Она заминимизга Рамазон ойи муборак!

Юртимизга файзу барака, меҳр-оқибат ойи – муборак Рамазон ойи кириб келди. Бугунги синовли кунларда инсон саломатлиги, унинг бахту саодати нечоғлик қадрли, муҳим эканлигини юракдан ҳис этаяпмиз.

Муҳтарам Президентимизнинг коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин даврида бир неча бор халққа мурожаат қилишлари, элимизни бу балодан асраш борасидаги саъй- ҳаракатлари каттаю кичик томонидан илиқ кутиб олингани ҳам бежиз эмас. Мана шундай шароитда давлатимиз раҳбари томонидан сиз, азиз қишлоқ хўжалиги ходимлари зиммасига катта масъулият юклангани, элимиз дастурхонини тўкин бўлиши учун ғайрату шижоат билан ишлашга, дала юмушларини янада жонлантиришингизга ундайди.Негаки, аграр соҳа иқтисодиётимизнинг битмас – туганмас хазинасидир. Бу соҳада энг илғор тажриба ва технологияларни қўллаш ҳосилдорликни икки- уч карра ошириш имконини яратади. Томорқа хўжаликларида йилига икки- уч карра ҳосил етиштирилаётгани, иссиқхоналар майдони кўпайиб, томчилаб суғориш, интенсив боғлар яратиш ишларининг кўпайгани Президентимизнинг диққат–эътиборида. Соҳани янада ривожлантириш, модернизация қилиш, инновацион янгиликларни жорий этиш, шу орқали сифат ва самарадорликка, юқори ҳосилдорликка эришиш сизу бизнинг фидойилигимиз, ватанпарварлигимизга боғлиқ. Мана шундай шарафли вазифаларни сидқидилдан уддалашда барчангизга Яратгандан куч- қувват тилайман.

Бугун, ана шундай қийин шароитда, Сиз – муҳтарам деҳқонларимиз, фермерларимиз, турли соҳаларга йўналтирилган кластерларда фаолият кўрсатаётган кишиларни нафақат қадрлаш, балки ҳар доимгидан фарқли равишда елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Сабаби, метин иродали, заҳматкаш, ўз меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган Сиздек инсонлар, ҳар қандай об-ҳаво шароитида она заминга ўз меҳрини бериб, тупроқдан олтин ундиришга астойдил бел боғламоқда.

Бу йўлда барчангизни Аллоҳнинг ўзи қўлласин. Бу йилги ҳосилимиз мўл, дастурхонимиз барокатли, юртимиз осойишта бўлсин!

Барчангизни улуғ айём – рўзаю Рамазон туҳфаси билан яна бир бор муборакбод этаман!

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати