Асалширали ўсимликлар ва уларни кўпайтириш усуллари

Аннотация: Ушбу мақолада  асалнинг таркиби, асаларичиликнинг тарихи ва асалширали ўсимликларнинг кўпайтириш усуллари ва методлари масалалари атрофлича ёритилган.

Асал – арабча – бол, мёд – mezi –ўсимликлардаги шира-нектарнинг асалари организмида қайта ишланиши йўли билан ҳосил бўладиган ширин озуқавий суюқлик. 100 грам асалд: 328 ккал каллорияга эга бўлиб, 20 фоиз сув, 38 фоиз фруктоза, 31 фоиз глюкоза, 9 фоиз бошқа қанд моддалари(мальтоза, мелицитоза ва бошқалар); витаминлар В2, В3, В5, В6, В9, Е, К, РР ва С; микроэлементлар: калий – 52 мг, кальций – 6 мг, натрий – 4 мг, фосфор – 4 мг, магний – 2 мг, темир – 0.4 мг ва рух – 0.2 мг ва бошқа аминокислоталар ҳамда бошқа моддалар мавжуд.

Асаларичилик – пчеловодство – қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири. Асал, мум ва бошқа асал махсулотларини олиш  ва ҳашоратлар билан чангланадиган экинларни чанглатиш учун асалари боқиш. Асаларичилик жуда қадимий бўлиб, инсоният пайдо бўлгандан бери ёввойи одамлар ўрмонларда ёввойи асалариларнинг махсулоти бўлган асалини еб соғлиқларини тиклашган. Олимларнинг ёзиб қолдирган маълумотларига асосан 8 минг йилдан бери бу ноёб озуқани инсонлар истемол қилиб келишмоқда.

Асаларичилик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланиб, у инсонлар учун ғоят фойдали таом бўлган асални ва саноат учун хом ашё ҳисобланган асалари сути, прополис, асалари маҳсулотлари таркибида 70 га яқин ферментлар, витаминлар, гармонлар ва бошқа кимёвий фаол моддалар аниқланган. Улар тиббиётда бир қанча касалликларни даволашда мухим манба ҳисобланади.

Апимондия – Apimondia – Бутун дунё асаларичилар ассосиацияси(МФПА) – асос солинган йили – 1893 йилда Бельгияда ташкил қилинган(636 та асалари боқувчилар қатнашган). Ҳозирда штаб квартираси Италия пойтахти Рим шахрида жойлашган, Вице президенти Петер Козмус(Словакия). МФПА нинг асосий вазифаларига асаларичилик билан шуғулланадиган олимларни, тадбиркорларни ва асалари боқувчиларни ишларини ташкил қилиш ва асал ва асалари билан даволовчи табибларни бирлаштириб инсониятни асал ва асал махсулотлари билан кўпроқ таъминлашдир. Ҳозирги вақтга келиб  220 дан ортиқ давлатлардан 1.5 милион асаларичилар ушбу ассосацияга аъзо бўлишган.

Апитерапия – Табобатнинг “асал” ва “асалари” билан даволаш тармоғи. Табиблар асал ва асалари билан  қадимдан фойдаланиб келишган, улар: – организмга умумий қувват беради, энергия ва куч бағишлайди; иммунитетни оширади; организмада моддалар алмашинувини бошқаради; қон таркибини яхшилайди; уйқусизликни олдини олади; организмни эрта қаришини олдини олади ва бошқа 150 дан ортиқ касалликларни даволаш билан бирга уларни келиб чиқмаслигини олдини олади.

