35 C
Uzbekistan
Вторник, Июль 23, 2019
Домой Агро янгиликлар Пиллачиликдаги ислоҳотлар самараси

Пиллачиликдаги ислоҳотлар самараси

Жиззах вилояти

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори республикамизда пилла етиштиришни кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қарорда пиллачилик соҳаси корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, модернизация қилиш, озуқа базасини мус­таҳкамлаш, пилла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача мазкур йўналишдаги корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўловдан озод қилиниши кўзда тутилган. Шунингдек, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган.
Ушбу имтиёзлар бир томондан пиллачилик соҳаси, ипак қурти уруғи ва пилла етиштирувчилар, иккинчи томондан пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати учун катта имконият ва қулайликлар яратиб беради. Натижада пилла етиштириш билан банд аҳолининг моддий манфаатдорлиги ортади.
Вилоятимизда айни пайтда ипак қурти уруғини сифатли жонлантириш мақсадида 189 та инкубатория тайёр ҳолга келтирилди. Уларга ипак қурти уруғларини жонлантирувчи мутахассислар тайинланди. Мавсумда тут барги танқислигининг олдини олиш мақсадида мавжуд тутзорларда баҳорги юмушлар жадал давом эттирилмоқда. Жиззах “Агропилла” МЧЖ ихтиёрига 604 гектарлик тут плантациялари ажратилди. Шу билан бирга, эрта баҳордан бошлаб 93 гектар майдонда янгитдан тут плантациялари яратилди.
Соҳада истиқболли лойиҳалар ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда. Кумуш тола ижодкорлари 2016 йилда ипакчилик корхоналарига 75 тонна қуруқ пилла етказиб берган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 120 тоннани ташкил этди. Шу йилдан бош­лаб етиштирилган пилланинг асосий қисмини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш режалаштирилмоқда. Бу борада қатор ишлар амалга ошириляпти. Жорий йилда Зомин туманида “Zomin Asl ipak Tolasi” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Жиззах шаҳрида ипак толасини қайта ишлашга ихтисослашган “Silk expert processing” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш устида иш олиб бориляпти. Ушбу корхоналар фаолият бошласа, ўйлаймизки, вилоятимиз иқтисодига ўзининг салмоқли улушини қўшади.
Жиззах шаҳрида “Silk expert processing” қўшма корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш учун Сайилжойи маҳалласидаги 1,12 гектар майдонга эга бўш турган қозонхона биноси “ноль” қийматда ишлаб чиқарувчиларга ажратилди. Ўз навбатида, ишбилармонлар 11,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 120 та иш ўрни яратишни зиммаларига олишди.
Корхона жамоаси тут барги етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнларни ўз ичига олган йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштиришган. Чунончи, 2017-2021 йиллар давомида босқичма-босқич йилига 998 минг тонна барг бериш қувватига эга тут плантация­лари юзага келтирилади.
Экиш учун Япониядан олиб келинган тут навлари танланади. Ушбу навлар озиқавийлик даражасининг юқорилиги, тўйимлилиги, асосийси, йилига икки марта – апрель-май ва август-сентябрь ойларида  баргга кириши билан аҳамиятлидир. Мазкур жиҳат пилла қуртини йилига икки мавсумда боқиш имконини беради.
Хитойдан келтирилиши кўзда тутилаётган ипак қурти эса ҳосилдорлиги ҳамда кам озиқа ейиши билан ишбилармонлар эътиборини тортди. Корхона жамоаси лойиҳанинг сўнгги босқичида ипак қурти уруғини шу ерда етиштиришни мўлжаллашаётир. Ипак қуртини боқиш учун дастлабки йили 2 минг нафар мавсумий ишчи жалб этилади. Иш ҳажмига кўра, пилла боқувчилар сони оширилиб, 2021 йилда 8 минг нафарга етказилади. Пиллахоналар тут плантациялари марказида бунёд этилади. Келгуси беш йилда 200 та пиллахона барпо қилиниши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳанинг илк босқичи учун 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги инвестиция йўналтирилади. Хитойдан пиллани қайта ишлаш линиясини келтирилмоқда. Мазкур линия хом пиллани қуритиш, пилладан толани ажратиш, ип йигириш ва калавалаш, газлама тўқиш дастгоҳ ва ускуналарига эга.
Корхонада дастлабки йили 374 тонна хом пиллани қайта ишлаш имкони яратилади, кейинги йили бу кўрсаткич 749 тоннага, учинчи йили 1123 тоннага етказилади. Тўртинчи йилга келиб, 1500 тонна хом пиллага ишлов беришга эришамиз. Экспорт ҳажми шунга мос тарзда ошиб боради. Биринчи йили 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги хом ипак чет элга сотилади. Иккинчи йили ип йигириш йўлга қўйилади. Бунинг натижасида 4 миллион 300 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилинади. Учинчи йили газлама тайёрланади. Хом ипак, ип ва газлама сотиш эвазига экспортдан 17 миллион 600 минг АҚШ доллари фойда кўриш белгиланган. Тўртинчи йили ипакдан кийим-кечак ва гиламлар тайёрлаш кўзда тутиляпти, яъни хомашёмизнинг 40 фоизини қайта ишлаймиз. Бу эса хорижга маҳсулот сотиш миқдорини 22 миллион 800 минг АҚШ долларига етказиш имконини беради.
Корхона томонидан ишлаб чиқариш жараёнида барча имкониятлардан тўла фойдаланиш чоралари кўрилади. Жумладан, тутлар орасида ерёнғоқ ва шунга ўхшаш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мўлжалланяпти. Бу маҳсулотлардан паста олиниб, қадоқланади ва экспорт қилинади. Тут шохи қипиқларидан сув ва электр токи ўтказмайдиган, биноларнинг ташқи қисмига қопланадиган ОSР панеллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, айни шу хомашёдан МDF эшик ва дераза ромлари учун панеллар тайёрлаш кўзда тутилаётир. Табиийки, ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида технология олиб келинади.
Пиллани қайта ишлаш давомида олинадиган момиқдан парфюмерия маҳсулотлари тайёрланади. Табиийлиги ва инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиши сабаб бу турдаги маҳсулотларга бутун дунёда талаб юқори. Мазкур маҳсулот таркибида 18 хил аминокислота бор. Бу эса келгусида дори-дармон ишлаб чиқариш имконини ҳам беради.
Қисқача айтганда, пиллачилик соҳаси юртимиз иқтисодиётини юксалтириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида ўзига хос аҳамиятга эга. Президентимиз раҳбарлигида қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилганлиги, пиллачиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор эса бизни улуғ мақсадлар сари янада руҳлантирмоқда.

Абдунаби АБДУРАҲМОНОВ,
Жиззах “Агропилла” МЧЖ раҳбари.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!