Жиззахда “Олма сайли”: миллий мева байрами

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида 27 сентябр куни қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим тадбир — “Олма сайли” ўтказилди. Тадбир “Agrobank” ташаббуси билан “Baxmal Agro Star” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Сайилга соҳанинг етакчи олим ва экспертлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, банк раҳбарияти ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

https://www.youtube.com/shorts/KjxJmui02io

Сайилнинг мақсади

Тадбирнинг асосий мақсади — олмачилик соҳасини ривожлантириш, истеъмолчиларга турли хил олма навлари ва интенсив боғдорчилик имкониятларини намойиш этиш, мевачилик соҳасида эришилган ютуқларни тарғиб қилиш ҳамда фермер ва боғбонларни рағбатлантиришдан иборат.

Олмачилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда республикада 129 минг гектар олма боғлари мавжуд бўлиб, шундан 32,7 минг гектари интенсив усулдаги боғларни ташкил этади.

Инновациялар ва ҳамкорлик

Давлат раҳбарининг қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган топшириқлари доирасида ташкил этилган “Бахмал Агро Стар” МЧЖ — олма ва нок тармоқларини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда хорижий тажрибаларни амалиётга татбиқ қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга йўналтирилган.

Жорий йилнинг июль ойида Франциянинг Dalival компаниясидан олиб келинган янги бозорбоп ва ҳосилдор навли кўчатлар Бахмал туманидаги 13 гектарлик майдонга экилиб, амалий тажриба сифатида татбиқ этилди.

https://www.youtube.com/watch?v=Y6qBcNx_jYQ&pp=0gcJCfsJAYcqIYzv

Шу билан бирга, компания ташаббуси билан Бахмал туманида замонавий агрокомплекс барпо этилиши режалаштирилган. Унда мева-сабзавотларни саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, мураббо ишлаб чиқариш, агротуризм ҳамда аҳоли билим ва кўникмаларини ошириш йўналишлари қамраб олинади.

Тадбир доирасидаги тақдимот ва кўргазмалар

Сайил давомида агрономлар интенсив боғларни барпо этиш ва юқори ҳосилдор кўчатларнинг аҳамияти ҳақида чиқиш қилдилар.
• “Agro In Vitro” мутахассислари инвитро усулида кўчат кўпайтириш технологиясини тақдим этдилар.
• “Agrolab” стендида эса кўчат сифати ва тупроқ таҳлили бўйича замонавий ечимлар намойиш этилди.

Шунингдек, маҳаллий боғбонлар ўз маҳсулотлари билан кўргазмали ярмаркада иштирок этдилар. Олма маҳсулотлари — олма сиркаси, шарбати, қоқиси ва бошқа тайёр маҳсулотлар ҳам сайилда алоҳида ўрин олди.

Хулоса

“Олма сайли” нафақат миллий мева — олмани тарғиб қилиш, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, агроинновацияларни оммалаштириш ҳамда Бахмал тумани агроэкотуризм салоҳиятини очиб беришга хизмат қилди.