Асалари, болари – пчёль – Apis mellifera L. – асаларисимонлар оиласига мансуб найзали ҳашорат. Асалари оиласи она,  эркак ва ишчи арилардан иборат. Она ари – оилада битта, бўйи 20-25 милиметр, вазни 220-250 милиграм бўлиб, тухум қўйиш ва оилани бошқариш вазифасини бажаради. Қаноти танасининг ярмини қоплайди, ҳартуми ишчи ариларникига қараганда қисқа, жинсий аъзолари ривожланган, уруғлангандан кейин бир суткада 1500-2000 та тухум қўяди. Она ари  эркак ари билан ҳавода қўшилишади. Эркак арилар бир нечта, бўйи 15-17 милиметр, вазни 180-190 миллиграм бўлиб, ёзда она арилар урчийдиган вақтида яшайди, қиш кириш олдидан уларни ишчи арилар ҳайдаб чиқаради, уларнинг вазифаси насл қолдириш бўлиб, она ари билан очиқ осмон остида ҳавода қўшилишиб, кейин ҳалок бўлади. Ишчи арилар – бўйи 12-14 милиметр, вазни 100 милиграм бўлиб, оилада 60-70 мингтача, қишда камайади, соатига 60 километр тезликда уча олади, оиладан 2-3 километр ва ундан ҳам узоқ масофага учиб бориб, шира олиб келиш ва гул чангини йиғиш, нектарни асалга айлантириш, мум ишлаш, қуртларни боқиш, катак қуриш, уяни қўриқлаш каби ишларни бажаради.

Асалширали ўсимликлар – асалари шира-нектар олувчи ўсимликлар – нектарли ўсимликлар – асалари нектар ва гулчанги йиғиб оладиган ёпиқ уруғли ўсимликлар, асалариларнинг асосий озиқ базаси бўлиб хизмат қилади. Нектарни гултожи ёки гулкоса барглар, тугунча девори ёки гул ўрнида жойлашган махсус нектар безлари ишлаб чиқаради. Айрим ўсимликларда бундай безлар барг банди ёки гулён баргларида, ҳатто пояда ҳам жойлашган. Нектар миқдори ўсимлик турларига боғлиқ. Асалширали ўсимликлар гуллаш даврига қараб, боҳорги, ёзги ва кузги турларга бўлинади. Улар дунёда 2 мингдан зиёд, МҲД мамлакатларида 1 мингтагача ва Ўзбекистонда 400 га яқин асалширали ўсимликлар учрайди. Ўзбекистон асаларичилар уюшмасининг сайтидан олинган маълумотида 21 турдаги ўсимликлардан асосан асал олиш ишлари амалга ошириларкан. Улар орасида кўп миқдорда нектар ажратиб амалий аҳамиятга эга бўлганлари бир неча ўн турдан иборатдир. Асалширали ўсимликлар ботаник ёки хўжалик белгиларига, гуллаш муддатига ва ўсадиган жойи ёки  бошқа белгиларига қараб тасниф қилинади. Ўзбекистон шароитида эрта баҳордан кеч кузгача асал йиғиш учун асаларилар баҳорда эфимер ўсимликлар ўсадиган даштларга, баҳорнинг оҳири ва ёз ойларида тоғ олди ва тоғ зоналари ҳамда  экинзорларга кўчирилиб турилади. Натижада етиштирилган асалнинг таннархи қимматлашиб, асаларичиларнинг даромадлари камайиб бормоқда. Кимёвий заҳарли моддалдан кўпроқ фойдаланиш оқибатида асалнинг шифобаҳшлик қудрати тобора пасайиб бормоқда, ҳамда асалариларга катта зарар етказилмоқда. Асаларичиликнинг ривожланиши,  унинг етарли даражада озуқа манбаи билан таъминланишига боғлиқ. Уларнинг озуқа манбайини эса асалширали ўсимликлар томонидан ажраладиган  нектар ва гул чанги ташкил қилади.

