилиш ишлари учун эса 149 гектар майдон ажратилди. Ҳозирги кунда чорва комплексларини қуриш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳалар доирасида 44 500 бош наслли қорамол, 16 000 бош қўй-эчки олиб келинади. Йилига 98 000 тонна сут, 10 817 тонна гўшт, 168 тонна жун етиштирилади.

Манба: xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!