Бу дарахт Ер шарида энг тез ўсиши билан ажралиб туради, балки ҳаёлий гўзаллик кашф этиб гуллаши, қимматли ёғоч, асал, биомасса манбаи экани билан қадрланади. Павловния манзарали дарахт сифатида истироҳат боғлари, хиёбонларни безайди.
Павловниянинг республикамизда 10 га яқин турлари мавжуд.
Бугунги кунда кўпчилик учун янгилик бўлган павловниядан юртимизда декоратив дарахт сифатида кўчалар, дам олиш масканлари, хиёбонлар ландшафт дизайнида фойдаланилади. Aммо жаҳонда қимматбаҳо ёғоч олиш мақсадида экиладиган павловния дарахти нафақат декоратив кўриниши, балки қимматли хусусиятлари билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради.
Танаси чинор, бўйи теракка қиёсланадиган бу дарахт кони фойда. Павловния гуллаганда асаларилар оиласи учун яхшигина асал манбаи бўлиб, хушбўй ҳиди билан бир ой давомида дилларни хушнуд этади. Гулидан косметика саноатида кенг фойдаланилиб, ифоридан атир олинади. Aпрель-май ойларига тўғри келадиган гуллаш мавсумида битта асалари оиласи 10-15 килограмм асал йиғади. Павловния плантациясига асалари оилалари қўйилса борми, бир гектардан 5-6 йилда минг килограммгача юқори сифатли асал олиш мумкин. Дарахт ораларига зираворлар экилганда эса, уларнинг гуллари ҳам асалари оиласи учун яхшигина озуқа манбаи бўлади. Яна бир жиҳати, павловния гуллари бошқа дарахтларники сингари аллергия қўзғатмайди. Гуллаш мавсумида ўзидан пўпанак чиқариб, атрофни ҳам булғамайди.
Павловния барглари жуда катта бўлиб, одатда 70 сантиметргача боради. Япроқ ёзганида жазирамадан соя-салқин беради. Совуқ тушганида эса барча дарахтлар сингари баргини ерга ташлайди. Ишнинг кўзини биладиган чорвадор баргларни дарҳол йиғиб олиб, қуритадида, чорва молларга тўйимли озуқа сифатида беради. Дарахт барги ҳамда шох-шаббаларидан тўпланган чиқиндидан кўп миқдорда биоёқилғи ҳам олиш мумкин. Павловния ўсиб-улғайганда эса сип-силлиқ танасидан мустаҳкам ва сифатли ёғоч олинади.
Павловния – кўп нарса талаб қилмайдиган дарахт. У сувни яхши кўради. Шунинг учун уни сув бор бўлган ҳамма жойда ўстириш мумкин. Муҳитнинг кенг диапозонида ҳар хил тупроқда ўсаверади. Ушбу дарахтни етиштиришдаги чекловчи сабаблар – унинг тез ўсиши, ўлчамининг катталиги, ўта кучли илдизлари ҳисобланади. Шунинг учун уйнинг боғ ҳудудида, пойдевор ёки уйнинг ёнида, бир сўз билан айтганда, павловния 0,06 гектардан (6 сотих) катта бўлмаган хусусий уй-жойларни безашда унча яхши танлов эмас, деган бўлардим. Илдизи ўзи тўғри бўлса ҳам, горизонтал тарзда ўсиши мумкин. Бу ҳолат плиталар, пойдевор ва йўлакларни бузиб, катта зарар келтиришига олиб келади.
Павловнияни очиқ далаларда плантация кўринишида асосий экин ҳолида, дала плантацияларида, экинлар орасида масалан соя, буғдой, ғўза маккажўхори ва бошқа ўсимликлар экилган очиқ далалар атрофида, истироҳат боғлари, йўллар, трассалар, темир йўл четларида, кафе, дўконлар, янги қурилган иншоотлар атрофида 4-5 метр узоқликда бемалол ўстириш мумкин.
Павловния ёғочи терак ёғочидан анча қиммат. Павловния ёғочидан деярли ҳамма нарса – мебелдан тортиб мусиқий асбобларгача ясаш мумкин. Павловния ёғочи дунё бозорида қарағай ёғочидан икки марта қиммат – 1 метр куби 800 долларгача баҳоланади. Оддий ҳисоб-китобга кўра, 7 йилда соф даромад 120 минг долларни ташкил этишини кўрсатади. Бу дегани, павловнияни етиштириш терак етиштиришдан анча даромадлидир.
©Ботирали Муҳаммадалиев



















