Ўзбекистонда павловния плантациялари ташкил қилинади

Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг республика бўйича тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метр чуқурликда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида павловния плантацияларини ташкил қилиш бўйича таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Тошкент давлат аграр университети олимлари ҳамда вилоятлар ҳокимликлари иштирокида павловния плантацияларини ташкил қилиш ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича тузилган Ишчи гуруҳи тасдиқланади.

Ишчи гуруҳининг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланади:

соҳа олимларини жалб қилган ҳолда павловния дарахтининг биологик хусусиятидан ҳамда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, плантациялар ташкил этиладиган ҳудудларни ўрганиб чиқиш;

келажакда олинадиган хом-ашё маҳсулдорлигини ошириш, қайта ишлашга ва экспортга қулай шароит яратиш мақсадида павловния плантацияларини барпо этиш учун ҳар бир лойиҳа бўйича камида 100 гектардан кам бўлмаган ер майдонларини ажратилишини ташкил этиш;

павловния дарахти плантацияларини барпо этиш учун молиялаштириш манбаларини аниқлаш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳар чорак якунида ахборот тақдим этиб борилади.

Қуйидагилар:

республика бўйича тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метр чуқурликда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида синов тариқасида 2020-2024 йилларда павловния дарахти плантацияларини барпо этиш прогноз кўрсаткичлари;

павловния дарахти плантацияларини барпо этиш 2020-2024 йилларда талаб қилинадиган кўчатлар миқдори прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади.

Фойдаланилмаётган, захира майдонларидан тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган павловния етиштирувчи талабгорларга ер майдони танлов ўтказмасдан туман ҳокимлари қарори асосида ажратилишига рухсат берилади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Тошкент давлат аграр университети, республикада илм-фан ва инновацион технологияларга асосланган уруғсиз, стерил павловния дурагай кўчатларини in-vitro, қаламча ва бошқа вегетатив усулларда тайёрлаш ва кўпайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиб, ўзларининг веб-сайтларига жойлаштиришади.

Асаларичилар уюшмаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси асал етиштирувчилари ва павловния плантацияларини барпо қилишни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларни ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда павловния дарахтларини плантацияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг маблағларини жалб этиш чоралари кўрилади.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қурилиш материаллари саноатида ёғоч ва ёғоч-қиринди хом-ашёси сифатида павловнияни ишлатиш имкониятларини хорижий инновацион тажрибасини ўрганиб чиқиб, ўрганишлар натижасида ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотни етиштириш муддати ва ҳажмларидан келиб чиқиб буюртма бериш бўйича буюртмалар портфелини шакллантириб бориш вазифаси юклатилади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги республикада мебель ва қурилиш саноатида, энергетика, тиббиёт ҳамда ободонлаштиришда павловнияни кенг қўллаш бўйича талаб ва таклифни ўрганиб чиқиб, соҳалар кесимида павловния хом-ашёсига бўлган талабни ҳамда қўшилган қиймат ҳосил қилувчи тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларини (ТЭО) ишлаб чиқишади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!