Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби ипакчиликда ҳам иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, жаҳон бозорида харидоргир, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кўпайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар бор. Жумладан, озуқа базасининг етишмаслиги пиллачиликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ислоҳотларни янада жадаллаштириш билан бирга хорижий инвестицияларни кенг жалб этишни янги босқичга олиб чиқди.
Унда 2019-2021 йиллар давомида мамлакатимизда соҳа билан боғлиқ умумий қиймати 26 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Натижада пилла хомашёсини қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар тайёрловчи бир нечта корхона барпо этилади. Қувончлиси, уларда мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Сир эмас, кейинги йилларда вилоятимизда бу соҳага эътибор сезиларли даражада сусайди. Мазкур ҳужжатда тутзор майдонларни тиклаш ва янада кенгайтириш, фермер хўжаликлари далалари атрофига тут кўчатлари экилиши амалиётини қайта йўлга қўйиш, тут уруғлари ва кўчатлари етиштирувчи хўжаликлар ташкил этиш назарда тутилган.
Жорий йилда вилоятимизда ҳам 550 минг дона тут кўчати ўтқазилиб, майдонлар бўш ётган ерлар эвазига кенгайтирилади. Бундан ташқари, 53 гектар майдонда янги тутзор барпо этишни режалаштирганмиз.
Бу йил пиллакорларимиз 14 700 қути уруғ парваришлаб, 800 тонна хомашё етиштиришга аҳд қилишган. Соҳанинг мураккаблигини инобатга олган ҳолда улар мавсумга ҳар доимгидан-да пухта тайёргарлик кўришаётир.
Ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер усулига босқичма-босқич ўтилиши пиллани қайта ишловчи корхоналар таркибида озуқа базаси яратилишини, кумуш тола етиштиришнинг инновацион технологиялари кенг жорий этилишини, шу билан бирга озуқа базасини кенгайтириш, хомашё етиштириш ҳажмини кўпайтириш негизида корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш таъминланади.
Қарорга мувофиқ, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳузурида ташкил этиладиган пилла ва ипакчилик маҳсулотлари инновацион тадқиқотлари, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш маркази пиллачиликни ривожлантириш ва самарадорлигини оширишнинг ғоят муҳим муаммолари бўйича олиб бориладиган тадқиқотларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиши, тут дарахтлари унумдорлигини ошириш, пилла куртининг маҳсулдор зотларини яратиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиши, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаши фаолиятимиз самарасини янада юксалтиради.
Сир эмас, ҳар бир соҳанинг ривожи, аввало кадрларга боғлиқ. Мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш, малакасини ошириш мақсадида, қарорда ихтисослашган олий таълим муассасалари ҳузурида ипакчилик учун кадрлар тайёрлаш бўйича махсус сиртқи бўлимлар очилиши белгилаб қўйилди. Бу келгусида малакали мутахассислар тайёрлашга замин яратади.
Қарорга асосан ипакчиликка тааллуқли бўлган ва фермер хўжаликларида бажариладиган мавсумий ишлар пенсия тайинлаш учун бир йиллик стажга қўшилиши пиллакорларимиз манфаатини давлатимиз томонидан ҳимоя қилишда катта қадам бўлганини фахр билан эътироф этиш жоиз.
У. НАРЗИЕВ,
“Навоий ҳудудий Агро-Пилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари. “Дўстлик байроғи” газетаси