Асалширали ўсимликларни илмий жиҳатидан ўрганиш учун Шахрихон туманидаги “Найнаво оқшоми” илмий экспериментал уруғчилик кўп тармоқли фермер хўжалигида бир неча ўн йилдан бери, яъни 1994 йилдан бери илмий тажрибалар ўтказилиб келинмоқда. Илмий тажрибалар асосида бизнинг юртимида ноананавий бўлган асалширали ўсимликларнинг янги турларини тупроқ-иқлим шароитимизга мослашган юқори асал берадиган ўсимликларни етиштириш агротехналогияларини, ҳамда уларнинг кўчат ва уруғларини  кўпайтириш ишларини амалга ошириб келинмоқда. Асаларичиларга катта миқдорда асалширали ўсимликларни етиштиришга тавсиялар бериб келинмоқда. Сердаромад тармоқ ҳисобланган асаларичиликни ривожланиши учун бизда бениҳоя катта имкониятлар мавдуддир:

  • Биринчидан – ҳар ҳил муддатларда гуллайдиган биз учун янги асалширали ўсимликларни ўстириш орқали бир жойнинг ўзида сурункасига бир неча ой ёки мавсум давомида асал йиғиш мумкун;
  • Иккинчидан – Юртимизда йўл бўйларига, ариқ ва зовур қирғоқларига, дала четларига самарасиз манзарали ўсимликларнинг ўрнига юқори нектар берадиган бир ва кўп йиллик асалширали ўсимликларни экиб кўпайтириш орқали асаларичиикни ривожлантириш мумкун.

Қуйида 1 гектар майдондаги асалширали ўсимликлардан юқори нектарли, яъни кўп асал олинадиган  янги турдаги ўсимликларни бир нечтасини экиш ва кўпайтириш учун тавсия қиламиз.

Уларга: Акация, Бамия, Батат, Жўка, Лимонник, Орхидея, Эспарцет, Ширинмия, Қашқарбеда каби 15 дан ортиқ турдаги асалширали ўсимликларга алоҳида илмий мақолалар тайёрланган. Келгусида юқоридаги ҳар бир асалширали ўсимликлар ҳақида мақолаларни бирин-кетин ёритиб борамиз.

 Ҳурматли асалшира ўсимликларига қизиқувчилар!  Биз томонимиздан тайёрланган юқоридаги асалширали ўсимликларни қайси бирига қизиқсангиз ўша ўсимлик ҳақидаги мақоламизни “агоролам”  канали орқали сизларга ҳавола қилмоқчимиз.

Абдумалик Ўринбоев  – «Найнаво оқшоми» илмий экспериментал уруғчилик кўп тармоқли фермер хўжалигини илмий ходими, Ўзбекистон тиббий – илмий фаолият билан шуғилланувчилар  «ТАБОБОТ» Академиясининг аьзоси ва Ўрта Осиё халқлари тарихи институтини «ТУРОН»  фанлари Академиясининг  Фахрий Академиги.

Фойдаланилга адабиётлар.

  1. Ўзбек совет энциклопедияси. 1-жилд, 493-496-бетлар, Тошкент – 1969 йил.
  2. Алижон Жўраев. “Халқ табобати” – “Шарқ” нашриёт – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, Тошкент – 2008 йил.
  3. Профессор Иброҳимжон Асқаров. “Табобат қомуси” – Мумтоз сўз.  Тошкент – 2019 йил.
  4. Абдумалик Ўринбоев. “Батат картошкасини етиштириш техналогияси”, “Ҳаёт” наширёти, Андижон – 2000 йил.
  5. Абдумалик Ўринбоев, Нўьмонжон Дадабоев, Шермуҳаммад Аминов “Неьматлардан нажот излаб”, “Полиграф Супер Сервис” МЖЧ. Тошкент – 2017 йил.
  6. Алишер Вохобов ва Абдумалик Ўринбоев. “Ўзбекистонда кам экиладиган (ноёб) ўсимликларни классификацияси, етиштириш техналогияси ва бирламчи уруғчилигини ташкил қилиш” мавзусидаги монографияси, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехналогиялар институти Илмий Кенгашининг 2021 йил 3 – майдаги № 7 – сонли йиғилиш қарори асосида чоп этишга тавсия берилган.
  7. А. И. Исамуҳаммедов. “Асаларичилик”. Тошкент “Ўқитувчи” – 1995 йил.
  8. М. Р. Ҳолиқулов. “Асалли ўсимликларнинг ўрганилиши тарихи”. Oriens. Uz – 2022 йил, октябрь.