Олтиариқнинг ҳар бир хонадонида файз бор

Олтиариқнинг ҳар бир хонадонида файз бор

Сўлим Фарғонанинг мунис бағрида,

бор олтиариқдан сув ичган қишлоқ…
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов томонидан таърифланган бу гўша ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Олтиариқлик яна бир таниқли шоир Анвар Обиджон узум, бодринг ва туруп ҳақида жуда кўп ёзган. Бу ижодкор Олтиариқ тупроғини олтинга қиёслагани ҳам бежиз эмас.
Дарҳақиқат, бу туманга Хизр назар қилган. Тупроқ билан тиллашиш ва диллашиш ҳадисини олган олтиариқликлар узум етиштириш борасида жуда катта ҳаётий тажрибага эга. Шу боис аҳоли томорқаси, ҳатто кўчаларда ҳам бир қарич ер бўш қолмайди. Олтиариқда бир сотих ер ҳам даромад манбаи. Шунга муносиб тарзда олтиариқликларнинг яшаш ва турмуш фаровонлиги йилдан йилга юксалиб бормоқда.
2.jpg
Бугун Олтиариқ туманига борган киши уларнинг миришкорлигидан ташқари яна бир нарсага гувоҳ бўлади. Бу барча қишлоқлардаги уйларнинг олдидаги узум ишкомлари. Бирор хонадонга меҳмонга келсангиз, албатта, фарғонача лутф билан кутиб олишади ҳамда бир пиёла чойга таклиф қилишади.
3.jpg
Фарғонада ҳар куни эрта тонгдан ҳовлию кўчаларни супуриб, сувлар сепиш одатга айланган. Айниқса, қишлоқ кўчаларини кезаркансиз, саришталикдан дилингиз яйрайди. Халқимизнинг ҳар бир хонадони ўзига хос. Ҳозирги кунда баҳорги ишлар янада авж олган. Кимдир томорқасидаги, яна кимдир эса кўчадаги ободонлаштириш ишлари билан банд. Олтиариқликларнинг мўъжаз хонадони ўзларидек истарали, файзли. Қуёш бош кўтармасдан келинлар ҳовлини супир-судир қилишни бошлайди.
44.jpg
– Илгарилари қишлоқларда уй-жойларга унчалик эътибор берилмасди, – дейди Қапчуғай қишлоғида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Муталибжон Хўжаев. – Бугун эса вазият умуман ўзгарди. Пишган ғиштдан уйлар қад ростлаяпти. Пахсали уйлар деярли қолмади. Мана, ўзингиз хонадонимни бир кўринг. Ошхона, тандирхона, ҳаммом, ҳожатхона… Шаҳардан қолишмайдиган шароит қилганман. Келинларимга уст-бошларни ювиш учун замонавий маиший техникаларни олиб берганман. Қишин-ёзин иссиқ сув бор. Саришталикка доимо эътибор қаратганим учун ҳам бу одат барча оила аъзоларимга “юққан”.
Ҳақиқатдан ҳам бугун қишлоқ кўчаларини кезаркансиз, кимдир иморат қуришга киришган, яна кимдир уйини таъмирлаётганини кўрасиз. Олтиариқда ҳар бир кўчанинг таровати ва файзи бор.
Тумандаги “Узумчи” маҳалласининг таърифи юртимизнинг барча ҳудудларида машҳур. Бу ердаги узум етиштириш ва уни сақлашда ўзига хос тажриба яратилган. Ҳар бир ҳовлида узум ишкомлари бор. Маҳаллада май ойигача узум сақланади. Уларнинг бу борадаги маҳоратига қойил қолмай иложингиз йўқ.
“Узумчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерали Мўминовнинг айтишича, ҳудуддаги 704 та хонадонда уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг аксарияти узум, бодринг, қалампир етиштириш билан шуғулланади. Албатта, меҳнат қилган шунга яраша даромад ҳам кўряпти. Буларнинг эвазига тўйлар бўляпти, уйлар қуриляпти. Эътиборли жиҳати, бу маҳалладаги ҳар бир хонадонда автомашина бор. Ҳар бир оиладан кимдир ҳаж амалини бажариб, “ҳожи” деган номга сазовор бўлган.
4996d4f5-e917-485d-90f5-42648ffe74da.jpg
Исақжон Бойматов, Эргашали Мамажонов, Собирхон Мамасоттиев, Раҳмонжон Йўлдошев каби ибратли оилаларга барча ҳавас билан қарайди. Уларнинг хонадонидаги уй тутуми, ободлиги барчага ўрнак.
Жалолиддин Бойматовнинг хонадонидамиз. Уч нафар фарзанд камол топаётган бу оила меҳнаткашлиги билан эътиборга тушган. Уй эгасининг узумчиликдаги тажрибасига рости қойил қолдик.
– Узумни худди янги узилгандек, бандини кўм-кўк ҳолда сақлаяпмиз, –дейди Жалолиддин. – Буни «баклашка услуби» дейди. Бунда пишган узумни калтаги билан кесиб, ўша халқ «баклашка» дейдиган пластик идишга солиб қўямиз. Ҳозир ҳам ана шу усулда сақланаётган узум бор.
Унинг мўъжазгина хонадонида етарли шароитлар яратилган. Ўтган йилда даромади ҳисобидан янги уй қурди. Унда алоҳида меҳмонхона, ҳаммом бор.
Бугунги кунда Олтиариқ туманида 72 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Полосон, Повулғон, Эскиараб, Файзиобод, Зилха, Азимобод каби қишлоқлардаги ободончилик ва соҳибкорлик ишлари таҳсинга лойиқ.
Яхшиси, Олтиариққа бир келинг. Бу ердаги янгиланишларни ўзингиз гувоҳи бўлинг. Шунда ўзингиз туман аҳлининг меҳнаткашлиги
ва миришкорлигига тасаннолар айтасиз!..
Манба: Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА мухбири. Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!