Она ерга меҳр қўйган ёш фермер муваффақияти

0

Ёш фермерларга яратилаётган қулай шарт-шароит ва кенг имтиёзларни кўра билиб туриб, бундай имкониятлардан фойдаланмасликнинг иложи бормикан?! Асло йўқ! Четга чиқиб хор-у зорликда ишлаб, Ватан соғинчи ила ҳузур-ҳаловатдан адашгандан кўра ўз Ватанимизда, она еримизда меҳнат қилсак, озгина меҳр берсак, она ер бизни ҳам, оиламизни ҳам боқадику! Ҳали ҳеч кимса Ватандан айроликда бахт топиб, рўшнолик кўрган эмас. Не қилса ҳам “Ўз уйинг– ўлан тўшагингдир”!

Она замин, ота маконидан йироқда ишлаб, тезда  бойиб кетиш  каби хою-ҳавасларга бегона қаҳрамонимиз  Муҳаммад Мелибоев  “Ўз  юртимда  пешона терим билан ҳалол меҳнат қиламан”–  дея,  аҳд қилган.  Ерга меҳр қўйган ёш фермеримиз икки йил аввал эзгу ниятлар билан фермермерликка қўл уради.  У ғалла ва сабзавотчиликка йўналтирилган фермерлик фаолиятини дастлаб 10 гектардан ошиқроқ ерда бошлайди. Биринчи йилдаги эришилган юқори натижалар уни янада руҳлантиради. Касбига бўлган меҳрини, иштиёқини ошириб, шижоатини аланга олдиради.  Фаолиятини янада ривожлантириш ва самарали ҳосил олиш учун 2 та трактор техникасига муҳтожлик сезгани сабаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқига мурожаат этади.  Қисқа вақт ичида ёш фермеримизнинг мурожаати қаноатлантирилиб, ташкилот кўмаги билан Агро банкнинг Оҳангарон тумани филиали орқали имтиёзли кредит эвазига 2 та трактор  олишга муваффақ бўлди.

Имтиёзлардан унумли фойдаланаётган қаҳрамонимиз мазкур имкониятнинг асосий мезони сифатида Юртбошимиз томонидан ёш фермерларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорларни эътироф этди. Бу ислотлар фермерларнинг узоқ кутган орзуларини амалга оширишига замин яратганини таъкидлади.

“Илғор фермер деҳқончилик билан чекланмаслиги керак. Қўшимча тарзда корхона яратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Фермер фаолиятини ривожлантира олган фермернинг ишида унум бўлиб,  кўп тармоқлиликка эришади” – дейди Муҳаммаджон.

Тошкент вилоятида 600 нафардан зиёд ёш фермерларимиз ўз фаолиятини олиб бормоқда. Она ер ёш фермерларнинг шижоати ва меҳнати билан янада унумдор бўлса ажаб эмас.

Шахноза Нуруллаева   yi.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!