Оҳангаронда киви етиштирилмоқда

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида қуш номи билан аталувчи субтропик ўсимлик – киви етиштирилмоқда.
Киви – аслида қушнинг номи. У Янги Зеландия ўтлоқ ва ўрмонзорларида яшайдиган товуқсимон жонзот бўлиб, мамлакатнинг миллий рамзи саналади. Бундан тахминан 80 йиллар аввал бу мева жуда бемаза таъмда бўлган, фақатгина янги зеландиялик фермерларнинг изланиши ва тажрибаси сабаб у ҳозирги нордон, серсув ва ёқимли таъмга кирган.
Кивини Ўзбекистон шароитида ҳам бемалол ўстириб, кўпайтирса бўлади. Омилкорликда шуҳрат қозонган оҳангаронлик боғбонлар буни амалда исботлади.
Хусусан, шаҳарнинг “Хонобод” маҳалласида истиқомат қилувчи уста боғбон Ортиқ Эргашев ўз хонадонида киви етиштирмоқда. Боғбонлик касбига қизиқиши юқори бўлган Ортиқ ака хонадонига кириб, “инсоннинг қўли гул“, деганларига яна бир бор амин бўлдик. Хилма-хил дарахтлар яшнаб турган боғга бир кирган одамнинг қайтиб чиққиси келмайди. Боғда анор, узум, олма, гилос, ноканжир, қораанжир, сморидина, малина, лимон, ҳинд настарини, турли сабзавотлар ва бизни ҳайратда қолдирган киви дарахти яшилликка бурканиб, гуллашга чоғланмоқда.
photo_2020-05-08_16-29-06.jpg
Ортиқ ака 3 йил олдин тажриба учун киви экди. Эндиликда шифобахш ва мазали бу мевани ўстиришни пухта ўзлаштириб олиш ниятида. “Ўзимизнинг токка ўхшар экан, менимча, кивини бемалол бизнинг ҳудудда ҳам етиштирса бўлади. Мана, ҳозир ғунча тугди. Гуллагандан кейин мевага кириши қийин бўлмайди”, дейди суҳбатдошимиз.
Ёшлигимиздан одат бўлгани боис, хонадонимизда томорқа ҳеч ҳам бўш турмайди, – дейди Ортиқ ака. – Ҳар фаслда етиштириладиган мева-сабзавотлар бор. Сабр-қаноат билан ерга озгина меҳр берилса, оилангизни бемалол қишин-ёзин мева-сабзавот билан таъминлай оласиз. Буни мен ўз тажрибамда кўраяпман.
Боғбон акамизнинг таъкидлашича, киви 16, 18 даража совуққа ҳам чидай олади. Тўғри парваришланса, гектаридан 30-40 тоннагача ҳосил кўтариш мумкин.
Ортиқ ака 3 йил олдин тажриба сифатида киви мевасининг уруғини қуритиб олиб, гултувакка эккан. Боғбон акамизнинг қайд этишича, у кўчат бўлгандан сўнггина ерга олинади. Биринчи йили қишда совуқ урмаслиги учун ҳашак билан ўраб қўйилади. Кейинги йилларда новдалари анча катталашиб, кучга кириши сабабли қишда ўраш шарт бўлмайди. Худди ток сингари тараб чиқилади. 3 йил деганда ғунча чиқаради.
– Айни пайтда уларни жуда катта эътибор, меҳр билан парваришлаяпман. Ҳозирги нозик давридан ўтиб олса, албатта, мева тугади. Агарда тажриба сифатида бошлаган ишимиз натижаси ижобий бўлса, бу ишни фарзандларим билан янада кенгайтириш ниятидаман, – дейди боғбон
Мафтуна МАЛИКОВА. uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!