ДИҚҚАТ! Пиллачиликдаги мухим янгилик

Бугунги кунда ғалла, беда, сабзавот, боғ ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши кимёвий ишловлар ўтказилиши жараёнларида сепилган заҳарли химикатлар дала атрофидаги тут дарахтлари баргларига ҳам тушганлиги оқибатида, шу тут баргларидан парваришланаётган тут ипак қуртларини заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда.

Тут ипак қуртларининг тут баргидан заҳарланиш белгилари:

Тут ипак қуртлари кичик (1-,2- ва 3-) ёшларида тут баргидан заҳарланган пайтда еган тут баргини қусмайди, фақат калла чайқайди ва тез ҳаракатланиб, сўкчак атрофига чиқишга ҳаракат қилади. Катта (4- ва5-) ёшларда эса тут баргидан заҳарланганда еган тут баргини албатта қусади, доимий равишда калла чайқаб туради ҳамда сўкчак четларига қочади. Тут ипак қуртларини ушбу ҳаракатларига қараб, уларнинг тут баргидан заҳарланганлигини билиш мумкин.

Бундай ҳолларда тут ипак қуртлари заҳарланган пайтдан бошлаб 3-5 соат ичида қуйидаги тадбирни амалга оширишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Тут ипак қуртларининг заҳарланиш ҳолатлари сезилган вақтдан бошлаб, заҳарланган тут баргларни қайта емаслиги учун ғўзапоя кули дока (марли)га солиниб, у (тут ипак қурт)ларнинг устига бир текис қилиб сепиб чиқилади ва шунда тут ипак қуртлари тут баргини емасдан сепилган кулнинг устига чиқиб олади.

Ўзимизда етиштирилган маҳаллий мошнинг 1 (бир) кг 8-10 литр тоза ичимлик сувига солиниб, сув 1,5-2 соат ранги ўзгаргунча (яшил тусга киргунча) қайнатилади, кейин у совутилиб, докадан ўтказилади ва плёнка устига тут барглари ёйиб қўйилиб, тайёрланган мош суви сепиб чиқилади (мош суви ҳамма тут баргига бир текисда сепилиши шарт) ва мош суви сепилган тут барглари плёнка остида 15-20 дақиқа яъни тут барги мош сувини ўзига шимиб олиши учун ушлаб турилади ҳамда ушбу тут барглари тут ипак қуртларга бир текис қилиб солиб чиқилади. Тут ипак қуртлари тут баргини егандан сўнг 2 ва 3 маротоба тоза сўлимаган тут барги билан боқиб борилади.

Заҳарланишнинг иккинчи кунидан бошлаб, тут ипак қуртларини батамом заҳарланишдан ҳоли бўлиши учун 8-10 литр тоза ичимлик сувига 250 гр тоза спирт солиб яхшилаб аралаштирилади, плёнка устига тут баргларини ёйиб, тайёрланган спиртли сув бир текис қилиб сепиб чиқилади ва 15-20 дақиқа плёнка остида сақланади ва кейин тут ипак қуртларига берилади.

Ушбу тадбирларни ўтказиш даврида тут ипак қуртларининг кичик ёшларида хонадаги ҳарорат 26-27 даражада, катта ёшларида эса хонадаги ҳарорат 24-25 даражада, намлик эса 70-75 фоиз бўлиши ва хонани ҳар 1,5-2 соатда 15-20 дақиқа шамоллатиб туриш талаб этилади. Ушбу тадбирлар ўз вақтида ва аниқ бажарилса заҳарланган тут ипак қуртларнинг 90-95 фоизини сақлаб қолиш имконияти яратилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳар бир ҳудудга бириктирилган вакиллар, агрономлар ва пиллачилик биригадирлари ҳар куни тут ипак қурти боқувчиларнинг хонадонига кириб, ҳолатни ўрганиб, тут ипак қурти боқиш агротехникасига қатъий риоя этилишини назоратга олишлари ва заҳарланган тут ипак қуртларини ўша куннинг ўзида даволаш ва заҳарланишини олдини олиш бўйича мутасадди раҳбарлар билан аниқ чора-тадбирларни амалга оширишлари зарур. Бу тадбирлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиллачилик ва тармоқ озуқа базасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Қ.Явқоштиев

Манба: Пиллачиликва тармоқ озуқа базасини ривожлантириш бошқармаси